«Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): “Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз! Дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам биз сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсалар ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз муҳайёдир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот (Аллоҳ томони)дан бўлмиш зиёфатдир”» (Фуссилат сураси, 30-33-оят).
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Ушбу оят Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) ҳақида нозил бўлди. Мушриклар: “Роббимиз Аллоҳ”, деб айтардилар, аммо Унга ширк келтиришарди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): “Роббим Аллоҳ шериги йўқ, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг бандаси ва расулидир”, деб жавоб қайтарарди.
Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. «Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ” ояти нозил бўлганда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Яҳудий ва насронийлар Аллоҳ таолога ширк келтирдилар. Лекин умматим Роббим Аллоҳ дейди ва У зотга бирор нарсани шерик қилмайди”, дедилар.
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар» оятини ўқидилар ва: “Одамлар: “Роббим Аллоҳ”, дедилар. Аммо уларнинг аксарияти куфр келтирдилар. Ким Роббим Аллоҳ деб вафот этса, батаҳқиқ тўғри йўлда бўлганлардан бўлибди”, дедилар.
Саид ибн Имрон (розияллоҳу анҳу) айтади: “Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ҳузурида «Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар» оятини тиловат қилдим”. Шунда саҳоба (розияллоҳу анҳу): “Улар Аллоҳ таоло ширк келтирмайдиганлар”, деди.
Тафсирларда «тўғри бўлган зотлар...» “Аллоҳ таоло яккадир, Унинг шериги йўкдир”, деб айтувчи, ушбу ақидада дил ва амал билан доимо собит бўлувчи ҳамда Аллоҳ таоло буюрган солиҳ амалларни адо этувчи ва қайтарганларидан қайтувчи бандалар дейилган.
Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Ё Расулуллоҳ менга бир ишни айтингки, уни маҳкам ушлай”, дедим. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Роббим – Аллоҳ, сўнг тўғри бўл”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ! Менга энг катта зарар келтирадиган нарса нима?” деб сўрадим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тилларига ишора қилиб: “Мана бу”, дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).
Тўрт халифаи рошидин (розияллоҳу анҳум) «тўғри бўлган зотлар...»нинг фазилатларини турлича шарҳлаганлар: Ҳазрат Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): “Сўзи ва амали бир бўлган, Аллоҳ таолога бирор нарсани шерик қилмайдиганлар”, деганлар.
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) минбарда туриб ушбу оятни ўқиди ва: “Аллоҳ таолога итоат этишда бардавом бўлувчилар. Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар”, дедилар. Ҳазрат Усмон (розияллоҳу анҳу): “Амалларни холис Аллоҳ учун адо этувчилар”, Али (розияллоҳу анҳу) эса: “Фарзларни бажарувчилар”, деганлар.
Ҳазрат Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) саҳобалардан оятдаги «тўғри бўлган зотлар...» кимлар экани ҳақида сўрадилар. Улар: “Гуноҳ қилмайдиганлар”, деб жавоб беришди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): “Қийинлаштириб юбордингиз. Ундай эмас, балки имон келтиргандан кейин Аллоҳ таолога ширк келтирмайдиганлар”, дедилар.
Абу Лайс Самарқандий «тўғри бўлган зотлар...»нинг сифатларини бундай баён қилади: ғийбат қилмайдиганлар, гумондан сақланувчилар, мазахдан узоқ бўлганлар, номаҳрамларга қарашдан кўзини тиювчилар, рост сўзловчилар, хайр, садақа қилувчилар, исроф қилмайдиганлар, кибрга берилмайдиганлар, намозни ўз вақтида адо этувчилар, жамоатга эргашувчилар.
Ана шундай сифатлар билан хулқланган бандалар охиратдаги ҳоллари, қилиб ўтган амаллари натижаси қандай бўлиши ҳақида хавфсираганларида фаришталар уларнинг қалбига хотиржамлик бағишловчи бундай хушхабарлар етказишади: «Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз. Биз ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз!»
Ушбу оят тафсирида аллома, доктор Ваҳба Зуҳайлий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Фаришталар мўминларга уч ҳолат: вафот этаётганда, қабрда ва қайта тирилганда яқин келадидар ва: “Қўрқманглар, маҳзун ҳам бўлманглар. Сизлар учун ҳеч қандай хавф-хатар йўқ. Чунки сиз ҳаётлик вақтингизда «Роббимиз – Аллоҳ» дедингиз ва ўша сўзда собит турдингиз. Сизларга ваъда қилинган жаннатга киришингиз ва у ерда абадий қолишингиз ҳақида башорат берамиз. Дунё ҳаётида Аллоҳ таоло бизни сизларга химоячи, дўстингиз қилиб кўйганидек, охиратда ҳам сизлар билан биргамиз”, дейдилар”.
Фаришталар мўминларга жаннат башоратини бериш билан бирга, жаннат васфини ҳам баён этадилар: «Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсалар ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз муҳайёдир».
Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий (раҳимаҳуллоҳ) ушбу оятнинг шарҳида: “Замонавий илму фан ютуқлари қанчалик ривожланмасин, кўнгил истаган нарсани махсус тугмача топиб босмагунча муҳайё қила олмаслар. Жаннатда эса, кўнгилга келтирилса бас, у муҳайёдир. Жиҳозга ҳожат йўқ”, дейди.
Жаннатда кўнгил нимани тусаса, ўша нарса дарҳол муҳайё қилинади. Жаннатда жаннат аҳли учун фақат роҳат-фароғат, анвойи нозу неъматлар бўлади, у ерда ўлим, касаллик, мусибату ғам-ташвиш бўлмас: «Албатта, жаннат аҳли у кунда (роҳат ва фароғат) иш(лари)билан шоддирлар» (Ёсин сураси, 55-оят).
Жаннат аҳли турли хил ширин мевалар истеъмол қиладилар: «...Ризқ этилган мевалардан ҳар гал тановул қилганларида: «Бу илгари биз еган меваларнинг худди ўзи-ку?!» – дейдилар. Зеро, уларга (сурати)бир-бирига ўхшаш мевалар берилган эди...» (Бақара сураси, 25-оят).
Жаннатдаги ноз-неъматларнинг ташқи кўриниши худди бу дунёдагига ўхшаш бўлиб, мазасининг тотлилиги билан фарқ қилар экан. Жаннат аҳли тановул қилмай туриб: “Бу олдин (дунёда) тановул қилган нарсаларимизнинг ўзи-ку!” дер эканлар. Еб кўрганларидан кейин эса, жаннат меваларининг мислсиз тотли эканига амин бўлар эканлар.
Зикр этилган жаннат ва унинг неъматлари «Роббимиз – Аллоҳ» деган ва шунда собит бўлган мўмин-мусулмонлар учун «(Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот (Аллоҳ томони)дан бўлмиш зиёфатдир».
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг зиёфатидан баҳраманд бўлувчи бандалари қаторига қўшсин.
Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳлис сунна”,
Ваҳба Зуҳайлийнинг “Тафсирул мунийр” асарларида асосида
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади.
Мусулмонлар Ҳунайн ғазотида ғалаба қозонишди. Ҳунайн ғазоти Шаввол ойида, ҳижратнинг саккизинчи йили, Макка фатҳидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳавозин ва Сақийф қабилалари ўртасида бўлиб ўтган эди. Жангда ғалаба қозонган мусулмонлар катта ғаниматга (ўлжага) эга бўлдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ғаниматларни қалби Исломга мойил бўлган янги мусулмонларга тақсимлаб бердилар. Қавмнинг катталари Абу Суфён, Уяйна, Ақраъ, Суҳайл ибн Амр ва бошқаларга ҳам бердилар.
Ваҳоланки, улар Қурайш мушрикларининг энг катталари бўлиб, узоқ йиллар Пайғамбаримизга қарши урушган кишилар эди. Ушбу ғаниматлар тақсимланишидан бир неча кун олдингина исломни қабул қилишган эди. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларга (Мадиналик саҳобаларга) ушбу ғаниматлардан ҳеч нарса бермадилар.
Ҳолбуки, улар Исломни ёйиш ва Пайғамбар алайҳиссаломни ҳимоя қилиш учун қонларини тўккан, жонларини фидо қилган кишилар эди. Бу ҳолат уларнинг қалбларига оғир ботди ва хасратланиб шундай дейишди: «Қиличларимизнинг тиғидаги душманнинг қони ҳали қотгани йўқ, аммо ғаниматлардан бошқалар баҳраманд бўлди. Бизга эса, ҳеч нарса берилмади».
Бу борада Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу келиб Пайғамбаримизга бўлаётган гаплар хақида, одамларнинг қалбидаги хафаликни айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Саъд, сен бу ҳақда нима дейсан?” дедилар. Саъд: “Мен ҳам қавмим тарафидаман”, деб жавоб берди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қавмингни менинг ҳузуримга йиғ”, дедилар. Улар тўпланганларидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламжуда буюк, ниҳоятда таъсирли, қалбларни жумбушга келтирувчи, кўзларни ёшга тўлдирувчи хутба қилдилар.
У зот уларга мулойимлик ва муҳаббат билан қуйидагича мурожаат қилдилар: “Эй ансорлар! Мен сизларни гумроҳ ҳолда топмаганмидим? Аллоҳ таоло мен туфайли сизларни ҳидоят қилмадими? Сизлар тарқоқ ва пароканда эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен сабабли сизларни бирлаштирмадими? Сизлар фақир ва муҳтож эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен орқали сизларни бой қилмадими?”.
Ҳар сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савол билан мурожаат қилганларида, улар: “Аллоҳ ва Унинг Расулидан миннатдормиз”, деб жавоб қайтаришарди.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима учун менга жавоб қайтармаяпсизлар?” дедилар. Улар яна: “Аллоҳ ва Расулидан миннатдормиз!”, дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар истасангиз, сизларнинг ҳам шундай дейишга ҳаққингиз бор: “Сиз бизнинг ҳузуримизга қавмингиз томонидан инкор қилинган ҳолда келдингиз, биз эса, сизни тасдиқладик. Сиз қавмингиз томонидан ёлғончига чиқарилган эдингиз, биз сизга ишондик, имон келтирдик ва сизга ёрдам бердик. Сиз ўз юртингиздан қувилдингиз, биз эса, сизга паноҳ бердик. Сиз муҳтож ҳолда келдингиз, биз эса, Сизни ўз мол-мулкимизга шерик қилдик”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзларни айтганларида улар: Аллоҳ ва Унинг расулигина бизларга миннат қилишга ҳақли, дейишди. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларни уларга тавозелик ва инсоф юзасидан айтган эдилар. Лекин, ҳақиқатан олганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миннат қилишга ҳақли эдилар, улар ҳар қанча миннатдор бўлсалар арзийди. Чунки агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари бўлмаганида, уларнинг орасида яшамаганларида, уларнинг бошқалардан фарқлари бўлмас эди. Ансорларнинг шаъни юксалмас эди, қадрлари кўтарилмас эди.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қараб: “Эй ансорлар! Нима деб ўйлайсизлар, бошқалар қўй ва туялар билан уйларига қайтсалар, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан уйларингизга қайтишни истамайсизларми? Бундан розимасмисизлар?”-дедилар.
Бу гапнинг нақадар улуғлиги, ансорларнинг қалбига етиб боришлигини билганлари учун ҳам Расулуллоҳ уларга ғаниматдан бермаган эдилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Агар ҳижрат қилмаганимда, албатта мен ансорлардан бўлар эдим, агар одамлар бир водийда юрсалар, мен ансорлар юрган йўллардан юрар эдим, ансорлар мен учун ички кийимимдек, бошқалар эса ташқи кийимимдек”, дедилар ва: “Аллоҳим ансорларга раҳматингни ёғдир, уларнинг фарзандларига ва фарзандларининг фарзандларига ҳам”, деб уларнинг ҳаққига дуо қилдилар.
Бу сўзларни тинглаган ансорларнинг кўзларидан ёшлар тўкилди, соқоллари хўл бўлди. Улар йиғлаган ҳолатда: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биз билан бўлишларига розимиз, бизнинг ғаниматимиз, бизнинг улушимиз бўлганларидан розимиз!” — дейишди.
Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни келажакда бўладиган фитналардан огоҳлантириб шундай дедилар:
“Мендан кейин сизлар ўзингизга нисбатан адолатсизликни кўрасизлар, аммо сабр қилинглар. Менинг ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар!”.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