Ҳазрати Имом (халқ орасида Хаст имом номи билан машҳур) – Тошкентнинг энг асосий диққатга сазовор жойларидан биридир. Мажмуа Тошкент имоми, олим, Қуръон ва ҳадис билимдони, Тошкентда исломнинг илк тарғиботчиларидан бири, шоир ва ҳунарманд Ҳазрати Имом (унинг тўлиқ исми Абу Бакир ибн Исмоил Ал-Қаффол Аш-Шоший) қабри атрофида бунёд этилган.
Тарихий манбаларга кўра, шунингдек, у қулфлар ва қалитларни тайёрлаш бўйича уста ҳам бўлган, шу сабабли “Қаффол” (қулфчи) лақабини олган, 72 тилни билган ва Тавротни араб тилига таржима қилган.
Абу Бакр Қаффол Шоший 976-йилда 73 ёшида вафот этади ва у шу кунгача бутун дунёда мусулмонлар томонидан ҳурмат қилинадиган мақбарада дафн этилади.
Ушбу мажмуанинг меъморий элементлари турли даврларда барпо этилган. “Қаффол Шоший” мақбараси, “Бароқхон” мадрасаси ва “Мўйи Муборак” мадрасаси 16-асрда қурилган. “Номозгоҳ” масжиди 18 асрда ва “Тилла Шайх” жоме масжиди 20-асрда барпо этилган.
“Ҳазрат Имом” жоме масжиди ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг янги маъмурий биноси яқин йилларда (2007) Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси ва лойиҳаси билан барпо этилди.
Ҳазрати Имом мажмуасида катта кутубхона мавжуд. Бугунги кунда қўлёзмалар сони 30000 мингтани ташкил этади. Улар “Тилла Шайх” масжидининг эски биносидаги сақлаш хонасида жойлашган.
Манзил: Зарқайнар кўчаси, Чорсу бозорининг шарқида.
Кийиниш талаблари: Ўзбекистонда аёллар диний диққатга сазовор жойларни зиёрат қилишда тананинг очиқ қисмларини (елкалар, орқа ва оёқлар) ёпиб юриши мақсадга мувофиқ.
манба: tashkentnews.uz
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кўп кулма, кўп кулиш қалбни ўлдиради", дедилар (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти).
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Кўп кулишдан тийилиш лозим. Кўп кулиш Аллоҳнинг зикридан узоқлаштиради ҳамда қалбни қаттиқлашишига олиб келади".
Имом Ғаззолий бу ҳақда бундай деганлар: "Кўп кулгу хавф, маҳзунлик, ўлим ва қиёматни эслаш каби хусусиятларни қалбдан чиқариб юборади. Бу эса қалбнинг ўлишидир".
Бироқ бугун ҳаётда содир бўлаётган воқеалар кўп кулиш нафақат қалбни ўлдириши, балки инсон ўлимига ҳам сабаб бўлишини исботламоқда. Хусусан, кўп кулиш оқибатида дунёдан кўз юмган бир қанча шахсларни келтириш мумкин. Уларнинг рўйхати алоҳида бир нечта китобни ташкил этади.
Касби ғишт терувчи уста бўлган Алекс Митчелл 1975 йил комедияли шоу дастурини кўриб, кўп кулиш оқибатида вафот этган.
Музқаймоқ сотувчиси Дамноен Саен 2003 йил тушида бетўхтов икки дақиқа давомида кулиб, ҳаво етишмаслиги натижасида вафот этди.
Оле Бентзен комедик кинони бетўхтов кулиб томоша қилганда юрак уриши тезлашиб, дақиқасига 250 мартагача уришга етган. Оқибатида инфаркт бўлиб оламдан ўтди.
Эр.ав. III асрда яшаган қадимги юнон файласуфи Хрисипп эшагига шароб ичириб, маст эшакнинг ҳолини кўриб, тинмай кулиши натижасида нафаси сиқилиб вафот этган.
Аксарият одамлар “кулиш умрни узайтиради” иборасини ўзларига шиор қилиб олиб, бетўхтов кулишларининг гувоҳи бўламиз. Бироқ ҳар бир нарсанинг меъёри ва мезони борлигини ёддан чиқармайлик. Ахир, “асалнинг ҳам ози ширин”.
Юқоридаги аянчли ҳолатлар ҳам айнан чегарадан ўтиш оқибатида юзага келган. Шундай экан, кўп кулсам умрим узоқ бўлади, деган хом хаёллар билан ўз умрингизни завол қилманг.
Стокголм институти мутахассислари 110 дан ортиқ кишида тажриба ўтказиб, кўп кулишнинг соғлиққа зарарлари, айниқса, юракни толиқтириб, жисмни чарчатишини аниқлаб, илмий тарзда исботлаб бердилар.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “кўп кулма!” дедилар, “умуман кулма”, демадилар. Чунки кулиш ҳар бир тирик жонга хос, табиий ҳолатдир.
Ҳар бир ишда ўзларининг умматларига ўрнак бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилсак, иншааллоҳ, икки дунё саодатига эришамиз. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари барча фан-техника ютуқларию, илмий кашфиёт, ихтиролардан олдинроқ биз учун нима яхшию, нима зарарлигининг башоратини берган дастурул амалдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кулишдаги хулқлари қандай эди? Келинг, бу ҳақда мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳодан сўраб, ўрганиб олайлик. Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларини катта очиб, оғизларининг ичи кўринадиган даражада кулганларини кўрмаганман. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо табассум қилар эдилар" (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ барчамизга севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига тўлиқ амал қилиш орқали икки дунё саодатига эришишни насиб этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД