Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати милодий 2018 йил (ҳижрий 1439 йил) учун ЗАКОТ нисоби 1 грамм тиллонинг бугунги кунда бозорларимиздаги ўртача нархи 188 235 (бир юз саксон саккиз минг икки юз ўттиз беш) сўм атрофида эканини эътиборга олиб, 85 грамм тилло ҳисобидан закот нисоби 16 000 000 (ўн олти миллион) сўм экани ва мазкур сумманинг қирқдан бир (1/40) ҳиссаси, яъни 400 000 (тўрт юз минг) сўм миқдорда закот чиқаришни маъқуллади.
Бу йилги ФИТР садақасининг миқдори вилоят, шаҳар ва туманларимизнинг бозорларидаги 2 килограмм буғдой нархидан келиб чиққан ҳолда белгиланди. Масалан, 2018 йилда Тошкент шаҳар бозорларида 1 килограмм буғдойнинг нархи ўртача 2500 (икки ярим минг) сўм бўлса, демак 2 килограмм буғдой нархи 5000 (беш минг) сўм бўлади.
Бу йилги ФИДЯ миқдори доимий узр билан рўза тутолмайдиган кишилар учун бир оч одамнинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, ўртача 12 000 (ўн икки минг) сўм, деб белгиланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилиб келади. Сўнгги йилларда бу давлат билан хайрия йўналишидаги алоқалар янада ривожланмоқда. Подшоҳлик ҳар йили юртимизга xурмо меваси, озиқ-овқат маҳсулотлари, Қуръон китобларини хайрия қилиб келади.
Бир мунча вақт олдин Саудия Арабистони томонидан “Вақф” хайрия жамоат фондига ҳадя қилинган Қуръон китоблари кеча Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига етказилди. Таъкидлаш жоизки, ҳар йили мазкур институтнинг “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсида минглаб юртдошларимиз таълим олиб, муқаддас китобни бемалол ўқийдиган бўлиб етишади. Тақдим этилаётган бу Мусҳафлар эса тингловчилар учун ҳақиқий совға бўлди, дейиш мумкин.
Жами олти минг дона Қуръон китобларини институт раҳбарияти, талабалар хурсандчилик билан қабул қилиб олишди.
Аллоҳ таоло юртимиз диний таълим муассасаларини қўллаб-қувватлашни мақсад қилган мўмин-мусулмонларнинг қилган эҳсонларини Ўз даргоҳида қабул қилсин. Аллоҳ барчаларимизни илм аҳлига яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни насиб айласин.
Vaqf.uz