Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидларда хизмат қилаётган имом-хатиблар ва имом ноибларининг вазифа алмашинуви (ротация) ўтказилди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида вазифа самарадорлигини ошириш ҳамда имом-хатибларнинг иш фаолиятини янада фаоллаштириш мақсадида идора тизимидаги масжидларда хизмат қилаётган бир қатор имом-хатиб ва имом ноиблар ўртасида вазифа алмашинуви (ротация) ўтказилди. Жумладан:
Муҳаммадиев Раббим “Ракат” жоме масжиди имом-хатиблигидан “Имом Термизий” жоме масжиди имом-хатиблигига ўтди.
Эргашев Аъзамжон “Имом Термизий” жоме масжиди имом-хатиблигидан “Баланд” жоме масжиди имом-хатиблигига ўтди.
Ҳакимов Ўткир “Усмон ибн Мазъун” жоме масжиди имом-хатиблигидан “Ракат” жоме масжиди имом-хатиблигига ўтди.
Бегматов Исақжон Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мутахассислигидан “Усмон ибн Мазъун” жоме масжиди имом-хатиблигига ўтди.
Джуманов Абдулҳамид “Исломобод” жоме масжиди имом-хатиблигидан Хоразм вилояти Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юртига ўқитувчи вазифасига ўтди.
Абдуқодиров Муҳаммадраҳим “Абу Ҳурайра” жоме масжиди имом-хатиблигидан “Исломобод” жоме масжиди имом-хатиблигига ўтди.
Нуманжанов Мухиддин “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом ноиблигидан “Абу Ҳурайра” жоме масжиди имом-хатиблигига ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Саҳобалар айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сариёғ ва хурмони яхши кўрар эдилар” (Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).
Хурмо кам калорияли мева ҳисобланиб, унда бор-йўғи 23 кило калория мавжуд. Бироқ хурмонинг таркибида инсон организми учун зарур бўлган 30 га яқин турдаги аминокислоталар мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти бошқа меваларда учрамайди.
Шунингдек, у калий, магний, темир, мис ва витаминлар айниқса B6га бойдир.
Хурмо организмдаги холестерин даражасини пасайтириш орқали юрак касалликлари хавфини камайтиради. Ичак фаолиятини яхшилайди ва қабзиятнинг олдини олади. Уни мунтазам истеъмол қилиш ичак микрофлорасини соғломлаштиришга хизмат қилади.
Хурмо таркибидаги калий қон босимини меъёрлаштиришга ва юрак функциясини қўллаб-қувватлашга ёрдам беради. Унда B6 витамини ва антиоксидантлар миядаги яллиғланиш жараёнларини камайтиради, хотирани мустаҳкамлайди, фикрлаш қобилиятини яхшилайди.
Таркибидаги глюкоза, фруктоза ва сукроза каби табиий шакарлар туфайли хурмо организмга энергия беради. Шу сабабли у жисмоний чарчоқ пайтида ва ифторликда энг яхши озуқа ҳисобланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурмо мўмин учун қандоқ ҳам яхши саҳарлик”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қишда хурмо билан, ёзда сув билан оғиз очар эдилар.
Хурмо таркибидаги калций, магний ва фосфор суякларни мустаҳкамлайди ва остеопороз каби касалликлар хавфини камайтиради. Ундаги антиоксидантлар эса, тери қаришини секинлаштиради ва унинг эластиклигини сақлайди.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳомиладорлик даврида мунтазам хурмо истеъмол қилиш туғруқ жараёнини осонлаштиришга ёрдам беради.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД