Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Май, 2025   |   7 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:45
Қуёш
05:15
Пешин
12:25
Аср
17:19
Шом
19:28
Хуфтон
20:52
Bismillah
05 Май, 2025, 7 Зулқаъда, 1446

«Оят» сўзининг маънолари

27.11.2018   7788   2 min.
«Оят» сўзининг маънолари

Бу мавзуга киришдан олдин Қуръони Каримга оид энг машҳур икки истилоҳ–«оят» ва «сура» сўзларининг луғавий ва истилоҳий маънолари ила танишиб олсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

«Оят» сўзининг бир неча луғавий маъноси бор:

1. «Мўъжиза».

Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Бани Исроилдан сўрагин, Биз уларга қанча очиқ-ойдин оят-мўъжиза берган эканмиз» (211-оят), деган.

2. «Белги-аломат».

Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Албатта унинг мулкининг оят-белгиси, сизларга Роббингиздан ичида сакина бор тобут келишидир» (248-оят), деган.

3. «Ибрат».

Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида: «Албатта, бунда мўминлар учун оят-ибрат бордир» (77-оят), деган.

4.  «Ажойиб иш».

Аллоҳ таоло Мўминун сурасида: «Ва Биз Ибн Марямни ва унинг онасини оят–ажойиб иш қилдик» (50-оят), деган.

5. «Бурҳон, далил».

Аллоҳ таоло Рум сурасида: «Осмонлару ернинг яратилиши ва тилларингизу рангларингизнинг турли бўлиши, Унинг оят-далилларидандир» (22-оят), деган.

6. «Жамоат».

Арабларда, қавм ояти–жамоаси билан чиқди, деган гап бор.

7. Қуръон ояти.

Уламолар истилоҳида эса, Қуръон сурасига кирган, бошланиши ва тугаши белгили сўзлар тоифаси «оят» деб аталади.

Шу билан бирга, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти юқоридаги луғавий маъноларни ўз ичига олган бўлади.

Ҳа, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти мўъжиза, ибрат, ажойиб иш, белги-аломат, ҳарф ва сўзлар жамоаси ҳамда Аллоҳ таолонинг қудрати далилидир.

Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти, унинг аввали ва охири ҳақидаги илмни Аллоҳ таолодан Жаброил алайҳиссалом билган. У кишидан Пайғамбар алайҳиссалом, у зотдан эса, мусулмонлар ўрганганлар.

Қуръони Каримдаги энг қисқа оят «Йасин» бўлиб, икки ҳарфдан иборатдир.

Энг узун оят эса, Бақара сурасидаги «Қарз олди-берди» оятидир. Оятларни бир-биридан ажрата билиш, уларнинг бошланиш ва тугаш жойларини англаб етиш маъноларни яхши тушуниб етишга ва бошқа бир қанча ишларда ёрдам беради. 

Қуръони Каримда оят сўзи кўп такрорланган. Оят сўзи баъзи бир жойларда юқорида зикр қилинган маъноларнинг ҳаммасини, иккинчи бир жойда икки-учтасини, учинчи жойда эса, фақат биттасини ифода этиб келган. Ушбу нозик фарқни англаб етилгандагина маъно тўғри тушунилади. 

 

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Хивада замонавий "Арда Хива" мажмуаси очилди

02.05.2025   3703   4 min.
Хивада замонавий

 

Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини юзага чиқариш бўйича қилинаётган ишлар катта натижа бермоқда, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири. 
 

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, буни ҳудудга хорижий сайёҳларнинг ташрифи етти-саккиз йил олдинги даврга нисбатан 30 баробар кўпайганида ҳам кўриш мумкин. Соҳадаги ўзгаришлар ҳисобига вилоят туризм хизматлари экспорти 2017 йилдаги 7 миллион доллардан ўтган йилда 380 миллион долларга етди.

 

Сир эмас, илгари ҳудуд туризми ҳақида гапирилганда кўпчилик фақат Ичан қалъани ҳаёлига келтирар эди. Кейинги вақтларда бу борадаги қарашлар бутунлай ўзгарди. Сайёҳлар учун қирқдан ортиқ туристик йўналишлар ишлаб чиқилди ва уларнинг умумий сони юзтага етди.

 

Энди бу ерда яна бир ноёб мажмуа – "Арда Хива" бор. Унинг очилиши Хоразм вилоятига Президент ташрифининг муҳим воқеаси бўлди.

 

Мажмуа қадим кент ичра яна бир бетакрор шаҳарни эслатади. Мазкур маскан ўзида тарих ва бугунни уйғунлаштирган меъморий ечими билан ноёб лойиҳа саналади.

 

"Арда Хива" ҳудуддаги 25 гектарлик паст унумли, шўрхок майдонда қурилди. Унинг бир томони 150 гектарлик Ғовук кўлга туташиб кетгани, бу майдонларда эса яшил ҳудудлар ташкил этилаётгани лойиҳани сайёҳлар учун янада жозибадор кўрсатишга хизмат қилади.

 

Давлатимиз раҳбари мажмуа бўйлаб юриб, бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Ҳунармандчилик, бадиий ва амалий санъат кўргазмалари ҳамда бозор расталарини томоша қилди.

 

Бу ерда сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун барча қулайликлар яратилган. Хусусан, қадимий шаҳар муҳитини акс эттирувчи бинолар, жами минг ўринли 20 та меҳмонхона қурилди. Очиқ-ёпиқ аквапарк ва аттракционлар, уч минг ўринли амфитеатр ва мусиқали фаввора барпо этилди.

 

Шунингдек, тарихий қиёфадаги 11 та ҳунарманд уйи, шарқона бозор, "Кўҳна Урганч" музейи меҳмонлар учун қизиқарли бўлади. Икки километрлик каналда қайиқда сайр қилиш имконияти яна бир ўзига хос янгилик.

 

Бешта кинотеатр ва концерт зали, кўплаб ресторанлар, заргарлик маркази, савдо дўконлари ва расталари, сув мото-туризми жойи ҳамда автотураргоҳ замонавий талабларга мос тарзда қурилган. Ҳудуддаги барча иншоотлар учун ягона совитиш ва иситиш тизими барпо этилган. Электр энергияси таъминоти учун қуёш панеллари ўрнатилган.

 

Мажмуа йилига уч миллион нафар ташриф буюрувчини қабул қилиш имкониятига эга. Бу ерда икки мингдан зиёд киши иш билан таъминланади.

 

Ичан қалъа тарихий бўлса, "Арда Хива" Хоразмнинг замонавий "ташриф қоғози" бўлади.

 

Давлатимиз раҳбари шу ерда хоразмлик ёшлар билан самимий мулоқот қилди.

 

- Ҳар қандай захира, ерости бойликлари қачонлардир тугайди. Лекин боболаримиз бизга шундай буюк маънавий мерос, улуғвор обидалар қолдирганки, улар асрлар давомида халққа хизмат қилиб келаяпти. Биз мана шу бойликдан элимиз манфаати йўлида фойдаланишимиз керак. Анча ишлар қилинди, лекин ҳали режалар ҳам кўп. Мен бу йўлда сиз, ёшларга ишонаман. Сизлар баланд чўққиларни кўзлаб, шунга яраша билим олсангиз, замонавий касбларнинг устаси бўлсангиз, юксак мақсадларимизга албатта эришамиз, - деди Президент Шавкат Мирзиёев.

 

Ёшларнинг ўқишдаги муваффақиятлари, орзу-интилишлари ҳақида фикр алмашилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари