Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Май, 2025   |   23 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:22
Қуёш
04:59
Пешин
12:25
Аср
17:28
Шом
19:44
Хуфтон
21:15
Bismillah
21 Май, 2025, 23 Зулқаъда, 1446

Муфтий ҳазратнинг Қозоғистон муфтийсига таъзия мактуби

25.07.2018   5491   1 min.
Муфтий ҳазратнинг Қозоғистон муфтийсига таъзия мактуби

Муҳтарам муфтий ҳазратлари,
Сизга, волидаи муҳтарамангиз Турдигул ҳожи онанинг вафотлари муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси, хусусан, ўзим номимдан чуқур таъзия изҳор этаман. Ҳожи онанинг вафотларидан чуқур қайғуда эканимни билдираман.
Сиз каби олим, обид, боадаб, ота-онани қадрига етадиган фарзандни тарбиялаб, оналик вазифаларини гўзал тарзда, мукаммал адо этиб, юзлари ёруғ ҳолда Яратганнинг ҳузурига риҳлат қилган онахонимизнинг охиратлари обод бўлсин.
Аллоҳ таоло «Луқмон» сурасида: «Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик» деб марҳамат қилади. Сиз, марҳума онангизни хизматларини қилиб, яхшиликда бардавом бўлиб, дуоларини олиб, бахтли фарзанд мақомини олдингиз, Аллоҳ таоло волидангизга қилган холис хизматларингиз сабаб, Сизни икки дунёда мукаррам қилсин.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак ҳадиси шарифларидан бирида бундай марҳамат қиладилар: «Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши – кўп миқдордаги нафл садақа¬ беришидан яхшироқдир» (Имом Термизий ривояти).
Албатта, сиздаги бу гўзал ахлоқни шаклланишида меҳрибон марҳума волидангизнинг хизматлари чексиз бўлгани шубҳасиз.
Аллоҳ таоло пойи жаннат – волидангизнинг барча яхши амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин.
Яна бир бор чуқур таъзиямизни қабул қилгайсиз!
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!

Ўзбекистон мусулмонлари
идораси раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Аллоҳ бундай бандаларни яхши кўради

19.05.2025   2486   5 min.
Аллоҳ бундай бандаларни яхши кўради

Ҳар бир ишни пухта қилиш – бу инсоннинг ўз вазифасига жиддий, масъулиятли ва профессионал ёндашишини англатади. Пухта ишлаш нима? Пухта ишлаш – ишни юзаки эмас, балки чуқур ўйлаб, режа асосида, керакли билим ва маҳорат билан мукаммал бажаришдир.

Шу билан бирга, бу сифатга эътибор бериш, масъулиятни ҳис қилиш, ҳар бир қадамни аниқ режалаштириш, тафсилотларга эътибор қаратиш ва натижадан қониқиш ҳиссини олиш деганидир.

Пухта ишлаш бир неча омилларга кўра муҳим саналиб, улардан:

  1. Иш сифатли чиқади – хатолар камаяди, қайта тузатишга эҳтиёж қолмайди;
  2. Ишонч пайдо бўлади – одамлар сизга ишонади, бирор юмушни ишониб топширади;
  3. Вақтни тежайди – илк босқичда пухта бажарилган иш юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этади.
  4. Рақобатбардошлик ошади – ишда муваффақият эҳтимоли ошиб, хизматга талаб юқори бўлади.

Ислом нуқтаи назаридан қараганда, ҳар бир ишни пухта бажариш инсоннинг имоний бурчларидан биридир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аллоҳ бирортангиз иш қилсангиз, уни пухта бажаришингизни яхши кўради” (Имом Табароний ривояти).

Мазкур ҳадисдан маълум бўладики, ҳар қандай ишни пухта, сидқидилдан бажариш исломда ҳам катта фазилат саналади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам ишни пухта ва сидқидилдан бажариш зарурлиги тўғрисида “Ижтимоий одоблар” асарида қуйидаги фикрларни билдирган:

Мусулмон инсон жамият юзидаги энг кўркам ва гўзал хол бўлиши лозим. У инсон зоти чиройини очиб турувчи омил бўлиши керак. Бу эса, ижтимоий одоблар орқалигина юзага чиқади.

Мўмин кишининг ҳар бир ишни яхшилаб ва пухта қилиши мақбулдир. Бу барча инсонларга севикли Набийнинг ислом умматига амри, фармони, тавсияси ва насиҳатидир.

عَنْ عَائِشَةَ : قَالَ النَّبِيُّ ﷺ: «إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ إِذَا عَمِلَ أَحَدُكُمْ عَمَلًا نْ يُتَّقِنَهُ». رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ сизлардан бирингиз иш қилганда, уни яхшилаб, пухта қилишингизни севади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Аллоҳ таолонинг севгисига сазовор бўлай деган инсон катта-кичик ҳар бир ишни фақат ва фақат яхшилаб, чин дилдан пухта бажаришга уринади. Бу сифат эса ижтимоий одобларни ўрнига қўйиш билан юзага чиқади[1].

Қандай қилиб ҳар бир ишни пухта қилиш мумкин?” Бу борада қуйидагиларни тавсия қилиш мумкин:

  1. Фикр сўраш, маслаҳатлашиш. Агар мумкин бўлса, ҳар бир ишни бажаришдан олдин тажрибали ва олим инсонлар фикрини олиш, улар билан маслаҳатлашиш зарур. Бу кишининг шахс сифатида камол топиши, ривожланиши ва бажарилаётган ишнинг мукаммал бўлишига ёрдам беради.
  2. Аниқ мақсад қўйиш. Бу иш нима учун керак? Яхши натижа нима? каби саволларга жавоб топиш, зарур бўлса, тажрибали инсонлар билан маслаҳатлашиш.
  3. Режа тузиш. Ишга киришишдан аввал вазифалар рўйхатини тузиш лозим.
  4. Иш пайтида диққатни жамлаш ва халақит берувчи омилларни бартараф этиш.
  5. Масъулиятни ҳис қилиш. Киши ўзи бажараётган ишнинг охиратда сўрови борлигини унутмаслиги, унга сидқидилдан ёндашиши лозим.
  6. Бажарилган ишни текшириш. Иш тугагач, уни қайта кўриб чиқиш ва хатоларини тузатиш лозим. Бу эса ишни пухта бажаришнинг асосий омили ҳисобланади.

Ҳар бир ишни пухта бажариш – бу муваффақиятнинг асосий омилларидан биридир. Чунки ҳозирги кунда бозор муносабатлари шароитида ўз ўрнига эга бўлиш учун ишни пухта бажариш, энг майда деталларига қадар эътибор қаратиш муҳимдир.

Ҳар бир ишни пухта бажариш қуйидаги натижаларга олиб келади:

  1. Масъулиятни кўрсатади – ҳар қандай ишни пухта, чуқур ўйлаб, юксак масъулият билан бажариш инсоннинг касбий етуклиги ва шахсий маданиятини намоён этади.
  2. Сифат кафолати – пухта бажарилган иш маҳсулот ёки кўрсатилган хизмат сифатининг юқори бўлишини таъминлайди.
  3. Ишда самарадорлик – пухта режалаштирилган ҳолда бажарилган иш вақт ва ресурсларни тежашга ёрдам беради.

Хулоса қилганда, ҳар бир ишни пухта қилиш нафақат шахсий ўсиш, балки жамият ривожи учун ҳам муҳимдир.

[1]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ижтимоий одоблар. “Ҳилол-Нашр”. Тошкент 2024. –Б.26-27

Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими