Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Сентябр, 2025   |   3 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:55
Қуёш
06:13
Пешин
12:20
Аср
16:28
Шом
18:19
Хуфтон
19:31
Bismillah
25 Сентябр, 2025, 3 Рабиъус сони, 1447

Олий диний таълим муассасаси рўйхатдан ўтди

07.12.2018   5224   1 min.
Олий диний таълим муассасаси рўйхатдан ўтди

Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида, шу йил 1 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида Ҳадис илми мактаби олий диний таълим муассасаси шаклида ташкил этилди ва 5 декабрь куни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиб, 23-сонли гувоҳномага эга бўлди.
Ушбу олий диний таълим муассасасини Бош қомусимизнинг 26 йиллиги арафасида давлат рўйхатидан ўтказилишида ҳам ўзи хос рамзий маъно бор. Ҳадис илми мактабининг ташкил этилиши Конституциямизда ва “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда белгиланган диний таълим олишга бўлган фуқароларимиз ҳуқуқларини амалга оширишлари учун яна бир катта имконият бўлди.
Гувоҳномани топшириш жараёнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари Ҳадис илми мактаби улуғ алломаларимиз, муҳаддис аждодларимиз ишларини давом эттириш имкониятини тақдим этиши, бу даргоҳда таълим олган ёшларимиз келажакда малакали мутахассислар сифатида аждодларимизнинг давомчиси бўлишга ва динимизнинг эзгу таълимотларини одамлар онгу шуурига сингдиришга хизмат қилишларини алоҳида қайд этдилар.
Ҳадис илми мактаби фаолиятига улкан муваффақиятлар тилаб, эзгу дуолар қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Фарзандим бемор

25.09.2025   293   2 min.
Фарзандим бемор

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайх имом Абулқосим Қушайрий раҳимаҳуллоҳдан нақл қилинади. У зотнинг фарзанди қаттиқ касал бўлгани ҳақида шундай ҳикоя қилади: “Ҳатто умидсизланиб қолдим, бу иш (ўғлимга етган хасталик) менга жуда азоб берди. Шунда тушимда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зотга ўғлимнинг хасталигидан шикоят қилдим. Шунда у зот: “Қуръонда шифо оятлари бор-ку, эътибор қилмадингми?” дедилар. Уйғониб кетдим, улар ҳақида тафаккур қилдим. Ушбу мазмундаги оятлар Аллоҳнинг Китобида олтита ўринда келар экан:

1. "(Аллоҳ) мўминлар жамоасининг кўнгилларига шифо (ҳузур-ҳаловат) бергай" (Тавба сураси, 14-оят).

2. "Эй инсонлар! Роббингиздан сизларга бир насиҳат, диллардаги нарсаларга (ёмон туйғулар, шаҳват, ботил ақийда, дард ва қийноқларга) шифо ҳамда мўминларга (тўғри йўлни кўрсатувчи) ҳидоят ва раҳмат (бўлган Қуръон) келди" (Юнус сураси, 57-оят).  

3. "Уларнинг (асалариларнинг) қоринларидан ранго-ранг бир ичимлик (асал шарбати) чиқадики, у инсонлар учун шифо (манбайи)дир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун ибрат (ва Аллоҳнинг қудратига ишора) бордир" (Наҳл сураси, 69-оят).

4. "Биз Қуръондан мўминлар учун (руҳий ва баданий касалликларига) шифо ва раҳмат бўладиган нарсаларни нозил қилурмиз" (Исро сураси, 82-оят).

5. “Бемор бўлган вақтимда менга шифо бергувчи У (Аллоҳ)дир” (Шуъаро сураси, 80-оят).

6. "У иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир" (Фуссилат сураси, 44-оят).

У киши сўзларида давом этиб айтадилар: “Оятларни бир қоғозга ёзиб чиқдим ва уни сувда эритиб, аралаштирдим. Сўнгра уни ўғлимга ичирдим. Шундан сўнг у  боғичи ечилгандек бўлиб, фаол ва соғлом бўлиб кетди”.

 

Шайх Набиҳаний раҳимаҳуллоҳнинг “Саъадату дарайн” китобидан.