Куни кеча, 1 декабрь куни Нукус шаҳридаги “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юртида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлиди шарифлари муносабати билан билим юрти талабалари орасида «Ҳадис» ва «Сийрат» бўйича мусобақа ўтказилди.
Мусобақа Қуръони карим тиловати билан бошланди. Тадбирни билим юрти мудири Шамсиддин Бауатдинов кириш сўзи билан очди ва Пайғамбар алайҳиссаломни яхши кўриш динимиздаги вожиб амал экани, бу борада мўътабар манбаларда етарлича маълумотлар келтирилгани, Ул зотнинг суннатлари ва ҳадисларини ўрганиш муҳим эканини сўзларди. Шунингдек, бу борада давлатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар ҳақида гапириб ўтди. Келажакда билим юртимиздан Имом Бухорий, Имом Термизийдек улуғ уламолар етишиб чиқишига умид билдирди ва талабаларни бу борада астойдил таълим олиб ўз устиларида ишлаш кераклигини уқтирди.
Мусобақада билим юрти 2, 3, 4-босқич талабаларидан ҳар биридан 4 нафар талаба саралаб олинди ва ўз билимларини синовдан ўтказди.
Талабаларнинг билимларини баҳолаш учун билим юрти ўқитувчилари томонидан ҳакамлар ҳайъати тузилиб, баҳолаб борилди.
«Ҳадис» бўйича ўтказилган мусобақанинг шартлари қўйдагича:
1. Олтита сaҳиҳ тўплaм эгaлaри ҳaёти вa ижoди ҳaқидa.
2. Ҳaдис эърoблaрини тўғри қўйиш вa маънoсини aйтиш.
3. “Ал-Aдaб ал-муфрaд” китoбидaн 200 тa ҳaдисни ёддaн aйтиш.
«Сийрат» бўйича ўтказилган мусобақанинг шартлари эса қўйидагича:
1. Имoм Бaрзaнжийнинг Нaбий алайҳиссаломгa ёзгaн мaвлид китoбидaн 5 мaбҳaсдaн бирини aйтиш;
2. “Расулуллoҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам вa aҳли бaйт” ҳaмдa “сиз Пaйғaмбaр алайҳиссаломни кўргaнмисиз” китoбидaн тeзкoр сaвoл жaвoб қилиш.
3. Ижoдий иш.
Мусобақа якунида «Ҳадис» йўналиши бўйича:
1-ўринни 4-курс талабалари, 2-ўринни 3-курс талабалари ва 3-ўринни эса 2-курс талабалари қўлга киритди.
«Сийрат» йўналиши бўйича:
1-ўринни 4-курс талабалари, 2-ўринни 3-курс талабалари ва 3-ўринни эса 2-курс талабалари қўлга киритди.
Мусобақа давомида талабаларга тезкор саволлар тақдим қилинди. Бундан ташқари талабалар томонидан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайиссаломга мактуб, саловат ва нашидалар айтилиб, тадбирнинг юқори савияда ўтказилишига имконият яратилди.
Ғолиблар билим юрти томонидан тайёрланган фахрий ёрлиқлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Адилбай Ережепов,
Билим юрти маънавият ва маърифат
ишлари бўйича мудир ўринбосари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Совчилик ота-оналар ёки ишбошилар томонидан амалга оширилиши ва уларга жавоб бериш ҳам шу тариқа бўлиши мусулмон халқларнинг оммавий одатларидан бўлиб қолган, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Ҳаттоки, мусулмон бўлмаган қавмлар ёки динимиз ҳақида тузукроқ маълумотга эга бўлмаган, «мусулмонман», деб юрган баъзи кимсалар: «Мусулмончиликда умр йўлдошини танлашда ёшларнинг ўзларининг хоҳиши эътиборга олинмаса ҳам, бўлаверади», деган тушунчада бўлишлари ҳам мумкин. Аммо шариатда ундай эмас. Исломда ҳар бир шахс ўз эрки, ҳуррияти ва истак-хоҳиши билан оила қуриши кераклиги алоҳида таъкидланади.
Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қанча ҳадиси шарифлари келган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَا تُنْكَحُ الْأَيِّمُ حَتَّى تُسْتَأْمَرَ وَلَا تُنْكَحُ الْبِكْرُ حَتَّى تُسْتَأْذَنَ، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، وَكَيْفَ إِذْنُهَا؟ قَالَ: أَنْ تَسْكُتَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَفِي رِوَايَةٍ: الثَّيِّبُ أَحَقُّ بِنَفْسِهَا مِنْ وَلِيِّهَا، وَالْبِكْرُ تُسْتَأْمَرُ وَإِذْنُهَا سُكُوتُهَا.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Маслаҳат сўралмагунча, жувон никоҳланмас. Изн олинмагунча, бокира никоҳланмас», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, унинг изни қандай бўлади?» дейишди.
«Сукут сақламоғи», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Бошқа бир ривоятда:
«Жувон ўз нафсига валийсидан ҳақлироқдир. Бокирадан эса изн сўралади. Унинг изни – сукутидир», дейилган.
Бу ҳадиси шарифда никоҳ масаласида қиз ва аёлларнинг розилиги шарт экани, совчи келганида, эркаклар, яъни оталар, акалар ва бошқалар ўзларича жавоб бериб юбормасдан, улар билан маслаҳат қилиб, розиликларини олишлари кераклиги баён қилинмоқда.
Замон бузилиб, ишлар тескарисига айланмай туриб, нафақат мусулмонларда, балки дунёнинг барча халқларида ҳам бир қизга совчилик қилиш оила бошлиғи бўлмиш отага гап очиш, ундан розилик сўраш билан бўлган. Оддий инсоний одоб-ахлоқ, халқларнинг урф-одатлари шуни тақозо қилган ва қилади ҳам.
Ислом оталарга ёки уларнинг ўрнига қолган валийларга қизнинг ўзидан розилик сўрашни тавсия қилади. Чунки ҳолатнинг ўзи шуни тақозо қилади. Бир одамни ўзининг изнисиз, хабарисиз, розилигисиз эрга бериб юбориш тўғри эмас.
Агар эрга тегиши ҳақида сўз кетаётган кимса эрдан ажраган жувон бўлса, у ўз розилигини очиқ-ойдин айтиши шарт. Чунки у оила кўрган, эркак киши билан муносабатда бўлган, никоҳ масалаларида тажрибага эга, бундай гапларни гаплашиб юрган. Энди очиқ маслаҳатлашишдан уялмайди.
Маслаҳат қиз боланинг турмушга чиқиши ҳақида бўлаётган бўлса, бир оз бошқача йўл тутилади. Агар у очиқ жавоб берса, ўзининг иши. Унинг ўша жавобига қараб иш қилинади. Аммо индамаса, сукути розилик аломати бўлади.
Муслима қизлар одоб-ахлоқ, ҳаё, эҳтиром доирасида тарбия топганликлари туфайли уялиб, отаси ёки бошқа яқинлари билан ўз никоҳи тўғрисида гапла-шишга уялиб, индамайдилар. Шунинг учун қиз боланинг уялиб, индамагани унинг бу никоҳга розилиги ҳисобланади.
Лекин индамаслигига норозилик аломатлари қўшилса, бундай сукутни розилик деб бўлмайди. Бундай ҳолларда оналарни ишга солиш яхшироқ бўлади. Зотан, жорий одатлар ҳам шунга айланиб қолган.
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва-саллам:
«Аёлларни қизлари ҳақидаги ишга таклиф қилинглар», – деганлар.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: تُسْتَأْمَرُ الْيَتِيمَةُ فِي نَفْسِهَا، فَإِنْ سَكَتَتْ فَهُوَ إِذْنُهَا، وَإِنْ أَبَتْ فَلَا جَوَازَ عَلَيْهَا. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Етим қиздан ўзи ҳақида изн сўралади. Агар сукут сақласа, ўша унинг изнидир. Агар бош тортса, уни мажбурлаш йўқ», – дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Етим қизлар деганда отаси ва валий бўладиган қариндошлари йўқлиги туфайли бошқа бир одамнинг тарбиясида ўсган қизлар тушунилади. Одатда, бундай қизларни ўзларидан сўраб-сўрамай эрга бериб юбориш ҳеч гап бўлмай қолган. Аммо хоҳ етим бўлсин, хоҳ етим бўлмасин, қизларни мажбур қилиб эрга бериш шариатга мутлақо хилоф эканини мана шу ривоятдан кўриб турибмиз. Бундай қилиш катта зулм ҳисобланади.
Ислом ҳукмларидан бехабар кишилар Аллоҳ таоло томонидан қизларга берилган бу ҳақни поймол қилиб келганлар. Улар қизларнинг розилигини сўрамай, норози бўлсалар, уриб-сўкиб эрга берганлар. Бу эса, доимо Ислом душманлари томонидан динимизга таъна тошлари отилишига сабаб бўлиб келган. «Мусулмонман» деб юрганларнинг ношаръий ишлари ўзларига гуноҳ бўлиши билан бирга, динимиз душманлари тегирмонига сув қуйишини шундан билиб олсак ҳам бўлади.
"Бахтиёр оила" китобидан