Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида: “Мўмин барча инсонларнинг ишончли кишисидир. Тилидан ва қўлидан мусулмонларга зарари етмайдиган киши ҳақиқий мусулмондир. Ёмонликларни тарк этган киши асл муҳожирдир. Нафсим қудрати қўлида бўлган Зотга қасамки, қўшнисига зулм қиладиган киши жаннатган кирмайди” (Рамуз ал-аҳодис” ҳадислар китоби).
Ҳадиснинг бош қисмида мўминнинг ишончли киши экани, ундан бошқаларга ҳам моддий, ҳам маънавий зарар етиши гуноҳ экани уқдирилмоқда. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган юқоридаги ҳадисга биноан ўзимизни тафтиш қилсак, имонимизнинг даражаси маълум бўлади.
Ҳадиснинг иккинчи қисмида айтилишича, асл муҳожир ёмонликларни тарк этган кишидир. Чунки инсоннинг яшаш жойи ўзгаргани билан ахлоқи, табиати ўзгармайди. Шунинг учун бир жойда яшаб туриб, ёмон хулқларни тарк этиш ҳақиқий муҳожирликка тенглаштирилмоқда.
Ҳадиснинг сўнгги қисмида эса жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қасам билан: “Нафсим қудрати қўлида бўлган Зотга қасамки, қўшнисига зулм қиладиган киши жаннатга кирмайди” деб таъкидлаётирлар.
Демак, жаннатга ноил бўлмоқ шартларидан бири қўшнига бирор жиҳатдан зарар етказмасликдир. Зарар етказадиган киши эса жаннатга – Аллоҳнинг буюк эҳсонига мушарраф бўлмайди. Аллоҳ барчамизни бундай бахтсизликдан асрасин.
Шайх Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг
“Мўминнинг сифатлари” китобидан
БАРЧА ГУНОҲЛАР МАҒФИРАТ ҚИЛИНАДИ
Ҳофиз Камолиддин Дамирий раҳимаҳуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан марфуъ ривоят қилинган ушбу хабарни келтиради: "Ким ражаб ва шаъбон ойида
اَسْتَغْفِرُ اللهَ الْعَظِيْمَ الَّذِى لَااِلَهَ اِلاَّ هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّوْمُ وَاَتُوْبُ اِلَيْهِ تَوْبَةَ عَبْدٍ ظاَلِمٍ لَايَمْلِكُ لِنَفْسِهِ ضَرًّا وَلَانَفْعًا وَلَامَوْتًا وَلَاحَيَاةً وَلَانُشُوْرًا
"Астағфируллоҳал аъзийм аллазий лаа илаҳа илла ҳувал ҳайюл қаййум ва атуубу илайҳи тавбата ъабдин зоолимин лаа ямлику линафсиҳи зорран ва лаа нафъан ва лаа мавтан ва лаа ҳайаатан ва лаа нушуурон" дуосини етти марта такрорласа Аллоҳ таоло икки вакил қилинган фариштага унинг гуноҳ саҳифаларини ўчириб юборишни буюради".
Даврон НУРМУҲАММАД