САВОЛ: Ассалому алайкум! Устозлар, ҳали 4 ёшга тўлмаган ўғлим бу ёруғ оламни тарк этди. Илтимос ёш болаларнинг ўлимдан кейинги ҳолатлари ҳақида маълумот берсангизлар.
ЖАВОБ: Ва алайкум ассалом!
عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا مَاتَ وَلَدُ الْعَبْدِ قَالَ اللهُ لِمَلَائِكَتِهِ: قَبَضْتُمْ وَلَدَ عَبْدِي؟ فَيَقُولُونَ: نَعَمْ، فَيَقُولُ: قَبَضْتُمْ ثَمَرَةَ فُؤَادِهِ؟ فَيَقُولُونَ: نَعَمْ، فَيَقُولُ: مَاذَا قَالَ عَبْدِي؟ فَيَقُولُونَ: حَمِدَكَ وَاسْتَرْجَعَ، فَيَقُولُ اللهُ: ابْنُوا لِعَبْدِي بَيْتًا فِي الْجَنَّةِ وَسَمُّوهُ بَيْتَ الْحَمْدِ. رَوَى هَذِهِ الثَّلَاثَةَ التِّرْمِذِيُّ
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Бир банданинг боласи ўлса, Аллоҳ фаришталарига:
“Бандамнинг боласини қабз қилдингизми?” дейди.
“Ҳа”, дейдилар.
“Унинг дил мевасини қабз қилдингизми?” дейди.
“Ҳа”, дейдилар.
“Бандам нима деди?” дейди.
“Сенга ҳамд ва истиржоъ айтди”, дейдилар.
Шунда Аллоҳ:
“Бандамга жаннатда бир уй бино қилинглар ва уни “Ҳамд уйи” деб номланглар”, дейди”.
Ушбу уч ҳадисни Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Фарзанднинг ўлими ота-она учун чексиз мусибат эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Чунки фарзанд ота-онанинг бир бўлаги, юрагининг парчаси, жигаргўшаси, кўз қувончи бўлади.
Шунинг учун ҳам фарзандининг ўлимига сабр қилган ота-оналарга катта ва улуғ мартабалар ваъда қилинган.
Булардан баъзи намуналарни юқорида келган ҳадиси шарифлардан ўргандик. Мусулмонлар ушбу таълимотларни ўзларига сингдириб олиб, ҳаётларига татбиқ қилганлар. Мусулмонлар фарзанд ўлимига сабр қилишнинг инсоният тарихидаги нодир намуналарини кўрсатганлар.
Биргина мисол келтирайлик:
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Абу Анаснинг олдига келиб:
“Бугун сен ёмон кўрган нарса ила келдим”, деди.
“Сен доимо ҳузуримга анави аъробийнинг олдидан мен ёмон кўрган нарсани олиб келаверасан!” деди Абу Анас.
“У аъробий эди. Лекин Аллоҳ уни танлаб олиб, ихтиёр этиб, Пайғамбар қилди”.
“Келтирган нарсанг нима?!”
“Ароқ ҳаром қилинди”.
“Бу сен билан менинг ажрашишимиз”, деди. Сўнгра мушрик ҳолда ўлиб кетди.
Сўнгра Абу Талҳа розияллоҳу анҳу Умму Сулаймнинг олдига келди. Умму Сулайм унга:
“Модомики мушрик экансан, сенга тегмайман”, деди.
“Йўқ. Бу сенинг истагинг эмас”.
“Менинг истагим нима?”
“Сенинг истагинг сариқ (олтин) билан оқ (кумуш)да”.
“Албатта, мен гувоҳлик бераман ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам гувоҳ қиламанки, агар сен мусулмон бўлсанг, сенинг Исломинг туфайли розиман. Эй Анас, тур! Амакингни бошлаб бор!” деди Умму Сулайм.
У (Абу Талҳа) туриб, қўлини елкамга қўйди. Бориб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашганимизда у зот бизнинг гапларимизни эшитдилар ва: “Мана, Абу Талҳа ҳузурингизга пешонасида Ислом нури порлаб келди!” дедилар. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди ва: “Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу”, деди.
Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом учун уни уйлаб қўйдилар. Аёли унга ўғил туғиб берди. Бола катта бўлиб, йўлга кирди. Отаси уни жуда ҳам яхши кўрар эди. Бир куни Аллоҳ таборака ва таоло болани қабз қилди.
Абу Талҳа келиб:
“Ўғлимнинг ҳоли қандай, эй Умму Сулайм?” деди.
“Жуда яхши. Тушлик қилиб олмайсанми? Бугун тушлигинг кеч қолиб кетди”, деди ва унга таом тақдим қилиб туриб:
“Эй Абу Талҳа, бир қавм бошқасидан вақтинчаликка бир нарсани олиб турса, у уларда Аллоҳ хоҳлаганича қолсада, кейин эгалари қайтариб олса, вақтинчалик олиб турганлар хафа бўлиши керакми?” деди.
“Йўқ”, деди Абу Талҳа.
“Ўғлинг дунёни тарк этди”, деди Умму Сулайм.
“Қани у?!”
“Ана, ётоқхонада”.
У кириб, боланинг юзини очди ва истиржоъ айтди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, Умму Сулаймнинг гапини айтиб берди. Шунда у зот:
“Мени ҳақ ила юборган Зотга қасамки, Аллоҳ бу кеча боласига сабр қилганлиги учун унинг раҳмига бир ўғил бола илқо қилди”, дедилар…
У болани туғди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Анасга дедилар:
“Эй Анас, онангнинг олдига бориб, “Ўғлингнинг киндигини кесганингдан кейин унга ҳеч нарса егизмай туриб, менга юбор”, дедилар, дегин”.
У (онам) болани икки қўлимга қўйди. Мен уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келтириб қўйдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Менга учта ажва (хурмо) келтир”, дедилар. Мен келтирдим. У зот уларнинг данагини олиб ташлаб, оғизларига солиб, чайнадилар ва боланинг оғзини очиб, солдилар, бола тамшана бошлади.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ансорийда, хурмони яхши кўради!” дедилар. Сўнгра:
“Онангга бориб, “Аллоҳ сенга бундан барака берсин ва уни яхши ҳамда тақводор қилсин”, деб айт”, дедилар”.
Имом ал-Баззор ривоят қилган.
“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръони Каримнинг тўртинчи сураси Нисо бўлиб, у Мадинада нозил бўлган, бир юз етмиш олти оятдан иборат. «Нисо» сўзининг маъноси «Хотинлар», «Аёллар»дир. Сурада аёллар тўғрисида шариат ҳукмлари батафсил баён қилингани сабабли унга шу ном берилган. Бу сура ҳажм жиҳатидан Қуръони Каримда Бақара сурасидан кейин иккинчи ўринда туради. Нисо сураси оятлари олти йил мобайнида нозил бўлган.
Сурада кўпгина шаръий ҳукмлар келиб, жумладан, етимлар ҳаққига риоя қилиш, кичик ёшдаги болалар ва заиф кишиларга раҳм-шавқатли бўлиш, аёлларга чиройли ва самимий муносабатда бўлиш, уларни ҳурмат қилиш ва ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оила ва қариндош-уруғчиликни мустаҳкамлаш, эр-хотин ўртасидаги алоқалар, уларнинг бир-бирлари олдидаги ҳуқуқ ва бурчлари, эр оилада бошлиқ ва барча масъулият унинг зиммасида бўлиши, оила тўғрисидаги бошқа ҳақ-ҳуқуқлар кенг баён қилинади. Аёллар ҳурматини юксакларга кўтариб, агар эр киши ўз аёлини яхши кўрмаса ҳам у билан ҳушмуомалада ҳаёт кечириши кераклиги буюрилади, у ёқтирмаган нарсада кўпгина ҳикмат ва яхшиликлар мавжудлиги хабари берилади.
Жамиятдаги ички ва ташқи алоқалар тўғрисида ҳам зикр қилиниб, жамият мустаҳкам бўлиши учун кишилар ўртасида бирдамлик, меҳр-шафқат, ўзаро бағрикенг бўлишлик, ҳар бир ишда адолат ва тенглик бўлиши лозимлиги таъкидланади. Жамиятни фаҳш, зулм ва фитнадан сақлаш ҳақида ҳам баён қилинади.
Шунингдек, жоҳилият пайтида мавжуд бўлган бировларнинг молини ботил йўллар билан ейиш, порахўрлик, омонатга хиёнат, кишиларнинг обрў ва ҳақ-ҳуқуқларини поймол этиш, ноҳақ одам ўлдириш каби разил ишлар муолажа қилинади. Уларнинг ўрнини исломий фазилатлар эгаллаши лозимлиги уқдирилади.
Жиҳод пайтида урушда намозни қандай адо этишнинг ҳукми ҳам шу сурада келган. Доимо оғир пайтда панд берадиган мунофиқлар ҳақидаги масалалар ҳам уруш ҳақидаги оятлар ичида муолажа этилади.
Мусо алайҳиссалом ва унинг қавми ҳақида ҳам оятлар келиб, яҳудийларнинг ўтмишдаги жирканч ишлари ва одатларига қисқача изоҳ берилиб, уларнинг хавфли кирдикорларидан мусулмонлар огоҳлантирилади. Яҳудийларнинг мусулмонлар жамоасига қарши олиб борган ишлари ҳақида ҳам баҳс юритилади. Улар мунофиқ ва мушриклар билан бирикиб олиб, Исломга, мусулмонларга қарши турли фитналар уюштириб, мусулмонларда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига шубҳа уйғотиш учун қилган уринишлари фош этилади.
Ислом ақидаси, Аллоҳ таолонинг ягона илоҳлиги ҳақида ҳам сўз юритилиб Насороларнинг ўзгартириб олган “Аллоҳ уч аслдан - ота, ўғил ва муқаддас руҳдан иборат” деган нотўғри эътиқодини тўғрилаш учун Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбар экани, Биби Марям ҳам илоҳ эмас балки Аллоҳнинг бандаси эканлиги ҳақидаги оятлар ҳам баён қилинади ва Насороларнинг ботил эътиқоди очиб берилади.
Шунингдек, сурада мерос ҳукмлари ҳам батафсил баён қилинган. Мерос илмини чуқур ўрганишга тарғиб қилинади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Фароиз (мерос илми)ни ўрганинглар ва уни ўргатинглар. Албатта, у илмнинг ярмидир. Аниқки, у ёддан кўтарилиб кетади ва у умматимдан биринчи бўлиб суғуриб олинувчи нарсадир» (Имом Ибн Можа ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳо: «Нисо сураси мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эканлигимда, яъни бирга яшаган вақтимда нозил бўлган», деганлар.
Ушбу сурани фазилатлари ҳақида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деганлар: «Нисо сурасидаги беш оят ўрнига менга дунё ва ундаги бор нарса берилса ҳам хурсанд бўлмайман». Ушбу оятлар қуйидагилар:
«Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангиз, кичик гуноҳларингизни сизлардан ўчирурмиз ва сизларни роҳатбахш манзил (жаннат)га киритурмиз», (31-оят). Уламоларимиз етмишга яқин катта гуноҳлар мавжудлигини айтишиб, уларга Аллоҳга ширк келтириш, ноҳақ одам ўлдириш, зино, бачабозлик, ароқ ичиш, ўғрилик, босқинчилик, бировни зинода айблаш, ёлғон гувоҳлик бериш, ёлғон қасам ичиш, рибохўрлик, пора олиш, қариндошлик алоқаларини узиш, ота-онага оқ бўлиш, етим молини ейиш, ўлчов ва тарозуда хиёнат қилиш, закотни маън қилиш, намозни вақтидан олдин ўқиш, узрсиз намозни вақтидан кейин ўқиш, эркак ва аёллар ўртасида қўшмачилик қилиш, амри маъруф ва наҳйи мункарга қодир бўлиб туриб қилмаслик, Қуръон таълимотини унутиб юбориш, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлиш, Аллоҳнинг макридан бепарво бўлиш, аҳли илм ва ҳофизи Қуръонларга ёмонлик қилиш ва бошқалар киради.
«Албатта, Аллоҳ бир зарра миқдорида (ҳам бировга) зулм қилмагай. Агар (ўша миқдорда) яхшилик бўлса, уни (бир неча баробар) кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ мукофот (жаннат) ато этур», (40-оят).
«Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у улкан гуноҳни тўқиб чиқарибди», (48-оят).
«Қайси бир пайғамбарни юборган бўлсак, Аллоҳнинг изни билан унга итоат қилиниши учун (юборганмиз). Агар улар ўзларига зулм қилгач, дарҳол Сизга келишиб, Аллоҳдан кечирим сўраганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун кечирим сўраганда, Аллоҳ кечирувчи ва раҳм-шафқатли эканини билган бўлур эдилар», (64-оят).
«Кимда-ким бирор ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан кечирим сўраса, Аллоҳнинг (қанчалик) кечирувчан ва раҳмли эканини идрок этади», (110-оят). Бу ояти карима ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтганлар: «Аллоҳ ўз бандаларига карами, афви, ҳилми, раҳматининг кенглиги ва мағфиратининг беқиёслиги ҳақида хабар бермоқда. Ким кичикми-каттами гуноҳ қилса-ю, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли Зотлигини топади. Гарчи гуноҳлари осмонлару ердан, тоғлардан катта бўлса ҳам».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу эса: «Нисо сурасида нозил қилинган саккиз оят бу уммат учун устидан қуёш чиққанидан ва ботганидан (дунёдаги бор яхшиликларга эга бўлганидан) яхшироқдир», деганлар. Улар 26,27,28, 31,40,48, 64, 110-оятлардир.
«Аллоҳ сизларга (шариат аҳкомларини) баён қилиш, сизларни илгари ўтган (ҳақ йўлдаги) зотларнинг йўлларига ҳидоят этиш ва тавбаларингизни қабул қилишни хоҳлайди, Аллоҳ доно ва ҳаким зотдир. Аллоҳ тавбаларингизни қабул этишни хоҳлайди, шаҳвоний ҳиссиётга тобеъ бўлганлар эса, (тўғри йўлдан) оғиб кетишларингизни хоҳлайдилар. Аллоҳ сизларга (шариат аҳкомларини) енгиллатишни хоҳлайди. Ахир, инсон заиф яратилгандир», (26-27-28 оятлар).
Сурада кўпгина шариат ҳукмлари баён қилингани сабабли уламолар уни чуқур ўрганишга тарғиб қилишади. Шундай оятлардан бири «Сенга етган яхшилик Аллоҳдандир ва сенга етган ёмонлик нафсингдандир. Биз сени одамларга Пайғамбар қилиб юбордик, шоҳидликка Аллоҳнинг ўзи кифоя қилур», (79-оят).
Уламоларимиз ушбу оятнинг тафсирини шундай изоҳлайди: Инсоннинг бу дунёда қиладиган амаллари натижаси бу дунёсига ҳам, у дунёсига ҳам тегишли бўлади. Агар инсон Аллоҳ таоло кўрсатган йўлдан юриб, шариатда буюрилган амалларни бажарса, яхшилик қилиб ёмонликдан қайтса, Аллоҳ таоло ўзининг раҳмати ила икки дунё саодатига эриштиради. Аммо, инсон Аллоҳнинг буюрган йўлидан юрмаса, Унинг шариатига амал қилмаса, қайтарган ёмонликлардан қайтмаса, бу дунёда ҳам, охиратда ҳам хор бўлади, у ўзига зулм қилади, оқибатда эса унга ёмонлик етишига ўзи сабабчи бўлади.
«Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик келтирманглар! Ота-онага, қариндошларга, етимларга ва мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга, қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас», (36-оят).
Агар барча инсонлар Қуръони Каримда буюрилган оятларга амал қилсалар жамият тинч, одамлар омон, халқ ҳаёти обод ва фаровон ҳаёт кечиришига замин бўлади.
«Ким Аллоҳга ва Расулга итоат этса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши! Бу Аллоҳдан бўлган фазлдир ва билгувчиликда Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур», (69-79-оятлар).
Ушбу оятда ҳар бир мусулмоннинг орзуси, истаги ифодаланиб, уларни ушбу йўлда янада ғайрат ва шижоат билан ҳаракат қилмоқликка, ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида ислом аҳкомларига амал қилишликка, иншааллоҳ, жаннатда эса энг юксак мақомларга эга бўлишлик учун рағбатлантиради.
“Тафсири Ҳилол”, “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”, “Қуръони азим
мухтасар тафсири” ва бошқа манабалар асосида Дилшоджон МАМАДАЛИЕВ тайёрлади.