Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Декабр, 2025   |    ,

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:16
Шом
17:01
Хуфтон
18:21
Bismillah
22 Декабр, 2025, ,

Таҳорат олиб ётишнинг 6 фазилати

27.08.2018   24149   2 min.
Таҳорат олиб ётишнинг 6 фазилати
  1. Таҳоратли ҳолда ётган банданинг ҳақига фаришталар дуо қилади. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким пок ҳолида ухласа, унинг ҳақига бир фаришта: “Аллоҳим, бу бандангни мағфират қил. Чунки у пок ҳолида ухлади”, дейди” (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
     
  2. Таҳоратда ётган банданинг дуоси мақбул бўлади. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мўмин банда Аллоҳни зикр қилиб, пок ҳолида ухласа ва кечаси туриб, Аллоҳдан дунёю охират яхшилигини сўраса, Аллоҳ унга сўраган нарсасини, албатта беради”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
     
  3. Қиёмат кунида ҳам таҳоратли ҳолида тирилади. Уламолар: “Уйқуга ётишдан олдин олинган таҳоратни ўлимга тайёргарликнинг дастлабки қадами”, дейдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Таҳорат олиб ётган ҳолида вафот этган кишининг руҳи таҳоратли ҳолда қайта тирилади” (Фатҳул Борий, Умдатул Қорий)
     
  4. Таҳоратда ётиш ёмон тушлар кўришдан сақлайди. Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ким таҳорат олиб ўрнига ётса, яхши туш кўради” (Фатҳул Борий).

    Муҳаммад Закариё Кандеҳлавий раҳматуллоҳи алайҳи бундай дейди: “Таҳорат олган ҳолда ухлашга ётиш, ёмон туш кўришдан сақлайди” (Тақрир Буҳорий).
     
  5. Таҳоратда ётиш тунни ибодат билан ўтказганнинг савобига ноил этади. Ал-Ижлий айтади: “Ким таҳорат олган ҳолида Аллоҳ таолони зикр қилиб ўрнига ётса, то уйғонгунига қадар Аллоҳ таолонинг ибодатида қоим бўлганлар савобига мушарраф бўлади” (Фатҳул Борий).
     
  6. Таҳоратда ётган банданинг руҳи Аллоҳ таолонинг Арши олдида сажда қилади. Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: “Қачон мўмин банда ухласа, унинг руҳи Аршга кўтарилади. Агар банда таҳоратли ҳолида ётган бўлса, унинг руҳига Аршда Аллоҳ таолога сажда қилишига ижозат берилади” (Ибн Муборак Китабуз-Зуҳд, Фатҳул Борий).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таҳорат устига таҳорат қилса, Аллоҳ унга ўнта (савоб) яхшилик ёзади”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

    Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирортангиз таҳорат олса-ю, таҳоратини яхшилаб қилса, сўнгра: “Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу. Ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу», деб айтса, албатта, унга жаннатнинг саккиз эшиги очилади ва у хоҳлаганидан киради”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

 Даврон НУРМУҲАММАД

 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қўлига суянган ҳолда ўтириш

22.08.2025   9387   1 min.
Қўлига суянган ҳолда ўтириш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Савол: Чап қўлни орқага қилган ҳолда, унга суяниб ўтириш жоизми? Ёши катталар бу ишни “ёмон” деб, қайтаришади.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу иш жоиз эмас. Ёши катталар бу ишни бежизга “ёмон” деб, қайтаришмаган. Зеро, бу макруҳ амал саналади. Бу ҳақда Шарид ибн Сувайд исмли саҳобий розияллоҳу анҳу шундай деганлар:

مَرَّ بي رسولُ اللهِ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّم وأنا جالسٌ هكذا وقد وَضَعْتُ يَدِي اليُسْرَى خلفَ ظهري واتَّكَأْتُ على أَلْيَةِ يَدِي فقال أَتَقْعُدُ قَعْدَةَ المغضوبِ عليهم

“Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг олдимдан ўтиб қолдилар. Мен чап қўлимни орқамга қўйиб, қўлимнинг кафтига суяниб ўтирган эдим. Шунда У Зот “Ғазаб қилинганларни ўтириши каби ўтирасанми?”, деб танбеҳ бердилар” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Шунга кўра фақиҳлар “Киши хоҳ бир қўлига суянсин, хоҳ икки қўлига суянсин, фарқи йўқдир. Яъни, ҳар иккала ҳолатда ҳам макруҳ бўлади”, деганлар (“Мирқотул-мафотиҳ” китоби асосида). Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

 

Мақолалар