Муҳтарам муфтий ҳазратлари,
Сизга, волидаи муҳтарамангиз Турдигул ҳожи онанинг вафотлари муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси, хусусан, ўзим номимдан чуқур таъзия изҳор этаман. Ҳожи онанинг вафотларидан чуқур қайғуда эканимни билдираман.
Сиз каби олим, обид, боадаб, ота-онани қадрига етадиган фарзандни тарбиялаб, оналик вазифаларини гўзал тарзда, мукаммал адо этиб, юзлари ёруғ ҳолда Яратганнинг ҳузурига риҳлат қилган онахонимизнинг охиратлари обод бўлсин.
Аллоҳ таоло «Луқмон» сурасида: «Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик» деб марҳамат қилади. Сиз, марҳума онангизни хизматларини қилиб, яхшиликда бардавом бўлиб, дуоларини олиб, бахтли фарзанд мақомини олдингиз, Аллоҳ таоло волидангизга қилган холис хизматларингиз сабаб, Сизни икки дунёда мукаррам қилсин.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак ҳадиси шарифларидан бирида бундай марҳамат қиладилар: «Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши – кўп миқдордаги нафл садақа¬ беришидан яхшироқдир» (Имом Термизий ривояти).
Албатта, сиздаги бу гўзал ахлоқни шаклланишида меҳрибон марҳума волидангизнинг хизматлари чексиз бўлгани шубҳасиз.
Аллоҳ таоло пойи жаннат – волидангизнинг барча яхши амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин.
Яна бир бор чуқур таъзиямизни қабул қилгайсиз!
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!
Ўзбекистон мусулмонлари
идораси раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ
Бугун Самарқанд вилоят вакиллигида вилоят бош имом-хатиби бошчилигида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг янги нашрдан чиққан “Инсон қадри” номли китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоятимизда фаолият юритаётган туман ва шаҳар бош имом-хатиблари, фаол имом-хатиблар ҳамда отинойилар иштирок этди. Тақдимот Қуръони карим тиловати билан бошланиб, китобнинг мазмун-моҳияти, инсон қадрини улуғлаш, маънавий тарбия ва жамиятдаги аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир якунида “Инсон қадри” китоби вилоят ҳудудидаги 288 та масжидга тарқатилди ҳамда уни диний-маърифий ишлар жараёнида кенг фойдаланиш тавсия этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилоят вакиллиги Матбуот хизмати