Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Март, 2025   |   10 Рамазон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:25
Қуёш
06:43
Пешин
12:38
Аср
16:38
Шом
18:27
Хуфтон
19:40
Bismillah
10 Март, 2025, 10 Рамазон, 1446

Қозоғистон муфтийси: бу қарор бизнинг диний бирлигимизга мисол

21.06.2018   3085   1 min.
Қозоғистон муфтийси: бу қарор бизнинг диний бирлигимизга мисол

Жорий йилнинг 19 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси Серикбай ҳожи Ўраз билан учрашди. Ушбу учрашув Чимкент шаҳрида «Қозоғистон—Ўзбекистон: диний алоқаларининг янги босқичи» мавзусидаги халқаро форум доирасида бўлиб ўтди.

Икки мамлакат муфтийлари ўзбек-қозоқ биродарлигини янада мустаҳкамлаш борасида фикр алмашдилар.

Қозоғистон муфтийси Серикбай ҳожи Ўраз ушбу йилда Марказий Осиё уламоларининг Рамазон ойи бошланиши ва Рамазон ҳайити саналарини биргаликда кенгашган ҳолда белгилаганлари муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

"Бу тарихий қарор - бизнинг диний бирдамлигимизнинг ёрқин намунасидир. Қозоғистонда Ўзбекистон йили муносабати билан ҳамкорликнинг янги қирраларини кашф этишимиз, мавжуд йўналишларда ҳаракатларни фаоллаштиришимиз ва тизимли равишда амалга оширишимиз зарур", деди Серикбай ҳожи Ўраз.

Ўз навбатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам юқори даражада ташкил этилган анжуманга таклиф этгани учун миннатдорлик билдирди. Диний соҳада ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳамкорликда ўзбек ва қозоқ тилларидаги диний китоблар нашр қилиш, ёшларни тарбиялаш борасида тажриба алмашиш, икки мамлакат муқаддас қадамжоларига зиёратни ташкил этиш бўйича алоқаларни мустаҳкамлаш борасида ўз фикрларини билдириб ўтдилар.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Жаннат аҳли нимадан пушаймон бўлади?

7.03.2025   3319   3 min.
Жаннат аҳли нимадан пушаймон бўлади?

Олдига қўйган  олий мақсадига эришган ва жаннатни қўлга киритган одам ғам-ташвиш чекиши мумкинми? Бу саволга аввалгию охиргиларнинг саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бериб: “Жаннат аҳли бирор нарсага қайғурмайди, фақатгина Аллоҳни зикр қилмай ўтказган онларига афсус қиладилар, холос”[1], деганлар.

Эътибор беринг-а! Улар жаннат боғларида бўла туриб нимага ачинадилар, нимага афсус қиладилар? Фақатгина Аллоҳни зикр қилмай ўтказган онларига! Бизнинг эса қанчадан-қанча вақтимиз Аллоҳнинг зикридан холи тарзда ўтиб кетяпти... Бу дунёда ўтган вақтимиз учун ачиняпмизми?!

Имом Авзоий айтадилар: “Дунёдаги бирор вақт йўқки, бандага қиёмат куни кўрсатилмаса. Банданинг дунёдаги ўтказган вақти сонияма-сония, дақиқама-дақиқа, соатма-соат, кунма-кун кўрсатилади. Бирор вақт Аллоҳнинг зикрисиз ўтиб кетган бўлса, банданинг қалби ҳасратдан тилка-пора бўлади. Борди-ю, шу тарзда соат кетидан соат, кун кетидан кун Аллоҳнинг зикрисиз, истиғфор ва тафаккурсиз ўтказилган бўлса, у ёғини тасаввур қилаверинг...".

Набий алайҳиссалом: “Якка-яккаловчилар ўзиб кетишди”, дедилар. Саҳобалар: “Якка-яккаловчилар кимлар, ё Аллоҳнинг Расули”, дея сўрадилар. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва аёллар”[2], дедилар.

Аллоҳ таоло Раъд сураси, 28-оятида: «Улар иймон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир...», дея марҳамат қилади. Ким нимани яхши кўрса, унинг зикрини кўпайтиради. Аллоҳнинг чин мухлисларидек Унинг зикри ила машғул бўлинг! Ким нимани улуғласа, унинг қадрини кўтаради. Ориф бандалардек Аллоҳни улуғланг!

Аллоҳнинг зикри гуноҳкорлар учун зидди заҳардир. Умрини Аллоҳга бағишлаганлар учун улфат, инонганлар учун озиқа ва Аллоҳга ошиқларнинг шаробидир. Кечаю кундуз, сафару ҳазарда, тўқлигу йўқликда, беморлигу соғликда, пинҳону ошкорда Аллоҳнинг зикри ила машғул бўлинг. «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч У Зотни поклаб тасбеҳ айтинглар!»[3].

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Иймон ҳаловатини уч нарсада қидиринглар: намоз, зикр ва Қуръон тиловатида. Топсангиз топдингиз, акс ҳолда, бу эшик сизлар учун қулф эканини билинг!”. Мабодо сиз юқорида зикр қилинган уч амалда иймон ҳаловатини ҳис қилмасангиз, тун қоронғусида – одамлар уйқуда эканида икки ракат намоз ўқиб, дуо ва истиғфор орқали Аллоҳга яқинлашинг.  

 

Ҳассон Шамсий Пошонинг “Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

 


[1]   Имом Табароний, Имом  Байҳақий ривояти.
[2]   Имом Муслим  ривояти.
[3]  Аҳзоб сураси, 41–42-оятлар.