Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Июл, 2025   |   15 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:17
Қуёш
04:59
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:36
Bismillah
10 Июл, 2025, 15 Муҳаррам, 1447

Масжидун Набавийда Каъбанинг қопланиши тарихига оид кўргазма

25.05.2023   990   1 min.
Масжидун Набавийда Каъбанинг қопланиши тарихига оид кўргазма

Икки муқаддас ҳарами шариф ишлари бўйича Бош бошқарма Кўргазмалар ва музейлар ишлари бўйича Бош раислик агентлиги билан ҳамкорликда Пайғамбаримиз алайҳиссалом масжидида Каъба ва Каъбапўшга оид кўргазмасини ташкилаштирди. Мазкур кўргазма фаолияти 27 май кунига қадар давом этади.

Саудия Aрабистони матбуот агентлигининг таъкидлашича, кўргазма Икки муқаддас ҳарами шариф ишлари бўйича Бош бошқармаси раҳбари шайх, доктор Абдурроҳман ас-Судайс раҳбарлигида ўтказилмоқда.

Aгентликнинг таъкидлашича, кўргазмани ўтказишдан зиёратчиларни Саудия Aрабистони ҳукуматининг муқаддас Каъбага эътибор қаратиши, уни қайта қуриш, таъмирлаш, деворларини мустаҳкамлаш, эшикларини янгилаш ва унинг атрофидаги шозуронни ҳозирги ҳолатга келтиришдаги хизматларини таништириш мақсад қилинган.

Кўргазма Каъба билан боғлиқ баъзи технологик воситалар, яъни Каъбатуллоҳни хушбўй ҳидли парфюмерия маҳсулотлари билан ювиш, мушку анбар сепиш ва тозалаш воситалари билан таъминлаш, шунингдек, Каъба эшиги учун парда, баъзи лампалар, Каъба учун тўқилган матодан иборат бўлган шарафли Каъбанинг қопламаси (Каъбапўш) ва унинг тўқилиш жараёни ташриф буюрувчиларга намоён қилишни ўз ичига олади.

Кўргазмада, шунингдек, Каба эшиги, Каъбанинг калити, Қора тош (Ҳажарул асвад), Яман бурчаги (Рукнул Яманий) каби муқаддас Каъбанинг хусусиятлари ҳақида ҳикоя қилувчи эстетик тасвирлар ҳамда Каъба билан боғлиқ бўлган ҳужжатли фильмлар, Икки Муқаддас масжиднинг диққатга сазовор жойлари расмлари ҳам намойиш этилади.

Кўргазма ташриф буюрувчиларга 12 кун давом этадиган даврида Каъбапўшнинг Каъбага қопланиши жараёни тафсилотларини кўриш имконини беради. Кўргазма соат 10:00 дан 22:00 гача давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

​Жамоат ҳақининг гуноҳи оғир!

10.07.2025   1641   4 min.
​Жамоат ҳақининг гуноҳи оғир!

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабар беришича, май ойининг 13-санасида бир кунда 3 млрд сўмлик энергоресурсларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланган. Афсуски, бугун бундай газ ва электр энергияга яширинча уланиб, давлатга миллиардлаб зарар етказган кимсалар ҳақидаги хабарларни тез-тез ўқиб қоламиз.
 

Бировнинг, айниқса, халқ ҳақидан қўрқмай ўғрилик орқали манфаат топмоқчи бўлаётган инсонлар орамизда кўплаб топилади. Бундайларнинг наздида газ, сув, электр энергия туганмас бойлик. Ундан ҳар ким ўз манфаати йўлида фойдаланиши мумкин. Бироқ бу неъматлар хонадонларга кириб бориши учун минглаб инсонлар меҳнат қилишини, давлат эса миллиардлаб маблағ сарфлашини, улар ҳам бир кун тугаб қолишини хаёлига ҳам келтирмайди.


