Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Апрел, 2025   |   30 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:57
Қуёш
05:25
Пешин
12:26
Аср
17:14
Шом
19:20
Хуфтон
20:42
Bismillah
28 Апрел, 2025, 30 Шаввол, 1446

Рамазон бонусларидан унумли фойдаланайлик

23.05.2018   45583   2 min.
Рамазон бонусларидан унумли фойдаланайлик

Шундай улуғ кунларда яна нималар қила олишингиз мумкинлигини ўйлаб, тафаккур қилинг, албатта, сармоянгиз жуда улуғ бўлади.

Аллоҳ ҳаммани имконият ва кўриниш жиҳатдан ҳар хил қилиб яратган. Кузатиб  Аллоҳнинг шундай меҳрибонлигига гувоҳ бўлдимки, ҳамма инсонлар ўз ҳолатига қараб савоб амал қилиш имкониятига эга экан. Биз хақир санаган баъзи амаллар Аллоҳ наздида юқори бўлиши мумкин:

– Қариндош ва танишларимиз билан орамизда бўлган гина-кудуратларга чек қўяйлик;

– Неки эзгулик қилмайлик, иккиланишдан йироқ бўлсин;

– Чарчоғингиз сабаб нафл ибодатларга ожизлик қилаётган бўлсангиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳад кўп саловат айтинг;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Рўзадорнинг дуоси рад этилмайди” (Имом Аҳмад ривояти). Шунинг учун ифторлик пайтида кўп-кўп хайрли дуоларни қилишга шошилинг;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақанинг энг афзали Рамазонда берилган садақадир”, деганлар (Имом Термизий ривояти). Кам миқдорда бўлса ҳам Рамазон ойида баҳолу қудрат садақа қилинг;

– Бу ойнинг фазилати ва улуғлигига шубҳа қилмаган ҳолда қилинган ҳар бир амал Аллоҳ ҳузурига тўсиқларсиз боради, иншоаллоҳ.

Таассуфки, шундай воқеаларни гувоҳи бўляпмизки, рамазон ойи ҳам оддий ойларга ўхшаб бормоқда. Баъзида рўза кунларида кўча-куйда қулоққа чалинган беҳаё сўзлардан терингизнинг бир қавати шилиниб тушадигандек, гўё. Яна шу нарса ажабланарлики, кўплаб ёшу-қари “мен узрлиман” рўза тутишдан кўра фидя бериб қўя қолай, арзон экан-ку? деган гапларни гувоҳи бўляпмиз. Ахир фидя қоидаси, қодир бўла туриб рўза тутмаганлар учун эмас-ку?  Озгина нафсимизнинг қийинчилиги деб, охиратга сармоя бўладиган савобли амаллардан осонликча юз ўгирмайлик. Ахир бу улуғ кунлар шукуҳи ва таровати бошқа қайтиб келмайди.

Солиҳа ҲУСНИДДИН қизи

 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сиз Билол розияллоҳу анҳу қилган шу ишни қилганмисиз?

11.12.2024   16900   1 min.
Сиз Билол розияллоҳу анҳу қилган шу ишни қилганмисиз?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга: “Эй Билол, Исломга кирганингдан кейин савобини энг умид қиладиган амалингни менга гапириб бер. Чунки мен жаннатда олд томонимдан кавушинг овозини эшитдим”, дедилар.

Шунда Билол розияллоҳу анҳу: “Амалларим ичида савоби умид қилинадиган энг яхши амалим – агар кечаси ёки кундузи (таҳорат, ғусл ёки таяммум қилиб) покланадиган бўлсам, ана шу поклик билан насиб қилганича намоз ўқир эдим”, дедилар (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).

Таҳорат қилиб бўлгандан сўнг ўқиладиган намоз – “Шукри вузуъ” (таҳоратнинг шукри) дейилади. Бу намозни таҳоратдан кейиноқ ўқиш мустаҳаб саналади. Намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтларда ўқиб бўлмайди.

Сиз Билол ибн Рабоҳ каби таҳорат олиб бўлишингиз биланоқ икки ракат бўлсада нафл намоз ўқиганмисиз?

Уқба ибн Омир Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир одам яхшилаб таҳорат қилсаю, қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда икки ракат намоз ўқиса, албатта унга жаннат вожиб бўлади”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Бошқа ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менинг шу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб, икки ракат намоз ўқиса-ю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар