Ислом – илму маърифатга етакловчи муқаддас дин. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган илк оятларида бундай амр қилади: “Ўқинг ( эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамли зотдир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди” (Алақ сураси 1-5 оятлар).
Ушбу оят мазмунидан билдикки, исломнинг илк бошланиши илм олишга тарғиб қилиш билан юзага келган. Шундай экан, ислом – илм манбаи деб айтишга хақлимиз. Зумар сурасининг 9-оятида “...Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!...” деб марҳамат қилинган. Албатта, уларнинг тенг бўлмаслиги ҳаммага аён. Чунки илм инсонни маънавиятга, маърифатга етаклаб даражасини юксакларга кўтарадиган ягона манбадир. Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар”, деб марҳамат қилганлар.
Демак, ислом динида илм ҳар қандай бойликдан устун келадиган бебаҳо дурдонадир. Ислом мисоли бир қайнаб турган булоқ бўлса, илм ундан отилиб чиқаётган зилол сув зарраларидир. Кимгаки ана шу сувдан ичиш насиб қилган бўлса, дунё ва охиратда унинг даражаси баланд бўлади.
Тарихдан маълумки, бизнинг бобакалонларимиз ислом дини асосида фанларни чуқур ўзлаштириб илм чўққисида баланд парвоз қилганлар. Ҳозиргача ва ҳатто қиёматгача инсониятни лол қолдирадиган даражадаги илм, фан ютуқларига эришганлар. Бугунлик кунда ҳам юртимизда олиб борилаётган одилона сиёсат халқимизнинг илмга бўлган қизиқишини кундан кунга ошириб инсон манфаатини юқори даражага олиб чиқишга қаратилган.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 16 апрель куни қабул қилинган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш, жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Фармондаги ислом илм-фани ва маданиятига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёти ва бой илмий меросини чуқур ўрганиш, мамлакатимиз давруғини жаҳон миқиёсида кенг ёйиш ишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган шахсларни рағбарлантириш мақсадида “Имом Бухорий” давлат мукофатини таъсис этиш ҳақидаги банди, юртдошларимизнинг ўз устида янада масъулият билан ишлаб Ўзбекистонимизнинг дунё саҳнасидаги ўрнини баландларга кўтаради, иншоаллоҳ.
Яна бир бандида диний-маърифий соҳада намунали фаолият юритаётган, ижтимоий-маънавий ишларда алоҳида ўрнак кўрсатаётган соҳа вакилларини рағбарлантириш, шу жумладан, давлат мукофотларига тақдим этиш масаласи айтилгани ислом динининг тинчлик, дўстлик, илму фанни тарғиб қилувчи хақ дин эканини яна бир бор тасдиқлаганидир.
Ислом яхшиликни, савоб ишни, эзгуликни қўллаб-қувватлайди. Фармоннинг яна бир бандида Ҳадис илми мактабини ташкил этилиши ҳамда Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини ўрганиш, ҳадисшунос мутахасисларни тайёрлаш Ҳадис илми мактабининг асосий вазифалари этиб белгиланганлиги юртимиздан яна Имом Бухорий изидан борадиган муҳаддислар етишиб чиқишига пойдевордир.
Иброхим сурасининг 7-оятида Аллоҳ таоло: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган) неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-юношукрлик қилсангизлар, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”, деб мархамат қилган. Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, тинчлик-хотиржамлик, тез суратда ривожланиш – бунинг бари Аллоҳнинг бизга берган инъомларидир.
Шундай экан, ҳаммамиз жам бўлиб юртбошимиз чиқараётган фармони олийларни ҳаётимизга тадбиқ этиб шукроналар қилишимиз энг тўғри йўлдир. Аҳмад ва Муслим ривоят қилган ҳадисда: “Кимки бирор кишини яхши ишга даъват қилса, унга ўша яхшиликни бажарганнинг савоби берилади”, дейилган. Зеро, яхшиликка далолат қилиш мусулмон банданинг ҳар куни қилиши лозим бўлган ишларидандир.
Аллоҳ таоло ҳаммамизга савоб ишларда бардавом бўлиб, иноқ-иттифоқ, аҳилликда ҳаёт кечиришимизни насиб қилсин.
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати