Муҳтарам муфтий ҳазратлари,
Сизга, волидаи муҳтарамангиз Турдигул ҳожи онанинг вафотлари муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси, хусусан, ўзим номимдан чуқур таъзия изҳор этаман. Ҳожи онанинг вафотларидан чуқур қайғуда эканимни билдираман.
Сиз каби олим, обид, боадаб, ота-онани қадрига етадиган фарзандни тарбиялаб, оналик вазифаларини гўзал тарзда, мукаммал адо этиб, юзлари ёруғ ҳолда Яратганнинг ҳузурига риҳлат қилган онахонимизнинг охиратлари обод бўлсин.
Аллоҳ таоло «Луқмон» сурасида: «Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик» деб марҳамат қилади. Сиз, марҳума онангизни хизматларини қилиб, яхшиликда бардавом бўлиб, дуоларини олиб, бахтли фарзанд мақомини олдингиз, Аллоҳ таоло волидангизга қилган холис хизматларингиз сабаб, Сизни икки дунёда мукаррам қилсин.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак ҳадиси шарифларидан бирида бундай марҳамат қиладилар: «Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши – кўп миқдордаги нафл садақа¬ беришидан яхшироқдир» (Имом Термизий ривояти).
Албатта, сиздаги бу гўзал ахлоқни шаклланишида меҳрибон марҳума волидангизнинг хизматлари чексиз бўлгани шубҳасиз.
Аллоҳ таоло пойи жаннат – волидангизнинг барча яхши амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин.
Яна бир бор чуқур таъзиямизни қабул қилгайсиз!
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!
Ўзбекистон мусулмонлари
идораси раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло бандаларнинг тавба-тазарру қилиши учун турли имтиҳонлар билан синовлар беради. Мана шу синовлардан шукр ва сабр ила ўтганларга Аллоҳ улкан савоблар бериб, гуноҳларини кечиради, мусибатларини аритади.
Юнус алайҳиссалом балиқнинг қорнида туриб Аллоҳга зорланмадиларми?! У зотнинг нолаларига берилган жавоб қуйидагича бўлди: «Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик...»[1].
Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: «Зуннун (Юнус)нинг (ўз қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унга қарши чиқа олмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғу зулматлар ичра: “Сендан ўзга илоҳ йўқдир, Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан! Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилгувчилардан бўлдим”, деб нидо қилган (пайтини эсланг!). Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз»[2].
Айюб алайҳиссалом одоб ва ҳаё ила нидо қилмадиларми?! Аллоҳ таоло у зотга ҳам қуйидагича жавоб қилди: «Айюб эса Парвардигорига нидо қилиб: “(Эй Раббим!) Менга мусибат етди. Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлироғидирсан”, деб илтижо қилган пайтини (эсланг!). Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилиб, ундаги заҳматни кетказдик ҳамда Ўз ҳузуримиздан меҳрибонлик кўрсатиб, барча ибодат қилгувчиларга эслатма бўлсин, деб (Айюбга) оиласини ва улар билан қўшиб яна ўшаларнинг баробарида аҳли авлод ато этдик»[3].
Шунингдек, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг дуоларини ҳам ижобат қилиб: «Нуҳни (эсланг!) У илгари нидо қилганида Биз унинг (нидосини) мустажоб қилиб, ўзини ва аҳлини буюк ғамдан қутқардик»[4], деди.
Яъқуб алайҳиссалом ҳам бошига тушган синовни аритишини сўраб Аллоҳ таолога нидо қилди: «...Мен ғам ва ташвишларимдан ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қиламан...»[5].
Пайғамбарларнинг энг афзали бўлмиш Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифдан қувғин бўлиб, ҳатто ёш болалар тошбўрон қилишганида кавушлари қонга тўлиб оламлар Роббига дуою илтижолар ила юзланганлар: “Қувватсизлигим, чорасизликдан ва одамлар олдида хорлигимдан Сенга шикоят қиламан, эй Раббим! Сен Раҳмли Зотсан! Заифҳолларнинг Парвардигорисан ва менинг ҳам Роббимсан! Мени кимга ташлаб қўйдинг? Менга қовоғини соладиган бегонага ташлаб қўйдингми? Ишимни душманга топшириб қўйдингми? Муҳими, ғазабингга дучор бўлмаган бўлсам, бундан бошқа барчаси бекор! Шундай бўлса-да, офиятинг мен учун кенгдир. Зулматларни ёритган, дунё ва охират ишлари у билан юриб турадиган Важҳинг нури ила паноҳ сўрайман. Ғазабингга дучор бўлиб қолишимдан паноҳ тилайман. Ўзинг рози бўлгунингга қадар розилик Сеникидир[6]. Сендан ўзгада қувват ҳам, куч ҳам йўқ!”.
Бу дуонинг, нидонинг жавоби нима бўлди?!
Жаброил алайҳиссалом у зотнинг олдиларига келиб: “Қавмингизнинг сизга айтган гапларини ва қандай қилиб сизни қувғин қилганларини Аллоҳ кўриб турибди. Аллоҳ таоло тоғларга масъул бўлган фариштани юборди, улар борасида нимани ихтиёр қилсангиз, буюришингиз мумкин”, деди.
Шунда Пайғамбар алайҳиссаломга тоғларга масъул фаришта нидо қилиб: “Маккадаги мана бу икки тоғни уларнинг устига қопқоқ қилиб ёпиб қўйишимни хоҳласангиз, шундай қиламан”, деди. Набий алайҳиссалом: “Аксинча, мен Аллоҳ таоло уларнинг пушти камарларидан Ягона Аллоҳга ибодат қиладиган, У Зотга бирор нарсани шерик қилмайдиганларни чиқариб қўйишини умид қиламан”, дедилар.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
[1] Анбиё сураси, 88-оят.
[2] Анбиё сураси, 87–88-оятлар.
[3] Анбиё сураси, 83–84-оятлар.
[4] Анбиё сураси, 76-оят.
[5] Юсуф сураси, 86-оят.
[6] Бу мажозий маъноси. Ҳақиқий маъноси: “Сен рози бўлганингча Сендан дакки эшитавераман”.