Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Январ, 2025   |   1 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:14
Қуёш
07:35
Пешин
12:41
Аср
15:56
Шом
17:41
Хуфтон
18:57
Bismillah
31 Январ, 2025, 1 Шаъбон, 1446

Ишнинг боши яхши ният

19.06.2018   3603   3 min.
Ишнинг боши яхши ният

Уламолар ниятни руҳга, амални жисмга қиёслаб, ният бўлмаса амал суратдан бошқа нарса эмас, дейишган. Шу боис, улуғлар амални ниятсиз бошламаганлар. Ислом оламидаги кўпгина беназир асарлар “амаллар ниятга боғлиқдир”, “ҳар кимга ният қилгани бўлади” каби муборак ҳадислар билан бошланади. Хусусан, асарлари жаҳон маданияти ва маърифати дурдоналари бўлган Жалолиддин Румий “Ичиндаги ичиндадир” асари “Олимларнинг ёмони амирларни зиёрат қилгани, амирларнинг яхшиси олимларни зиёрат этганидир...” ҳадиси билан, Шайх ибн Атоуллоҳ Сакандарийнинг “Ҳикамул атоийя” китоби эса “Тойилиш вужудга келганда умидсиз бўлиш амалга суянишнинг аломатларидандир” ҳикмати билан бошланади. Тафаккур қилинса, бу асарларнинг муқаддимаси моҳияти ният билан боғлиқ.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Хислатли ҳикматлар шарҳи” тўпламини “Бандаларига нафсларини поклашни ва хулқларини сайқаллашни фарз қилган Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!” дея бошлайдилар.

Аслида “Бисмиллоҳсиз бошланган ишнинг охири кесикдир” деган ҳадис ҳам банданинг ниятига бориб тақалади. Ҳаётда кунда, кун ора ниятнинг нақадар аҳамиятли эканига гувоҳ бўламиз.

Фарзандини ёлғиз боши билан вояга етказган бир опа тўрт-беш йил олдин “Вақти-соати келиб, қизимнинг ўқишга киришига яраб қолар”, деб жамғарган пулини савдогарга фоиз ҳисобидан бериб қўйган экан. Қарангки, ўша қизнинг тўплаган бали давлат ҳисобидан ўқийдиган ёки шартнома асосида таълим оладиган гуруҳнинг эмас, қўшимча шартнома (супер контракт) эвазига ўқийдиган гуруҳнинг рўйхатида турибди-да. Опа ҳисоблаб кўрса, ўтган йиллар ичида пули болалаб-болалаб етмиш миллионни “пайдо қилибди”. У судхўр шеригининг олдига шошди. Шерик эса бундан икки-уч йил бурун касодга учраб, қарзлар ботқоғидан чиқолмай қолганди. Ёрти ниятли опа қанчалик чиранмасин, ундан пулини ололмади. Оқибатда, ўзи ўйлаган мезондан дақиқроқ ва қатъийроқ низомларнинг борлигига, ишнинг натижаси ният билан хайрли бўлишига тан берди.

Энди мана бу воқеани мулоҳаза қилайлик:

...Бундан анча йиллар аввал бир никоҳ ўқилди. Мулла Дўстмуҳаммад домла (Аллоҳ раҳмат қилсин)  ақдни боғлашдан олдин маҳрни икки миллион этиб белгиладилар. Ҳамма ҳайратланди (Ўша пайтда икки миллион анча катта пул эди). Сўнг лафзларини жамоатга ҳавола этиб, уларнинг изни билан Аллоҳ ризолиги учун бир миллиондан, Расули Акрамнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) розилик, шодлик ва хотиротлари юзасидан беш юз мингдан, ўша ерда жамланган ва жамланмаган мўминларнинг ҳурмати риоясидан икки юз эллик мингдан кечиб юбордилар. Маҳр пули икки юз эллик минг сўм қолди.

Бу воқеадан сўнг қўлдан катта миқдордаги пул бой берилгани учун келин бўлмишнинг қариндошларидан баъзилари куйинди, аммо келиннинг ўзи никоҳ арафасида шунча яхшиликни қўлга киритибман-а, деб хурсанд бўлди. У аёл ҳалигача ўша воқеани шукрона, миннатдорчилик билан эслайди.

 

Муслима Ҳусниддин қизи

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Роббим, Ўзинг мени уйғотгин

31.01.2025   996   9 min.
Роббим, Ўзинг мени уйғотгин

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Асли Бангладешлик ёш олимлардан бири, ҳозирда Буюк Британияда истиқомат қилувчи Аҳмад Маҳфуз ёзади:

2024 йилнинг 25-31 декабрь кунлари Истанбулга илмий сафар қилдим. Бу менинг қадимий Қустантиния(Византия)га бўлган бешинчи сафарим эди. Сафардан кўзланган мақсад улуғ, муҳаққиқ олим, йирик муҳаддис, шайх Муҳамммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ билан учрашиб, у кишининг фойдали суҳбатларидан баҳраманд бўлиш эди. Сабаби, Муҳаммад Аввомадек олимларнинг суҳбатлари бағоят манфаатли. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳнинг: “Соҳасини мукаммал билувчи олимнинг суҳбатида бўлиш, соатлаб, ҳатто кунлаб китоб ўқишдан кўра фойдалидир” деган сўзлари ҳам бунинг яққол далилидир.

Сафарни режалаштиришдан олдин, Шайхимизнинг ўғиллари,  Муҳйиддин Аввома ҳафизаҳуллоҳ билан боғландим.  У  киши менга, оталарининг илмий фаолиятлари ва турли китобларининг таҳқиқи билан банд эканликлари, қолаверса соғлиқларидаги ўзгаришлар сабабли фақат қисқа муддатга кўришишимиз мумкинлигини маълум қилдилар.

Меҳмонхонамиз Шайхимизнинг Истанбулдаги дарсхоналарига яқин эди. Шайх Муҳйиддин бизни тушликка таклиф қилиб, олиб кетиш учун машина жўнатдилар. Бу шайх Муҳйиддин ҳафизаҳуллоҳнинг юксак саховат ва гўзал хулқларидан далолатдир, Аллоҳ у кишини яхшилик ила мукофотласин.

Шайхимиз билан биринчи учрашувимиз 2024 йил 26 декабрь, пайшанба куни туш пайтида бўлди. Ушбу қисқа суҳбатда, шайхимиз аввало Муҳаммад Анвар Шоҳ Кашмирийнинг "آثار السنن" китобига ёзган таълиқларининг нашр ишлари ҳақида сўрадилар. Мен шундай жавоб бердим: "Мен 2023 йил октябрда Карачи шаҳридаги илмий сафаримда Аллома Муҳаммад Юсуф Баннурийнинг ўғли Шайх Муҳаммад  Ҳабибуллоҳдан: “Аллома Кашмирийнинг ушбу таълиқлари устидаги ишлар ниҳоясига етган, тез орада бир неча мужаллад қилиб нашр қилинади» деб эшитган эдим. Шайхимиз: “Бундай хабарларни узоқ вақтдан буён эшитиб келяпмиз, лекин китоб ҳали чоп этилмаган”, – дедилар.

Шайхимизнинг иккинчи саволлари: “Аллома Юсуф Баннурий ўзининг устози Аллома Кашмирийни неча йил лозим тутиб, у кишидан дарс олган?” –  деб сўраганлари бўлди. Мен аниқ жавобни билмасдим,  “унчалик кўп эмас, тахминан беш йил атрофида бўлиши мумкин” дедим. Шайхимиз: “Ҳа, мен шу масалани узоқ вақтдан бери қидиряпман”, дедилар.

Охирида шайхимиз: “Янги нашр қилинган асарларинг борми?” –  деб сўрадилар.

Ўтган йили каминанинг таҳқиқи билан “الآمالي على سنن أبي داود” китоби икки жилдда нашр қилингани, ўтган йили охирги учрашувимизда , ундан шайхимизга ҳам ҳадия қилганим эсимда эди. Ўшандан кейин бошқа янги нашрларим бўлмаганини, магистратура дисертациям ва бошқа инглиз тилидаги тадқиқотларим билан банд бўлганимни билдирдим.

Шайхимизнинг алоҳида эътибори мени жуда илҳомлантиради. 2019 йил октябрь ойида

 “الفوائد المنتقاة من آمالي إمام العصر محمد أنوار شاه الكشميري”  номли китобимни  шайхимизга тақдим қилгандим. Шундан буён, ҳар сафар учрашганимизда, шайхимиз Кашмирийнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида гапирадилар ёки менга бу мавзуда саволлар берадилар. Шайхимиз мени, бу катта олимни ҳаддан ташқари яхши кўрувчи ва у кишининг ходимларидан бири деб ўйлашларини ҳис қиламан. Бу шунчаки  ички ҳиссиёт бўлиши мумкин, лекин бу ҳолат мени жуда илҳомлантиради.  Айнан шу илҳом имом Кашмирий ва бошқа имомларимизнинг илмий меросларини чуқурроқ ўрганишга туртки беради. Шайхимизнинг бу ишлари камина ҳақида яхши фикрда эканликларидан  деб ўйлайман ва Аллоҳ таолодан бу кичик, камтарона хизматимизни қабул қилишини сўрайман.

Шайхимиз билан 27 декабрь, шанба куни яна бир бор учрашишга муяссар бўлдим. Мен у кишига  Аллома Баннурий имом Кашмирийни қанча вақт лозим тутгани ҳақида қидирганимизни,  Урду тилидаги мақолада Аллома  Баннурийнинг ўзи: “Мен олий диний таълимни Дебанддаги “Дорул Улум”да ҳижрий 1345-1347 йилларда олдим. Сўнг шайхимиз аллома, имом Анвар Шоҳ Кашмирийни кечасию кундузи лозим тутдим. Бу тўлиқ бир йилдан зиёдроқ давом этди”,  деган гапларини топганимиз хабарини бердим. Бу мақола Карачидаги ислом илмлари университетининг кам сонли чиқадиган “Баййинот” журналида чоп этилган бўлиб, уни Шайх Муҳаммад Ҳабибуллоҳ Мухтор араб тилидан урду тилига таржима қилган ва чоп эттирганди. Мақоланинг асли араб тилида аллома Баннурийнинг ўзи томонидан ёзилган экан.

Шайхимиз бу маълумотдан жуда хурсанд бўлдилар, ва аллома Баннурий имом Кашмирийнинг шогирдлари ичида ажралиб турганини зикр қилдилар.

Шундан кейин шайхимиз Имом Анвар Шоҳ Кашмирийнинг шогирдларидан яна бири, Бадр Олам Миртаҳий ҳақида қизиқ бир воқеани ҳикоя қилиб бердилар. Бу зот Имом Кашмирийнинг “Саҳиҳи-Бухорий”га ёзган шарҳларини машҳур “Файзул Борий” китобига жамлаганлар.

“Бир куни  Бадр Олам Мадинада, равзаи-шариф олдида чиройли, оқ либосда юрганида, бир киши унга яқинлашиб, ким эканини сўраган. Бадр Олам ўзини таништириб: “Мен Бадр Оламман”, деганида, ҳалиги киши: “Йўқ, сен Бадр Олам эмассан, Бадр Олам бу қабрнинг эгаси!” – деб қабрга ишора қилган экан.(бу ердаги Бадр Олам исм бўлиб, у луғатда бутун дунёнинг ёрқин, тўлин ойи маъносини билдиради). Шайхимиз бу қизиқарли ҳикояни айтиб бўлиб, одатларига мувофиқ табассум қилдилар.

Менинг одатим шуки, катта олимларнинг оила аъзолари билан учрашиб қолсам, бу олимнинг шахсий ва оилавий ҳаётидан ўрнак олиш мақсадида баъзи саволларни бераман. Истанбулдаги охирги кечамизда, Шайхимизнинг ўғиллари Муҳйиддин Авомма бизни меҳмонхонадан уйларига олиб кетиш учун иккинчи ўғиллари Муҳаммадни юборди. Муҳаммад инглиз тилида атеистларга қарши жуда яхши китоб ёзган киши. У машинани бошқариб, бизни олиб кетаётганда, мен гап бошлаб: “Аллоҳ сизнинг оилангизни илмда бизларга етакчи бўлишингиз учун танлади, энди сиз машинада ҳам бизнинг етакчимизсиз!” дедим. Биродаримиз Муҳаммад табассум қилди,  сўнгра мен унга: “Биз ҳар доим бобонгизнинг илмий китобларини ўқиб, ундан кўплаб фойдалар оламиз. Лекин сиз шайхимизни яқиндан биласиз, шахсий ҳаётларидан бирон-бир фойдали маълумотни биз билан бўлишсангиз” дедим. У: “Сизларга иккита нарсани айтишим мумкин. Биринчиси, бобом дунё ишлари ҳақида ҳеч қачон гапирмайди, сўзлари фақат илм ҳақида бўлади. Ҳатто сув сўраганда ҳам, гапириш ўрнига қўллари  билан ишора қиладилар. Иккинчиси, у киши жуда кучли ирода соҳиби, ҳимматлари жуда олий. Ёшлари катта бўлишига қарамасдан, ҳеч қандай дангасалик аломатларини кўрмайсиз.

Етиб борганимизда, бошқа бир ўринда, Муҳйиддин Авоммага шу саволни бердим. Аллоҳга ҳамд бўлсин, у киши бизга отасининг кундалик жадвали ҳақида кўплаб муҳим маълумотларни айтиб берди. Бу суҳбат биздек илм толибларига жуда фойдали бўлди. Қуйида у кишининг гапларининг қисқача мазмунини келтираман. Ушбу жадвални биродаримиз Абдуллоҳ Фаҳем суҳбат ёзилган тўлиқ тасмадан ажратиб бердилар.

Шайхимизнинг ўғиллари, доктор  Муҳйиддин Авомма айтадилар:

“Мен отамни умридан бир дақиқани ҳам беҳуда сарфлаганини кўрган эмасман. У кишининг вақт сонияма-сония режалаштирилган. Бу отамнинг  икки асосий устозлари: Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда ва Шайх Абдуллоҳ Сирожуддинларнинг йўналишларини ўзларида мужассам қилганликлари сабаблидир. Отам ўзларини илм ва ибодат орасида қаттиқ ушлайдилар. Шайх Абдулфаттоҳ илм ва таҳқиққа қаттиқ эътибор беришлари билан машҳур бўлса, Шайх Абдуллоҳ илмга қўшиб тасаввуф, кечаси намоз ўқиш кабиларни жамлаганлари билан машҳур.

Отам иккала жиҳатни – илмга бўлган катта эътибор, ҳар бир сонияни қадрлаш ҳамда  тасаввуф орасини бирлаштирган. Албатта, бу жисмоний ҳолатлари ва соғликларига бевосита боғлиқ.

Отам шу ёшларида ҳам кеч соат 12:00да ухлашга ётадилар. Нимага бунча кеч ухлашларини сал кейин тушунтираман. Лекин ҳар куни бомдоддан  уч ярим соат олдин уйғонадилар. Бу ёз кунлари кечаси ухлашга улгурмайдилар, дегани. Чунки соат 4:00 да бомдодга азон айтилади,  ундан уч ярим соат олдин эса, 12:30 бўлади ва фақат ярим соат вақт қолгани учун ухламасдан, тунларини кундузига улаб юборадилар. Қиш кунлари кечалари узун бўлганда ҳам, ҳеч қачон керакли пайтда уйғотиш учун “уйғотгич” (будильник) қўймайдилар. Отам менга: “Мен Роббимга дуо қилиб,  “Роббим, менинг қачон уйғонишимни истасанг – шунда уйғот” деб айтаман, у доим бомдоддан уч ярим соат олдин уйғотади” дегандилар.


Ҳадис илми мактаби талабаси
Саидмаҳмудхон Урватиллаев таржимаси