Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Март, 2025   |   3 Рамазон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:37
Қуёш
06:55
Пешин
12:40
Аср
16:31
Шом
18:19
Хуфтон
19:32
Bismillah
03 Март, 2025, 3 Рамазон, 1446

Буюк Британиядаги кутубхонадан Навоийнинг тўртта қўлёзмаси топилди

10.12.2018   3408   2 min.
Буюк Британиядаги кутубхонадан Навоийнинг тўртта қўлёзмаси топилди

Жорий йилнинг 10-11 декабрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтиши кутилаётган “Ўзбекистоннинг маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасининг 2018 йил якунлари ва 2019 йил учун “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга бағишланган халқаро мультимедиа форумида мамлакатимиз ва хорижлик 300 дан ортиқ олимлар, мутахассислар, экспертлар иштирок этиши кутилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ташаббуси билан бир қатор ҳамкор ташкилотлар кўмагида ташкил этилаётган ушбу нуфузли тадбирда хорижий мамлакатларнинг кутубхоналари, музейлари, илмий муассасалари, шахсий коллекцияларидан топилган янги осори атиқалар ҳақида батафсил маълумот берилади.

Шундай нодир топилмалардан бири мутафаккир Мир Алишер Навоийнинг Буюк Британиядан топилган, унинг тириклик пайтида кўчирилган ноёб қўлёзмасидир.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси, “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов бу ҳақда шундай деди:

– Мазкур қўлёзмалар “Хамса” бешлиги таркибига кирган, алоҳида муқоваланган достонлар бўлиб, XV аср охири XVI аср бошларидан Ҳиротда, темурий шаҳзода, Ҳусайн Бойқаронинг катта ўғли Бадиуззамон Мирзо топшириғига кўра Алишер Навоийга туҳфа қилиш учун кўчирилган, – деди Ф.Абдухолиқов. – Бу қўлёзмалар Буюк Британиянинг Оксфорд шаҳридаги Бодлеан кутубхонасида сақланмоқда. Биз бу ерда фақат тўртта достонни топа олдик. Демак, улардан яна бири қаердадир бўлиши керак. Китоблар жуда чиройли безатилган, алоҳида дид ва маҳорат билан кўчирилган. Қўлёзмалар Навоий асарларининг асосий котиби Султон Али Машҳадий томонидан кўчирилган, миниатюраларни Камолиддин Беҳзод ишлаган бўлиши ҳақиқатга яқин. Ҳали бу асарлар тегишли мутахассислар томонидан жиддий ўрганилиши, тадқиқ этилиши лозим. Чунки биз бу топилмалар ҳақида таниқли навоийшунос олимларимизга айтганимизда, улар ҳайратда қолишди. Буни қарангки, шу пайтгача бу қўлёзмалар адабиётшуносларимиз учун сир бўлиб келган. Биз келгусида, албатта, буюк боболаримизга тегишли бу жавоҳирларнинг аслиятдан қолишмайдиган факсимиле нусхаларини тайёрлаб, Ватанимизга туҳфа этамиз. Форумнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, унда иштирокчилар хорижий мамлакатларда сақланаётган “Катта Лангар Қуръони”, “Девони Ҳусайний”, “Меърожнома”, “Зафарнома”, “Темур тузуклари”, “Равзатус-сафо” китоблари билан танишишга муваффақ бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Аллоҳ таолони севинг!

26.02.2025   4479   2 min.
Аллоҳ таолони севинг!

Аллоҳни севинг! Зеро, биз Аллоҳга муҳаббат қилишга буюрилганмиз. Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло сизларни Ўз неъматлари ила еб-ичириб тургани учун ҳам У Зотга муҳаббат қилинг­лар”, деганлар. Бу борада Аллоҳ таолодан кўра муҳаббатга ҳақлироқ яна ким бор?! Ахир У Зот бутун борлиқнинг Яратувчиси, уни йўқдан бор қилгувчи Зот-ку! Эй инсон, У Зот сени яратиб, сурат ато этиб, гўзал ҳусн берди. Сендаги каттаю кичик неъматларнинг барини ато қилган Зот – Аллоҳ таолодир.

Мустафо Сибоий бундай деган эди:

“Ким Аллоҳни севса, бошқасини севишдан лаззат тотмайди.

Ким қалбини нур билан ёритса, унинг қалбида зулматга жой қолмагай.

Кимнинг руҳи тақво ила юксакка кўтарилса, юксакликдан бошқасига рози бўлмагай.

Ким олиймақом ишларни яхши кўрса, фақат жаннатдангина қароргоҳ топгай.

Ким буюкларга муҳаббатли бўлса, уни фақатгина Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлиш қаноатлантиради.

Ким ҳаётнинг сир-асрорларини англаса, Аллоҳдан бош­қага бўлган муҳаббатни муносиб, арзирли муҳаббат деб ҳисобламайди”.

Аллоҳ таолодан бошқага бўлган муҳаббатингизни Аллоҳга бўлган муҳаббатингиздан устун қўйманг! Аллоҳ таоло бошқанинг муҳаббатини Унинг муҳаббатидан устун қўйганларга қарата бундай дейди: «Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-укаларингиз, жуфтларингиз, қариндош-уруғларингиз ва касб қилиб топган мол-дунёларингиз, касод бўлишдан қўрққан тижоратларингиз ҳамда яхши кўрган масканларингиз сизларга Аллоҳдан, Унинг Расули ва Унинг йўлида жидду жаҳд қилишдан суюклироқ бўлса, у ҳолда то Аллоҳ Ўз амрини (яъни, азобини) келтиргунча кутиб туринг. Аллоҳ фосиқ қавмни ҳидоят қилмас”»[1].


Ҳассон Шамсий Пошонинг “Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Тавба сураси, 24-оят.