Бугун, юртимиз мусулмонлари улкан мусибатга, оғир жудоликка учради. Кўп йиллардан бери нафақат юртимиз, балки қўшни мамлакатларга ҳам сермаҳсул хизматлари билан танилган, муҳтарам устоз, таниқли уламо Абдураззоқ ҳожи Юнусов табаррук 70 ёшда вафот этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, уламолари, имом-хатиблар ва мударрислар ҳамда Абдураззоқ ҳожи Юнусовнинг шогирдлари у кишининг оила аъзоларига, яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Улуғ олим Абдураззоқ ҳожи Юнусовнинг жанозалари 2018 йил 5 октябрь куни Тошкент шаҳридаги Камолон даҳасидаги “Хўжа Аламбардор” жоме масжидида жума намозидан сўнг ўқилади.
Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Cавол: Ҳазрати Умарнинг: “Менда жоҳилиятдан бирор нарса қолмади. Фақатгина мусулмонлардан қайси аёлга уйланишим ва кимга қиз беришимга парво қилмайман”, деган гапларини қандай тушунамиз?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Муҳаммад ибн Сийриндан, у эса буюк саҳоба Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан нақл қилган саволда зикр қилинган ривоятни тўлиқ шакли қуйидагича:
عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ سِيرِينَ ، قَالَ : قَالَ عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ : مَا بَقِيَ فِي شَيْءٍ مِنْ أَخْلاَقِ الْجَاهِلِيَّةِ ، إلاَّ أَنِّي لاَ أُبَالِي إلى أَيَّ الْمُسْلِمِينَ نَكَحْت وَأَيَّهُمْ أَنْكَحْت.
“Менда жоҳилият ахлоқидан бирор нарса қолмади. Фақатгина қайси муслима аёлга уйланишим ва қайси мусулмонга қизимни никоҳлаб беришимга парво қилмайман” (Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да, Ибн Саъд “Табақот”да ривоят қилишган).
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ушбу гапларида никоҳдаги тенглик ҳақида сўз юритилмоқда. Шунинг учун ҳам муҳаддислар ушбу ривоятни “Кафоат боби – никоҳдаги ўзаро тенглик” мавзусида келтиришган. Яъни, мусулмонларнинг барчалари никоҳда, ўзаро қуда-андачиликда бир-бирларига тенгдирлар. Улар наслу насабга қараб одамларни ажратишлари ва бу борада ҳаддан ошишлари тўғри эмасдир. Шунинг учун "мен кимнинг қизига уйланишим ва кимга қизимни никоҳлаб беришимнинг аҳамияти йўқ. Бунда фақатгина унинг мусулмон бўлиши кифоя”, дейилмоқда.
Дарҳақиқат, жоҳилият даврида одамларга наслу насабига қараб муомала қилиш, насли пастроқ кишиларни одам ўрнида кўрмаслик авж олган эди. Ислом дини келиб, бу тушунчалар мутлақо нотўғри эканини, одамлар аслида бир мартабада эканларини, фақатгина тақволари билан бир-бирларидан ортиқ эканларини баён қилди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларига қарата бундай мурожаат қилганлар:
"إن الله قد أذهب عنكم عُـبـِّية الجاهلية وتعاظمها بآبائها ، الناس رجلان : بَـرٌّ تقي كريم على الله عز وجل ، وفاجر شقي هيِّن على الله عز وجل ، الناس كلهم بنو آدم ، وخلق الله آدم من تراب" (رواه الترمذي).
“Аллоҳ сизлардан жоҳилият давридаги ота-бобоси билан фахрланиш ва кибрланиш одатини кетказди. Одамлар икки тоифадирлар: Аллоҳ таолонинг ҳузурида қадр топган – солиҳ ва тақволи киши ҳамда Аллоҳ таолонинг ҳузурида қадрсиз – фожир ва бахтсиз киши. Одамларнинг барчаси Одамнинг фарзандларидир. Одамни эса, Аллоҳ таоло тупроқдан яратган”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Шундан келиб чиқиб, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам никоҳда мусулмонлар ўзаро тенг экани ва наслу насабга кўра одам ажратиш нотўғри эканини айтмоқдалар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.