Аллоҳга шукрки, мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини қондириш ислоҳотларнинг бош мезонига айланди. Диёримизда диний соҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар таҳсинга сазоворки, ўзгаришлар ва енгилликлардан юртдошларимиз жуда ҳам мамнун. Айниқса, муҳтарам Президентимиз томонларидан халқимиз қон-қонига сингиб кетган Ислом дини қадриятларига берилаётган улкан эътибор мўмин-мусулмонларни чексиз қувонтирмоқда.
Шу кунларда regulation.gov.uz сайтига жойлаштирилган “Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ”ни халқимиз талаб ва истакларига мос шаклда бўлиши нуқтаи назаридан фуқаролар, мутахассислар ва кенг жамоатчилик вакиллари томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси муҳокамага қўйилган ушбу НИЗОМнинг 9-бандидаги “Ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозим” жумлани чуқур мулоҳаза қилиб, хусусан, қиз бола бўлган мактаб ўқувчиларини рўмолда юришлари масаласида Диний идорага жуда кўп мурожаатлар бўлаётгани сабабли Ислом динида баён этилган масалаларга асосланган ҳолда виждон ва эътиқод эркинлиги борасидаги қонун ҳужжатларига таяниб, мазкур бандни қуйидагича баён этишни таклиф этади:
“Ўқувчиларнинг таълим муассасаси биноси ичида бош кийимда ёки бош кийимсиз юришлари ихтиёрийдир”.
Шундай ифода қилинса, миллий ва диний қадриятларимизни ҳурмат этишга, халқимизни рози қилишга ва мазкур масалага ҳуқуқий ечим топишга эришган бўламиз, иншоаллоҳ.
Ўзлигимизга назар солсак ҳам, заминимизда аёл-қизларнинг рўмол ўраб юриши қадим-қадимдан диёримизда амал қилиб келинаётган миллий урф-одат экани ва уларнинг сатри аврат талабларига мос кийинишлари эса ибо-ҳаё, ор-номус ифодаси экани маълум бўлади. Буюк тарихимизда шоира-ю адибалар Увайсий, Нодирабегим, машҳур фақиҳа Фотимаи Самарқандия, улуғ алломалар Имом Бухорий ва Баҳоуддин Нақшбанднинг волидаи муҳтарамалари илму маърифатда, ибо-ҳаёда аёл-қизларимизга ўрнак, миллатимизга фахр-ифтихор бўлган мўътабар момоларимиз ҳам ўз даврида рўмол ўраб, шарқона одоб билан юришгани ҳаммага маълум.
Демакки, рўмол қадим-қадимдан миллийлигимиз, ўзлигимизнинг ҳам ажралмас қисми бўлган. Шу нуқтаи назардан, ҳозирги кунда она сиймоси тасвирланганда сипо кийинган, енги узун, сатр аврати ёпиқ, бошига аввал кичкина рўмол ўраган, устидан катта рўмолини елкалари узра ташлаб олган аёл сиймоси гавдалантирилади.
Биз муҳокама этилаётган масалада миллий дўппи, ёз ва қиш мавсумларида кийиладиган бош кийимлар ҳақида тўхталиб ўтирмадик. Чунки, биз масаланинг энг долзарб ва нозик жиҳати ҳақида сўз юритдик.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, мазкур бандга халқимиз томонидан энг кўп фикр-мулоҳаза билдирилиб, таклиф ва тавсиялар тақдим этилди. Демак, мамлакатимиз аҳолисининг аксарияти билдирилган талаб ва истакларини ижобий ҳал этилишини интизорлик билан кутишмоқда.
Баён этилганлардан келиб чиқиб, тараққиётимизнинг янги босқичида, республикамизда халққа хизмат қилиш ва уни рози қилиш олий мақсад эканини эътиборга олиб, мазкур масалани фуқароларимиз истаган шаклда ижобий ҳал этилишини Ўзбекистон мусулмонлари идораси умид қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Дарахт шохига қўнган митти чумчуқ маюс ҳолатда, бошини эгиб ўтирарди. Орадан неча кунлар ўтсада чумчуқ сайрамас, ҳатто ён-атрофга ҳам қарамасди.
Фаришталар ҳайратда қолишди ва Aллоҳдан сўрашди: “Нега бу чумчуқ жим бўлиб қолди?”.
Aллоҳ: “Унинг қалбида нима яширинганини фақат Мен биламан”, деб жавоб берди.
Ошкору махфий ишларни билиб турувчи Зот – Aллоҳ таоло: “Қалбингга нима озор беряпти?” деб сўради.
Фаришталар ҳам чумчуқнинг жавобини интизорлик ила кутишди.
Чумчуқ титроқ овоз ва маҳзунлик билан: “Менинг битта кичкина уям бор эди. Чарчасам у ерга дам олиш учун қайтардим. Совуқ бўлганда исиниб олардим. Ҳеч кимга озор бермасдим. Бу кенг дунёга кичик бир уйим сиғмади. Тўсатдан бўрон келиб, уни вайрон қилди. Мен уйсиз қолдим”, дедию бошқа гапира олмади.
Орага жимлик чўкди. Фаришталар ҳам жим бўлиб, Аллоҳ таолонинг жавобини кутардилар.
Шунда Aллоҳ: “Эй чумчуқ, сен менинг қулим эмасмисан?” деди.
“Ҳа, мен Сенинг қулингман”, деди чумчуқ.
“Унда нега раҳматимдан норозисан? Тақдиримга таслим бўлмайсан?” деб марҳамат қилди Аллоҳ таоло.
Шундан сўнг Aллоҳ чумчуқнинг ини нега бузилганининг ҳикматини билдирди.
“Сен уянгда дам олаётганингда, илон емиш қидириб, сенинг инингга қараб келаётган эди. Шунда сени хавфдан қутқариш учун шамолга бўрон қўзғашни буюрдим. Уянг вайрон бўлди, лекин ҳаётинг сақланиб қолинди”.
Чумчуқнинг кўзларидан ёш оқди. Аллоҳнинг раҳматидан ҳайратда қолган чумчуқ: “Кечир, Aллоҳим, мени кечир, Роббим”, дея олди фақат.
Банда кўпинча Aллоҳ таолонинг ҳикматини англаб етмайди. Инсон йўқотган нарса жазо эмас, балки мукофот бўлиши ҳам мумкин. Синовлар – яширин раҳматдир. Aллоҳнинг танлови бизникидан яхши ва Унинг раҳмати чексиз ҳамда ҳар бир нарсани қамраб олган.
Aллоҳим, бизни тақдирингга таслим бўлувчи, неъматларингга шукр қилувчи, ҳикматларингни тафаккур этадиган бандаларингдан қилгин.
Даврон НУРМУҲАММАД