Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Мен фақат Роббимга суянаман.
Қоқилсам, фақат У мени турғазиб қўяди.
Касал бўлсам, фақат У менга шифо беради.
Камбағал бўлиб қолсам, фақат У мени бой қилади.
Гуноҳ қилсам, фақат У мени мағфират этади.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Қалбингни ҳасад билан ёқма, гина билан ўлдирма, адоват билан касал қилма. Салим қалб эгаси, хотири жам инсон бўлиб яша. Халқларни эса Холиққа қўйиб бер.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Ҳеч бир иш қилмайдиганларга насиба ўзи келиб ёрдам беролмайди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Модомики тўғри юрган эканман, соямнинг одамлар тарафга эгилишига эътибор бермайман.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Тўғри иш қил! Бошқаларнинг сен ҳақингда нима дейишларига эътибор берма!
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ўлик уммат ўз қаҳрамонларини, улар вафот этганидан кейин эслайди. Буюк уммат ўз қаҳрамонларини, улар тирикликларида ҳурмат қилади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Қийин вазиятларда одамларнинг қандайлиги фош бўлади. Шунинг учун бир инсонга, унинг гапига қараб ҳукм қилма. Инсонлар гапираётган пайтда кўпинча намунали бўладилар.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Бобом менга шундай дедилар: “Болам, бу сайёрда яшаш қийин бўлиб қолди. Одамлар бир-бирини ўйин қилишяпти. Пок инсон қийналяпти. Мунофиқ кимса қалбларни ўзига қаратяпти. Одамлар ёлғончига яқинлашиб, ҳақни айтадиганлардан қочишяпти”.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Жим турганимиз доим ҳам рози эканимизни англатмайди.
Сабримиз доим ҳам заифлигимизни англатмайди.
Табассумимиз доим ҳам қабул қилганимизни англатмайди.
Бир нарсани қидирганимиз доим ҳам ўша нарсага муҳтожлигимизни англатмайди.
Бирор масала муҳокамаси пайтида йўқлигимиз доим ҳам ўша масалага эътибор бермаётганимизни англатмайди.
Эҳтиёт бўлишимиз доим ҳам қўрқишимизни англатмайди.
Савол беришимиз доим ҳам билмаслигимизни англатмайди.
Хато қилишимиз доим ҳам аҳмоқлигимизни англатмайди.
Кечиришимиз доим ҳам ожизлигимизни англатмайди.
Буларнинг барчаси биз ўтадиган кўприк бўлиб, ўша кўприк орқали чўққига етиб борамиз.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Одамларга кўп ҳам ишонаверма. Одамларни кўп ҳам яхши кўраверма. Дунё ишлари ҳақида кўп ҳам ўйлайверма. Чунки буларнинг кўпи сенинг кўп алам чекишингга сабаб бўлиши мумкин.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Оғриқларни жим туриб қабул қиладиган ва бошқаларнинг хатоларини яхши ният билан кечирадиган кишилар мени ҳайрон қолдиради.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Баъзилар илоннинг заҳри билан беллаша оладиган гапларни мулойимлик, юмшоқлик оҳангида гапиради. Ўша гапни гапираётганда юзида табассум ҳам бўлиши мумкин.
“Ҳикмат дурдоналари”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Падари бузрукворим қоддасаллоҳу сирроҳ айтар эдилар: "Уйда баъзи нарсалар умумий бўлади, улардан ҳамма фойдаланади. Фақат уларни ишлатиб бўлгач, тайин қилинган жойга қўйиш керак. Мисол учун чойнак, пиёла, совун...".
Ҳаммасининг тайин жойи бор. Шу ўринда муҳим гап бор — бу нарсаларни ишлатиб бўлгач, жойига қўймаслик гуноҳдир! Аммо биз бу гуноҳдан бехабармиз. Чунки ҳар куни такрорланавериб, одатий ҳолга айланиб қолган. Кимдир ўша керакли нарсани ишлатмоқчи бўлиб, топа олмаса, табиий, машаққат ва озор чекади. Бирор мусулмонга азият бериш эса, гуноҳи кабирадир. Ҳеч биримизнинг хаёлимизга бу ишнинг ҳам гуноҳ экани келмаган бўлса керак. Биз нарсаларни жойига қўйишни динга алоқасиз, балки дунёга тегишли, уйни тартиблашга оид иш деб ўйлаб келганмиз.
Ёдда тутинг! Дин кўрсатмаси бўлмаган ҳаётнинг бирор гўшаси йўқ. Барчамиз холис қарайлик, шу нарсага эътибор берамизми, ўзгаларга азият етмаслиги учун умумий нарсаларни ишлатгандан кейин уларни тайин қилинган жойига қўямизми? Аслида, бу нарсалар арзимагандек туюлади, лекин унга беэътиборлик сабабли гуноҳларга мубталомиз. Сабаби, биз динни тўла тушунмаймиз, унинг учун қайғурмаймиз, кўпчилигимизда Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриш ҳисси йўқ. Иккинчи тарафдан, жоҳиллик ва бехабарлик ҳам анча урчиган.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан