* * *
Имоми Аъзамни дўст кўрмайдиган бир кимса у зотдан сўради: “Жаннатни умид қилмайдиган, дўзахдан қўрқмайдиган, ўлимтик ейдиган, руку ва саждасиз намоз ўқийдиган, кўрмаган нарсасига гувоҳлик берадиган, ҳақни ёмон кўрадиган ва фитнани яхши кўриб, раҳматдан қочадиган, яҳудий ва насронийлар сўзларини тасдиқлайдиган киши ҳақида нима дейсиз?”
– У одам Аллоҳ таолонинг ҳақиқий дўстларидандир. Негалигини баён қилсам, тилингни ёмон сўзлардан тиясанми?
– Ҳа, тилимни беҳуда сўзлардан тийиб тавба қиламан.
– Унинг сифати бундай: у одам жаннатни умид қилмайди, балки жаннатнинг Парвардигорини умид қилади; дўзахдан қўрқмайди, балки дўзахнинг Парвардигоридан қўрқади; балиқнинг ўлимтигини ҳам ейди; жаноза намозини руку ва саждасиз ўқийди; Аллоҳ таоло билан Пайғамбарни кўрмасдан, Худонинг бирлиги ва борлигига ҳамда Муҳаммад (алайҳиссалом) Худонинг бандаси ва пайғамбари эканига гувоҳлик беради; Аллоҳ таолога узоқ йил тоат қилмоқ учун ўлимни ёмон кўради; мол-дунё ва фарзанд фитна бўлса ҳам, яхши кўради; ёмғир Аллоҳнинг раҳмати бўлса ҳам, ундан қочади; “Яҳудийлар: “Насронийлар ҳеч нарсада йўқ” десалар, насронийлар: “Яҳудийлар ҳеч нарсада йўқ”, дейдилар...” (Бақара, 113) оятини тасдиқлайди.
Шунда савол сўраган киши ўрнидан туриб, Имоми Аъзамнинг қўлларини ўпди ва: “Гувоҳлик бераман, мазҳабингиз ҳақдир, энди инкорим қолмади”, деди.
* * *
Ибн Муборак Имоми Аъзамдан сўради: “Қайнаб турган қозондаги овқатга бир учар қуш тушиб ўлса, қозондаги гўшт билан шўрванинг ҳукми қандай бўлади?” Имоми Аъзам уламо шогирдларидан: “Сизлар нима дейсиз?” деб сўради. Шогирдлари Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят келтирдилар, “Шўрвани тўкиб, гўштини ювиб, еса бўлади”. Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) айтди: “Бу фатво қозон қайнамай турган вақтда тўғри бўлади. Аммо қайнаб турган вақтда гўштни ҳам ташлаб юбориш керак. Зеро, нажас гўштнинг ичига таъсир қилиб, ифлос қилади. Қайнамаган пайтда эса, нажас гўшт ичига таъсир қилмайди, шунинг учун тоза сувда ювиш билан пок бўлади”. Ҳамма улуғ имомнинг заковатига қойил қолди.
* * *
Кунларнинг бирида Имоми Аъзамнинг қўшнисининг товуси йўқолди. Қўшни Имоми Аъзамга келиб: “Товусимни ўғри олибди, энди нима қиламан?” деди. Имоми Аъзам масжидга бордилар. Маҳалла одамларини ҳам йиғдилар. Имоми Аъзам ҳеч кимни кўрсатмай баланд овозда: “Бу одамни қаранг, қўшнисининг товусини ўғирлабди, яна уялмасдан намоз ўқийман, деб масжидга келибди. Ҳолбуки, унинг бошида товуснинг патлари кўриниб турибди”, дедилар. Шунда бир киши шошиб бошини қоққан бўлди. Имоми Аъзам унга айтди: “Энди сен товусни қайтариб бергин”. У Имомнинг айтганини қилди.
* * *
Бир хотин эгизак туғди. Бу икки болани орқаси бир-бирига ёпишган эди. Уларнинг бири ўлди. Куфа уламолари “Ҳар иккови кўмилади”, дедилар. Аммо Имоми Аъзам: “Ўлгани тупроққа кўмилсин, тириги то ажралгунича тупроқнинг устида турсин”, деди. Ҳазрат Имоми Аъзам айтганларини қилишди. Бир куни тириги ажралди ва узоқ умр кўрди. Одамлар унга “Имом Аъзамнинг ўғли” деган лақаб қўйишди.
* * *
Бир гуруҳ даҳрийлар ҳазрат Имоми Аъзамни ўлдирмоқчи бўлишди. Имоми Аъзам: “Сизлардан бир масала сўрайман, кейин хоҳлаганингизни қиласиз”, деди ва: “Бир кеманинг ичи тўла мол бўлса ва денгиз тўлқинли бўлса, кемачи бўлмаса, бу кема ўз-ўзидан нажот топиб, бирор тарафга кета оладими?” деб сўради. Даҳрийлар: “Мумкин эмас, бу иш мушкулдир”, деб жавоб беришди. Сўнгра Имоми Аъзам айтди: “Бу дунёнинг борлиги, атроф-муҳитнинг ўзгариб туриши, оламда жараён этаётган шунча ишлар бир яратувчи ва бошқариб турувчисиз содир бўла оладими?” Шунда ҳамма даҳрийлар тавба қилиб, яроғларини ғилофига солишди ва Тангри таолонинг бир ва борлигига имон келтиришди.
“Ҳидоят” журналидан
ЎМИ матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни илмий мажлисларида шундай дедилар: «Инсонга ҳаётда ғам, мусибат ва машаққатлар етади. Агар банда чуқурроқ ўйлаб кўрса, бу машаққат ва қийинчиликлар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини англайди. Масалан, беморлик ҳам бир неъмат. Фақирлик ва муҳтожлик ҳам неъмат. Қалб кўзи очиқ инсон бу нарсалар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини кўради. Ҳақиқатда, машаққат ва қийинчиликлар неъматдир. Аммо бизнинг қосир ақлимиз уларнинг неъмат эканини сиғдира олмайди».
Шу ўринда мусибат ва қийинчиликлар қандай қилиб неъмат бўлади? деган савол туғилади. Бу саволнинг жавоби ҳадиси шарифда келади. Унда айтилишича, Аллоҳ таоло охиратда машаққат ва мусибатларга сабр қилган бандаларига беҳисоб ажр-мукофотлар беради, ўшанда дунёда у қадар мусибатга учрамаган одамлар у бандаларни кўриб, кошки, ҳаёти дунёда бизга ҳам мусибат ва машаққатлар етганда эди, биз ҳам сабр қилган ва сабримизга мана шундай ажр-савоблар олган бўлар, бу кунда сабр қилувчилар билан бирга турар эдик, деб орзу қиладилар.
Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деб турганларида, мажлисга бир одам кириб келди. У ногирон бўлиб, турли хил дардларга мубтало эди. У келиб, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳга: «Менинг ҳаққимга дуо қилинг, Аллоҳ таоло менга бу машаққатлардан нажот берсин», деди.
Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Биз ўша мажлисда ҳозир эдик. Ўшанда ҳайрон бўлдик, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бутун мусибатлар ва қийинчиликларнинг неъмат эканини айтиб турибдилар. Бу ёқда эса бу одам ўзидан машаққат ва қийинчиликларнинг кетишини истаб дуо сўраяпти. Агар бу ногирон одамдан машаққатлар кетишини сўраб дуо қилсалар, у ҳолда неъматнинг зое бўлишини сўраган бўладилар-ку? Ҳожи Имдодуллох Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шу пайт қўлларини дуога кўтардилар ва: «Аллоҳим! Ҳақиқатда, барча мусибат ва машаққатлар неъматдир. Лекин, Аллоҳим, биз ожизмиз. Сен бизнинг ожизлигимизга назар сол ва бу машаққат неъматини саломатлик неъматига алмаштириб бер!» деб дуо қилдилар».
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан