Болалигимда, бир сеҳрли кечада лайлак учиб келиши, у учиб ўтаётганда инсон нимани ушласа, ўша нарса олтинга айланиб қолиши ҳақидаги ривоятни эшитганимдаги ҳайрат ва ҳаяжонни ҳозир ҳам тасвирлаб бера олмайман. Ҳатто, бир аёл лайлакнинг учиб ўтишидан чўчиб кетиб, бешикдаги боласини ушлаб, бешик устига ёпирилган. Шунда унинг боласи тиллага айланиб қолган.
Энди билсам, ғамхўр оналаримиз балки ўшанда бизга тушунарли бўлиши учун, бизнинг тилимизга тушиб “Лайлатул қадр” сўзидан лайлак ҳақидаги чўпчакни, у кеча “минг ойдан яхши” бўлганидан ушлаган нарсаси олтинга айланиши ҳақидаги ривоятни тўқиб, шу билан бизнинг бу – Буюк Қадр кечасига муносабатимизни шакллантирган, муҳаббату ҳайратимизни оширган эканлар.
Мана йиллар ўтиб, улғайган бўлсакда, қадр кечаси кириб келаётганда ўша лайлак ҳақидаги бувиларимизнинг ривоятлари онгимизда бир чақнаб ўтади. Эҳтимол, бу нотўғри ёндашувдир. Бироқ боланинг қалбига бу кечанинг қадрини муҳрлашнинг бундан зўр йўлини тополмайсиз. Бугун қадр кечасининг моҳиятини тўлиқ англаган бўлсакда, бу кечанинг қадри бизнинг онгимизда бувиларимизнинг ўша ривоятлари билан жонлаланади, жозибаланади. Қалбимиз ўша болалигимиздагидек беғубор, ниятларимиз пок бўлиб кечага кирамиз. Эҳтимол ўзга миллат (мамлакат) мусулмонлари онгида қадр кечаси бундай гўзал гавдаланмас?!
Энди Қадр кечаси моҳиятини яна бир бор эслайлик! Авволо бу кеча ойларнинг султони – Рамазон ичида келади. Бу кечада Қуръони Карим тўлиғича нозил бўлган. Қурони каримда унинг минг ойдан яхши кеча эканлиги ҳақида ёзилган. Рамазон ойи пайғамбаримиз с.а.в.га илк ваҳий келиб, “Алақ” сурасининг дастлабки 5 ояти нозил бўлгани, башариятга ислом дини юборилгани билан муқаддас саналса, энг муқаддас ойдаги бу кеча инсон тақдирига боғлиқлиги билан – энг буюк кеча.
Кечанинг Қуръони Каримда келтирилган арабча номи “Лайлатул Қадр” бўлиб “Лайл” сўзи “тун, кеча” маъноларини англатади. “Қадр” эса “Қадр-қиммат, боҳо, тақдир, ўлчов” маъноларини билдиради. Мусулмончиликда инсон тақдири азалдан, Яратган томнидан белгилаб қўйилганига имон келтирилади. Бу кечада Эгамиз оламнинг кейинги йилги шу кечагача бўлган тақдирини – ҳаётнинг аччиқ-чучугини, пасту баландини белгилайди. Бу – тақдир кечаси.
Қадр кечаси қачон бўлиши аниқ айтилмаган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Қадр кечасини рамазон ойининг охирги ўн кунлигидан изланг” деганлар. Уламолар манбаларни таҳлил қилиб, бу кеча рамазоннинг 26-дан 27-га ўтар кечаси юз беришига иттифоқ қилганлар. Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан бу кеча айнан қайси кунда юз беришини сўрашганида, у зот “Албатта айтардиму, айтсам одамлар бошқа кечаларда намоз ўқимай қўядиларда” деб жавоб берганлар.
Яна, Пайғамбар (с.а.в.)дан қадр кечасида нима билан машғул бўлиш лозимлиги тўғрисида сўрашганда, ул зот “Парвардигорим! Сен кечиримли, сахий зотсан! Кечиришни севасан! Биз (бандаларинг)ни (Ўзинг) кечир!” дейиш кераклигини айтганлар. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ўзлари рамазон ойида ва бошқа вақтларда машҳур “Роббана, атина...”, яни, “Роббим! Бу дунёда яхшилик насиб қил! Охиратда яхшилик насиб қил! Дўзах азоби(нг)дан асра!” дуосини энг кўп ўқиганлар.
Бу кечада намоз ўқиш, жўшқин ибодат ва дуо билан машғул бўлиш тавсия қилинади.
Ҳадиси шарифда “Ким қадр кечасини чин ихлос билан ўтказса, ҳаёти давомида қилган барча гуноҳлари кечирилади” дейилган.
Қадр кечаси – буюк кеча! Чин дилдан бу кечани топаман десак, албатта, унинг хусусиятлари бизга аён бўлади. Хусусан, Қадр кечаси бошланадиган куннинг тонгида қуёш нури кучли бўлмайди, аммо кечанинг ўзи мунаввар бўлади. Кечаси ҳаво мўътадил бўлади, майин шабада эсади. Инсон қалби юмшайди, таскин топади. Чин дилдан тоат-ибодат қилганимизда кечанинг фазилати ва барокоти инганини ҳис қиламиз. Бу кечада осмондан Жаброил (а.с.) бошчилигида сон-саноқсиз фаришталар ер юзига тушганини, замин гўё уларга торлик қилаётганини, тонгга қадар фаришталар бизга салом айтаётганини ҳис қиламиз. Мана шу – қадр кечаси! Бизга момоларимиз “Лайлак” ривояти билан тушунтирган, Яратганнинг бебаҳо неъматларига ноил бўлинадиган сеҳрли кеча!
Қадр кечасида дуо қилайлик: Парвардигоро! Сен кечиримли, сахий Зотсан! Кечиришни севасан! Бизни, ўтганларимизни Ўзинг авф эт! Дунё ва охиратда яхшилик насиб қил! Дўзах азоби(нг)дан асра! Розилигингдан, жаннатингдан, дидорингдан умидвормиз! Ўзинг қулим де!
Муҳаммадамин НАСРИЕВ
Тошкент ислом институти ходими
Бугунги кунда Имом Мотуридий ва мотуридийлик ҳақида кўплаб китоб, мақола, магистрлик, докторлик ишлари бажарилмоқда. Имом Мотуридий ҳаётини атрофлича ўрганиш, унинг фиқҳ, ақида ва тасаввуф фанларига алоқадор жиҳатларини очиб бериш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.
Имом Мотуридий халқни жипслаштиришда, унинг билимини мустаҳкамлашда, бағрикенглик тамойилларини ёйишда муҳим аҳамият касб этади. Унинг адашган тоифалар билан кескин тортишувлари, соғлом эътиқод асосларини ҳимоя қилиши мусулмонлар орасида илиқ қабул қилинган. Бугунги кунда ҳам Мотуридийнинг илм-маърифатга бўлган муносабати халқимиз маънавий ҳаётида алоҳида ўрин эгаллайди.
Мотуридий таълимотлари нафақат диний, балки умуминсоний қадриятларга ҳам асосланган. У инсонлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни алоҳида таъкидлаб, мусулмонлар орасида тинчлик ҳамда тотувликка чақирган. Бу ғоялар бугунги кунда жамиятимиз учун ҳам долзарб ҳисобланади.
Абу Мансур Мотуридий ҳаёти ва ижодига оид манбалар Абул Юсур Паздавий (493-1100)нинг “Усул ад-дин”, Абу Муин Насафийнинг (508-1114) “Табсират ал-адилла”, Ибн Фазлуллоҳ Умарийнинг (749-1348) “Масолик ал-абсор фи мамолик ал-амсор”, Абдулқодир ибн Абул Вафо Қурашийнинг (775-1373) “ал-Жавҳарат ал-музия фи табақот ал-ҳанафия”, Ибн Қутлубуғонинг (879-1474) “Тож ат-тарожим”, Муҳаммад Муртазо Забидийнинг (1205-1791) “Итҳоф ас-содат ал-муттақин би-шарҳи Иҳё улум ад-дин” ва Муҳаммад Абдулҳай Лакнавийнинг (1304-1887) “ал-Фавоид ал-баҳия фи тарожим ал-ҳанафия” асарларида учрайди. Шунингдек, замонавий тадқиқотчилардан Абдулмалик Саъдий, Шовосил Зиёдов, Саидмухтор Оқилов, Сўнмас Қутлуғ, Ҳамза Бакрий, Саъд Аҳмад Даманҳурий, Билқосим Ғолий каби мутахассислар мавзу доирасида рисола ва илмий ишлар эълон қилган.
Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий (333-944) – ислом оламининг буюк олимларидан бири бўлиб, унинг номини тилга олган ҳар бир мусулмон илму ирфон ва маърифат оламининг беқиёс нурини ҳис этади. Мотуридий ўз даврида нафақат ақида ва калом илмида, балки умумий ислом илмларини шакллантиришда ҳам беқиёс ҳисса қўшган буюк зотдир. У танлаган йўл бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотмаган ва мусулмон умматининг маънавий мероси сифатида ўрганилиб келмоқда.
У яшаган даврга келиб (IX асрнинг охири – X асрнинг биринчи ярми) Мовароуннаҳрда тўғри йўлдан адашган турли гуруҳ ва фирқалар кўпайди. Уларнинг аксари иймон-эътиқод масалалари бўйича баҳсу мунозаралар туфайли вужудга келган эди. Мана шундай мураккаб шароитда аллома Абу Мансур Мотуридий етишиб чиқди ва уларнинг нотўғри фикрларига асосли раддиялар берди. У ҳанафий мазҳаби асосчиси Абу Ҳанифанинг (699-767 йй.) таълимотига суянган ҳолда ўзига хос калом мактабини яратди. У асос солган мотуридийлик таълимоти кейинчалик Самарқанд калом мактаби доирасидан чиқиб, бутун ислом оламига тарқалди ва суннийликдаги икки йирик калом мактабининг бири сифатида танилди.
Манбаларда Имом Мотуридийнинг “Раббоний олим ва зоҳид” деб васф этилиши, тасаввуфда уни юқори мартабаларга чиққанини англатади. Жумладан, олим ўзининг “Таъвилот ал-Қуръон” тафсирининг бир қатор ўринларидаги оятлар шарҳида илоҳий муҳаббат, зуҳд, тақво, дунёга берилмаслик каби тасаввуфнинг нозик қирралари ҳақида сўз юритган. Мазкур оятларнинг тафсирида келган маълумотлар Имом Мотуридийнинг тасаввуф пешвоси сифатида баҳолаш имконини беради.
Хусусан, у “Аҳзоб” сурасининг 113-ояти шарҳида зуҳдни икки қисмга тақсимлаб, уни батафсил изоҳлаган. Шунингдек, Имом Мотуридий: “Ер юзи набий ёки валийдан холи бўлмайди” деган. Абул Юсур Паздавий (ваф. 493-1100) ўзининг “Усул ад-дин” асарида Имом Мотуридий ҳақида қуйидагиларни қайд қилган: “У каромат соҳиби ва аҳли сунна вал жамоанинг раисларидан бўлган. Бобом Зоҳид Абдулкарим ибн Мусодан нақл қилишича, Мотуридийнинг кўплаб кароматлари бўлган”.
Алишер Навоий ўзининг “Насойим ал-муҳаббат” асарида ҳам Имом Мотуридийнинг кароматини зикр қилиб, у киши ҳақида шундай деган: “Шайх Абу Мансур ал-Мотуридий ўз замонининг аълам уламоси эрмиш. Ул вақт уламоси аларни “Султон ал-муиззин” дер эрмишлар. Зоҳир ва ботин улумлари била ороста эрмишлар”.
Бугунги кунда мотуридийлик таълимотини изчил ўрганиш, манбаларини атрофлича таҳлил қилиш хорижий ва маҳаллий мутахассислар олдида турган улкан вазифалардан биридир. Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази томонидан олимнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-тавҳид” асарларини ўзбек тилига таржима қилиниши юртимизда мотуридийлик таълимоти тадқиқ қилинишининг янада ривожланиши белгиси сифатида баҳолаш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига асосан жорий йилда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланиши ва Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – барикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” номли халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилиши буюк олимнинг хизматларини халқаро миқёсда эътироф этилишига замин яратади.
А.Аллоқулов, Имом Мотуридий халқаро
илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи.
ЎзА