Аслида ушбу неъматлардан оқилона фойдаланиш, исроф қилмаслик нафақат фуқаролик мажбуриятимиз, балки инсоний вазифамиз, мўминлик бурчимиздир.


Айтиш жоизки, уйда, ишда, кўчада коммунал тўловлар атрофида айланаётган қатор муаммолар ҳақида кўп эшитамиз, баъзан ўзимиз унинг гувоҳи ёки бевосита иштирокчисига айланамиз. Лекин бу муаммолар тўловни ўз вақтида амалга оширмаслик ёки айрим нобоп кимсаларнинг қилмиши оқибатида юзага чиқаётгани ёдимизга ҳам келмайди. Тўловларни имкон бўла туриб асоссиз баҳоналар ёки ўз вақтида тўламаслик ёки ҳисоблагич жиҳозларини тескарига айлантириш ёхуд ҳар хил ҳийлалар ишлатиб, уларни тўлашдан қочиш давлатнинг ва халқнинг ҳақини ейиш ҳисобланади. Чунки табиий бойликлар давлат ва халқ мулкидир.


Қолаверса, коммунал хизматлардан фойдаланиш учун ҳар бир хонадон таъминотчилар билан шартнома тузиб, қўл қўйган ва ўзаро келишувда тўловни ўз вақтида адо этишга келишган. Шу боис тўловларни вақтида адо этишимиз шаръан ҳам жоиз. 


Таъкидлаш лозимки, халқнинг мулкида барча фуқаролар, хусусан, кам таъминланганлар, ногиронлар, етим-есирлар, кексаларнинг ҳақи бор. Улардан фойдаланишга келганда фаол бўлиб, тўловга келганда қочаётган, пайсалга солаётганлар юқорида зикр этилган қатламларнинг ҳам ҳақини ўзлаштириб, ноҳақ еяётганини билиб олсинлар. Зеро, Қуръони каримда: Эй иймон келтирганлар, бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар (Нисо сураси 29-оят), дея огоҳлантирилган. Шундай бўлгач, ҳар бир фуқаро ўзгаларнинг молига, айниқса, жамоат мулкига хиёнат этмаслиги даркор! Бунга эътиборсизлик охиратда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.


Ҳавла бинти Амр розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: Баъзи бир одамлар Аллоҳнинг мулки (жамоат пуллари)га хиёнат қилади. Қиёмат куни улар жаҳаннамга равона бўлишади (Имом Бухорий ривояти). Шундай экан, бу масалага жиддий ёндашишимизга тўғри келади.


Шунингдек, газ, электр энергия ва сув каби неъматлардан оқилона фойдаланиш ҳам динимиз талабидир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иқтисод қилган кимса камбағал бўлмас, маслаҳат қилган пушаймон бўлмас” (“Мушкотул насобиҳ”), деб тавсия  берганлар.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Солиҳ ҳидоят, гўзал кўриниш ва иқтисодли бўлиш набийликнинг етмишдан бир жузидир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).


Демак, доим аҳли солиҳлардан бўлиб, тежамкор бўлиш, исрофга йўл қўймаслик, ҳар бир нарсани ўз ўрнида, меъёрида тасарруф қилиш, керагидан ортиқ, беҳудага сарфламаслик набийликнинг етмиш жузидан бир жуз, етмиш бўлагидан бир бўлак экан. Буни ҳар бир мўмин-мусулмон яхши англаб, ҳаётига татбиқ қилиши лозим.


Хулоса қилиб айтганда, ҳалоллик инсон ҳаётини хотиржам, осойишта ва фаровон қилади. Шундай экан, коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаб, халқ ҳақига хиёнат қилмайлик, азизлар!

 

Ғайрат БОЗОРОВ,

Деҳқонобод тумани

“Оқработ ота” жоме масжиди

имом-хатиби

 

"Ҳидоят" журналининг 6-сонидан олинди

Мақолалар