Бадавий билан суҳбат
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбаи муаззамани тавоф қилаётиб, бир саҳройи кишининг “Ё Карим!” деганини эшитдилар ва унинг сўзини такрорладилар. Саҳройи киши Мезоб томонга ўтиб яна: “Ё Карим!” – деган эди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам “Ё Карим!” – дедилар. Шунда саҳройи киши у зотга қараб: Эй гўзал юз, кўркам қомат соҳиби! Мени масхара қилмоқчимисан? Аллоҳга қасам, бир мўмин банда бўлмаганингда эди, сен тўғрингда Муҳаммадга (алайҳиссалом) шикоят қилардим. У зот табассум қилдилар ва: Пайғамбарингни танийсанми? – дедилар.
Саҳройи киши: – Йўқ, – деб жавоб берди.
– Унда қандай қилиб имон келтиргансан?
– Уни кўрмаган бўлсамда, пайғамбарлигига имон келтирдим ва етказганларини тасдиқладим.
Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини таништирдилар. Саҳройи киши ҳаяжонини яширолмади. Хижолат чекиб, Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини ўпмоқчи бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шошма, эй мўмин банда, ажамлар ўз подшоҳларига шундай муомала қилишади. Мутакаббирлик менга хос эмас. Аллоҳ мени башорат бергувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборган”, дедилар.
Барчага табассум қилардилар
Жарир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ишончларини қозонган, у зотнинг ҳузурларига тўсиқсиз кира олар эди. Набий алайҳиссалом Жарир розияллоҳу анҳуни ҳар кўрганларида табассум қилардилар. Бу ҳақда Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен мусулмон бўлганимдан кейин қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган бўлсам, албатта юзимга табассум билан қараганлар” (Имом Бухорий ривояти).
Сўнгги табассум...
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Абу Бакр Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдинги беморликларида одамларга намоз ўқиб берар эди. Токи, душанба куни келиб, улар намоз сафида турганларида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужранинг пардасини очдилар ва тик турган ҳолларида бизга назар сола бошладилар. Юзлари худди мусҳафнинг варағига ўхшаш эди. Сўнгра табассум ила кулимсирадилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Унда Туркий давлатлар муфтийлари, хусусан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, дин ва давлат арбоблари, таниқли уламолар, етук исломшунослар ва диний соҳа ходимлари қатнашди.
Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбирда тадқиқотчи ва олимлар, жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази раҳбари ўринбосари Ғуломиддин домла Холбоев ҳамда ушбу марказ уламоси Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров маъруза билан иштирок этди.
Аҳли сунна вал жамоа уламолари соф эътиқодни авлодларга етказишда таълиф этган мухтасар матнлар ичида Сирожиддин Али ибн Усмон Ўшийнинг “Бадъул амолий” асари муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Асарда асосий эътиқодий масалалар Ҳанафий мазҳаби ва Мотуридий ақидаси бўйича лўнда баён этилгани, турли нусхалари мавжудлиги, унга кўплаб шарҳлар ёзилгани қайд этилди.
Дарҳақиқат, “Бадъул амолий” асари саккиз юз йилдан буён соф эътиқодни шакллантиришда беқиёс аҳамият касб этиб келмоқда ва бугунги кунда ҳам ёшларни ёт ғоялардан муҳофаза қилиш ва маънавий комилликни таъминлашда муҳим манба ҳисобланади.
Анжуманда сўзга чиққанлар Ўшда туғилиб, Самарқандда илмий фаолият олиб борган, Фарғона водийсида хизмат қилиган, туркий халқлар учун муштарак уламо саналган Сирожиддин Ўший асарлари ва уларнинг тадқиқи, Мовароуннаҳрда X–XII асрларда ислом илмлари ривожи ва мадрасалар ҳолати, туркий тилдаги асарларнинг ислом илмларини тарқатишдаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтишди.
Ушбу илмий мерос бугун ҳам долзарб, туркий дунё маънавий тараққиётида жуда муҳим экани маърузачилар томонидан эътироф этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати