Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Январ, 2025   |   1 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:14
Қуёш
07:35
Пешин
12:41
Аср
15:56
Шом
17:41
Хуфтон
18:57
Bismillah
31 Январ, 2025, 1 Шаъбон, 1446

Беморликка бериладиган ажрлар

5.10.2018   4633   6 min.
Беморликка бериладиган ажрлар

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмонга қай бир мусибат: ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини (гуноҳларини) кафорат қилади», дедилар».

Демак, мусулмон киши катта-ю кичик мусибатларга, оғир беморликларга ҳам, тикон киришига ҳам сабр қилмоғи лозим бўлар экан.

Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурларига у киши Минода турганларида қурайшлик ёшлар кулиб кириб келди. Бас, у киши:

«Сизларни нима кулдирмоқда?» дедилар.

«Фалончи чодирнинг ипига қоқилиб,  йиқилиб бўйни синишига ва кўзи чиқишига сал қолди», дедилар.

«Кулманглар! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, “Қай бир мусулмонга тикан кирса ёки ундан ортиқ нарса етса, албатта, унга бир даража ёзилур ва бир хатоси ўчирилур, деганларини эшитганман»,  дедилар Оиша онамиз.

Эътибор берайлик, ҳадиси шарифда айтилишича, ана шундай ҳолга тушган одамга Аллоҳ таоло катта марҳамат кўрсатар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундай киши ҳақида: “Қай бир мусулмонга тикан кирса ёки ундан ортиқ нарса етса, албатта, унга бир даража ёзилур ва бир  хатоси ўчирилур”, демоқдалар.

Қандай қилиб Аллоҳ таолонинг улкан марҳаматига сазовор бўлиб турган инсон устидан уни масхара қилиб кулиш мумкин!? Ҳар биримиз бу масалада жуда ҳам эҳтиёт бўлмоғимиз лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни синовга учратур”, дедилар”.

Ана ўшандек синовларнинг бири беморликдир. Демак, беморликка мубтало бўлган мусулмон инсон ўзига ориз бўлган хасталикни Аллоҳ таолодан ўзига нисбатан синов деб билмоғи лозим ва сабр қилиб, Аллоҳ таолонинг Ўзидан шифо сўрамоғи керак. Мўмин-мусулмон одам ўзига беморлик етганда сабрсизлик қилиш ўрнига, сабр қилиб, хасталикни Аллоҳ таоло берадиган яхшиликдан олдинги синов деб билмоғи лозим. Агар ўша синовдан яхши ўтса, унга яхшилик ато қилинади. Мабодо, Аллоҳ кўрсатмасин, синовдан ўта олмаса, ўзидан кўрсин.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра шиддатлироқ беморликка учрайдиган бирор кишини кўрмадим”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақомлари улуғ бўлганидан ҳам у зотга дарднинг шиддатлиси келар эди. Бирор мусулмон банда хасталикка чалинса, нима учун ҳадеб бемор бўлаверар эканман, бошқалар соппа-соғ юрибди-ку, қабилидаги гап-сўзларга бормай Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг беморликка учрашларини кўз олдига келтирмоғи лозим. Беморликка учраш Аллоҳ таолонинг азобига учраш дегани эмас экан, балки баъзи вақтларда, хусусан, мўмин-мусулмон, тақводор одамлар учун беморлик даражаларининг кўтарилиши учун хизмат қилиши ҳам мумкин экан.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Соибнинг ҳузурига кирдилар ва:

“Эй Умму Соиб, сенга нима бўлди, қалтираяпсан? ” дедилар.

“Иситма! Аллоҳ уни баракасиз қилсин!” деди у.

“Иситмани қарғама. У одам боласининг хатоларини худди босқон темирнинг зангини кетказганидек кетказур”, дедилар у зот”.

Ушбу ҳадиси шарифдан бир неча муҳим масалаларни ўрганиб оламиз.

Аввало, эркак киши бемор бўлиб ётган аёл кишини кўргани бориши мумкинлиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Умму Соиб онани кўргани борганлари шунга далолат қилади.

Иккинчидан мўмин-мусулмон одам ўзига  етган беморликни сўкмаслиги кераклиги.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам беморликдан қийналаётган бир кишини кўргани бордилар ва унга: “Хурсанд бўл! Аллоҳ бу менинг оловимдир, уни гуноҳкор бандамга дўзахдаги насибаси ўрнига берурман, деюр”, дедилар.

Бу ҳадиси шариф беморликка сабр қилишнинг кўплаб фойдаларидан яна бирини баён қилмоқда. Унда бу дунёда тортган дард, агар банда дардни сабр ила, Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлиб, шариатга хилоф қилмай бошдан кечирса, охиратда бўладиган азоб ўрнига ўтиши мумкинлиги баён қилинмоқда.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:

Албатта, Аллоҳ таоло, қачонки бандамни икки суюклиси ила мубтало қилганимда у сабр қилса, иккисининг эвазига унга жаннатни берурман, деюр”, деганларини эшитдим”.

Бу ҳадиси шарифдаги “икки суюклиси” дан мурод икки кўзидир.

Албатта, икки кўзидан ажраш ёки умуман икки кўзи кўрмайдиган бўлиб туғилиш ҳар қандай банда учун оғир мусибат. Шунинг учун ҳам бу оғир мусибатга сабр қилган бандага улкан мукофот – жаннат ваъда қилинмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Қорин хасталиги ила ўлган шаҳиддир, вабода ўлган шаҳиддир”, дедилар”.

Беморликларга сабр қилган мўмин-мусулмон бандага бир неча хил мукофотлар ваъда қилинмоқда.

гуноҳларнинг ювилиши;

даражаларнинг кўтарилиши;

хатоларнинг ўчирилиши;

Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилиши;

дарднинг оғирлигига қараб ажрнинг кўпайиб бориши;

дард чекиб, сабр қилиб тузалган одам гуноҳлардан пок бўлиши;

тортилган дард охират азоби ўрнига ўтиши;

Оғир дардга сабр қилган банданинг жаннатга киришига сабаб бўлиши.

Бу ерда зинҳор ва зинҳор савоб бўлар экан деб ўзига хасталик тилаш ёки хасталикка олиб борадиган ишни қилиш, қасддан даволанмай юриш мутлақо мумкин эмас.

 

Хўжаобод туманидаги “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Муҳаммад Қуддус Абдулманнон манбалар асосида тайёрлади.

 

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ибодатга сарф қилинган пул қачон исроф ҳисобланади?

31.01.2025   348   7 min.
Ибодатга сарф қилинган пул қачон исроф ҳисобланади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Келинг, ўзимизга бир неча саволлар берайлик. Исроф нима? Ибодатга сарф қилинган пул қачон исроф ҳисобланади? Умрага бораётган инсон садақа қилишга мажбур, Туркияга бораётганларга бу шарт эмасми? Тўйда минг долларга мебел олиш зарурат, қайта-қайта ҳажга бориш ортиқча иш бўлиб қолдими? Ўзи нафл ҳаж ва умраларга салафи солиҳларимиз қандай қарашган? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт марта умра қилганларида Мадинадаги барча эҳтиёжларни раво қилиб, кейин кетганларми? Энг муҳим савол: Динга адовати бор кимсалар, мусулмонларнинг иймоний эҳтиёжларини қачон эҳтиёж ўрнида қабул қиласиз?

Ушбу кичик мақоламизда, қайта-қайта умра қиладиган инсонларни бошқа эҳтиёжларга пул ажратмаганликда айблашни шаръий мезонда таҳлил қиламиз. Ҳақиқатан ҳам ислом динида кўп бора умра қилиш хуш кўрилмайдими? Бу муборак сафарга муккасидан кетиш умрни ва маблағни исроф қилишга кирадими? Аввало, исроф нималигига бироз тўхталсак.

Исроф нима? Исрофга бир қанча таърифлар берилган. Шулардан асосий учтасини келтирамиз:

Исроф – тўхташ талаб этиладиган чегарани бузиб ўтишдир (Тафсиру ғарибил Қуръан, 3/147)

Исроф – шариатда ман қилинган ҳар қандай ишни қилишдир (Таъвилоту аҳли сунна, 3/25)

Имом Журжоний: Арзимаган ишга кўп пул сарфлаш исрофдир, деган (Мавсуъатул ахлақил исламия, 2/109)

Демак, нафл умра қилувчиларни исрофгарликда айблайдиганлар наздида умра арзимаган иш экан. Дарвоқе, бир танишим икки марта Тайланд давлатига бесабаб бориб, бир нечта умранинг пулини ишлатиб келганда биронта одам уни исроф қилганликда айбламади, аксинча, дам олиб келади-да, дейишди. Энди ўйлаб кўринг, соҳил бўйида дам олиш эҳтиёжу, иймоний ҳирсини қондириш эҳтиёж эмасми?

Юқоридаги таърифлардан маълум бўладики, тўхташ талаб этилган чегарадан нариси исроф ҳисобланар экан. Шариатда умранинг чегараси борми? Бирон китобда фалон ададдан кейинги умра макруҳ дейилганми? Истинжода кўпроқ тош ишлатишнинг ҳукмига тўхталиб ўтган шариат умранинг ададига ҳам тўхталиши керак эди. Бироқ нега сукут қилди. Чунки Аллоҳнинг наздида бу ибодатнинг исроф адади йўқ. Аксинча, умрани қайта-қайта қилишга ишора қилувчи ҳадис бор: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умра кейинги умрага қадар орадаги гуноҳларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир” деганлар. (Муттафақун алайҳ).

Такрор ҳаж ёки умра қилиш ўрнига муҳтожларга ёрдам бериш борасида салафи солиҳларнинг муносабатлари қандай бўлган?

Абдураззоқда келади: Товусдан сўрашди: Нафл ҳаж афзалми ё садақами? У киши ҳажнинг афзал эканига ишора қилиб: “Сафар, бедорлик, тик оёқда юриш, Байтни тавоф қилиш, Байт олдида намоз ўқиш қаерда-я” деди.

Бу масалага мазҳаббоши мужтаҳидлар хулосаси қуйидагича бўлган:

  1. Шайх Тақийюддин: Ҳаж садақа қилишдан афзалдир. Аҳмаднинг қавли ҳам шу”, деган (Ал-инсоф, 7/315).
  2.  Абу Ҳанифа: “Нафл ҳаж садақадан яхшидир” деган. (Уъюнул масоил, 332). Ибн Обидин: “Абу Ҳанифа ҳаждаги машаққатларни кўриб, нафл ҳаж садақадан афзал деган сўзга қайтган. Шунинг учун садақа қилмоқчи бўлган пули эвазига ҳаж қилгани афзал” (Раддул муҳтор, 6/662).
  3. Молик айтди: Ҳаж садақадан афзал, илло очлик етган даврда садақа афзал. (Захира, 2/290)

(Бу қавлларда нафл ҳаж ҳақида гап кетмоқда. Зотан, фарз ҳажнинг садақадан устун экани кундек равшан).

Нафл ҳажнинг садақадан афзал экани барча уламолар бир овоздан айтган қавл эмас, албатта. Баъзи олимлар наздида нафл умра ёки ҳаж ўрнига садақа қилиши мустаҳаб. Бироқ шуни унутмангки, садақа қилмай умра қилаётган инсон узоғи борса, мустаҳаб амални тарк қилаётган бўлади. Ҳолбуки, бир киши мустаҳаб амални тарк қилгани учун биров унга танбеҳ бериш мумкин эмас, илло қўл остидаги кишиларга мумкин (Анваршоҳ Кашмирий, Файзул Борий, 2/406).

Албатта, очарчилик келса, бошқаларга ёрдам бериш ҳатто фарз ҳаждан ҳам афзал бўлиши мумкин. Бироқ бизнинг жамиятимиздаги ҳолат очарчилик замонига тушмайди. Қанчадан қанча оилалар оч-ку, дейишингиз мумкин. Бироқ бу ҳолат доим бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Қолаверса, нега ўша оч оилалар ўзингиз тансиқ таомларни пайдар-пай еганингизда эсингизга келмай, биров ибодатга бормоқчи бўлганда тинчингизни бузади?!

Иброҳим алайҳиссалом аҳли ва фарзандини Маккага ташлаб келиб, Аллоҳ таолога шундай дуо қилади: “Бас, Сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга моил қилиб қўйгил” (Иброҳим сураси, 37-оят).

Айтингчи, баъзи мусулмонларнинг Маккага муҳаббати қаттиқ бўлса, ҳар йили умра қилиб келмаса қалби хотиржам бўлмаса, бу Иброҳим алайҳиссаломнинг айни дуоларига мос ҳолат эмасми?  Оят тафсирида Суддий: “Оят мусулмонларнинг қалбларини Маккага талпинадиган қилгин, деган маънода” деган.

Ҳа, бизнинг Маккага муккамиздан кетишимиз Иброҳим алайҳиссаломнинг дуоси ижобатидир. Иброҳим ўша дуода қайта-қайта боришни эмас, балки шунчаки муштоқ бўлиб яшашимизни сўраган, десангиз, унда Иброҳим бизга азобни сўраган эканда. Зотан, висолсиз иштиёқ азобдан бошқа нарса эмас.

Исломнинг устуни бўлган зотлар неча марта умра ва ҳаж  қилишганини бир сира кўриб чиқиб, мақоламизни якунлаймиз.

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 4 марта умра, бир марта ҳаж қилганлар (Бухорий ривояти).
  2. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ ҳаётлик пайтларидаёқ икки марта ҳаж қилган.
  3. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўн марта, баъзи қавлларга кўра тўққиз марта ҳаж қилган.
  4. Усмон розияллоҳу анҳу ҳам тўққиз марта ҳаж қилган.
  5. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу минг марта умраолтмиш марта ҳаж қилган (Ан-нажмул ваҳҳаж, 10/462)
  6. Жаннат райҳони, Расулуллоҳнинг набиралари Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳу йигирма марта ҳаж қилганлар
  7. Амр ибн Маймун (Абу Бакр ва Умардан ҳадис ривоят қилган катта тобеъин) юз марта умра қилган.
  8. Ёсин ибн Абдуллоҳ йигирма марта ҳаж қилган.

Бу рўйхат шунчалик узунки, йиғсангиз китоб бўлади. Ундан кўра, нафл ҳаж ва нафл умра қилмаганларни санаш осонроқ бўлса керак. Энди ўйлаб кўринг, уларнинг замонида жамиятда пулга муҳтожлар йўқмиди? Фақирлар тугаганмиди? Йўқ, албатта. Лекин бирон олим уларни бировга пул бермаслигда айблаган эмас.

Биродарлар! Бу таҳлилимиздан мақсад бировни қайта-қайта умрага боришга тарғиб қилиш эмас. Балки умрага бораётганларни танқид қилаётганларни огоҳлантириш. Ҳар ким ўзи топган пулига ўзи хўжайин. Ўзингиз зарур бўлмаган нарсаларга пул сарфлаб туриб, кўзингизга бировнинг умра пули кўринмасин. Буни инсон ўзи илғамаса-да, тагида ҳасад ва адоват ётади. Қалбингизни кенг қилинг. Қалби Макка ёки Мадинага боғланиб қолганлардан кир изламанг, аксинча, “Муҳаббати кучли-да”, деб қўйинг бас. “Одамлар бошқа ниятда умра қилишга ўтиб кетишяпти” деган важҳ ҳам ўтмайди. Бу муаммо одамларни умрадан совутиш билан ҳал бўлмайди, балки уларга ихлосни ўргатиш керак. Зотан, ёмон ниятда намоз ўқийдиган одамни намозни тарк этишга чақирилмаганидек, бошқа ибодатлардан ҳам турли баҳоналар билан одамларни қайтариш жоиз эмас.
 

Абдулбосит Абдулвоҳид

Мақолалар