Қизлар жувонларга тўла бу дунё
Аммо хайруннисо Фотима қайда
“Хайруннисо”, яъни “аёлларнинг аълоси” деган даража нафақат Хадича (р.а)га, балки кейинчалик унинг қизига ҳам берилган. Фотима (р.а) ўта сабру қаноатли, эрига итоатли аёл деган ном барчага ибрат бўлган ва шу сифатларига кўра “Жаннат саййидаси” деб мадҳ этилингандир. Ибн Можа «Сунан»ларида ва Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»ларида келтирилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Авф айтадилар: Муъоз (р.а) Шомдан келганларида Набий (с.а.в.)га сажда-таъзим қилдилар. Шунда у зот: «Эй Муъоз бу нимаси?» деб сўрадилар. Муъоз: «Эй Расулуллоҳ, Шомга борган эдим, уларни епископ ва патриархларига, яъни, диндор ва роҳибларига сажда қилишаётганинг устидан чиқиб қолдим ва ўйладимки, бу нарсани сизга қилиниши лозим ва бунга сиз ҳақлисиз, деб сизга сажда қилмоқликни ирода қилдим», яъни сиз инсонларнинг ичида таъзим (сажда) қилишга лойиқроқсиз, деган эди, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Бундай қилма! Эй Муьоз агар бирор кишига Аллоҳдан ўзгага сажда қилишни буюрганимда, аёлни эрига сажда қилишга буюрган бўлар эдим. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, аёл эрининг ҳаққини адо қилмагунича, Раббисининг ҳаққини адо қилолмайди. Ҳатто уловнинг устида бўлган ҳолида, эри у билан қўшилишни талаб қилса, аёл туянинг устида бўлса ҳам, уни рози қилмоқлик учун эрининг талабини бажармоқлиги лозим, уни қайтармаслиги керак» (Ибн Можа ривояти).
Эрнинг аёли устидаги ҳаққи шунчалар улуғки ҳатто Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: «Агар бирортага Аллоҳдан бошқага сажда қилишни буюрганимда, аёлни эрига сажда қилишга буюрган бўлар эдим».
Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий (с.а.в.) айтадилар: «Сизларнинг ичингиздан жаннатга кирадиган эркаклар ҳақида хабар берайми дедилар?» «Ҳа, эй, Аллоҳнинг Расули», дедик. Шунда: «Пайғамбар (с.а.в) жаннатдадир, сиддиқ жаннатдадир, шаҳар ичидаги биродарларини фақат Аллоҳ учун зиёрат қилса, шу эркак жаннатдадир. Сизларга жаннатга кирадиган аёлларингиз ҳақида хабар берайми», дедилар. « эй, Аллоҳнинг Расули», дедик. У киши: «Меҳрибон ва туғувчи, яъни, эрига меҳрибон итоаткор ва кўп фарзанд туғувчи аёллардир. Агар аёл ғазабланиб ёки бирор нарсаси ёқмай эрининг жаҳлини чиқарса: «Мана қўлим қўлингизда, рози бўлмагунингизча уйқуга кўз юммайман», деб айтади. (Табароний ривояти).
Ибн Можа «Сунан»ларида Муъоз бин Жабалдан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисларида, Набий (с.а.в.) айтганлар: «Дунёда бирор бир аёл эрига азият етказса, эркакнинг жаннатдаги шахлокўз ҳурларидан бўлган завжаси: «Унга азият етказма, Аллоҳ сени ўлдирур, бас у дунёда бегонадир. Яъни, ўткинчи меҳмон сендан ажралиб, яқинда бизнинг олдимизга келади». Яъни, сени дунёда тарк қилиб, бизнинг олдимизга келишига яқин қолди ва мен унинг жаннатдаги завжасиман: деб у аёлга нидо қилади: дедилар.
Яна эрнинг аёли устидаги ҳақларидан аёл унинг мол-мулки ва номусини сақлаши ва уйига бирор кишини эрининг рухсатисиз киритмаслиги керак. Бу ҳақда Набий (с.а.в.) айтганлар: «Сизларга эркак жамлайдиган яхшилик ҳақида хабар берайми? У солиҳа аёлдирки, агар эри унга қараса хурсанд бўлади, буюрса итоат қилади ва бирор жойга чиқса, унинг мол-мулкини муҳофаза қилади» (Абу Довуд ривояти).
Эрнинг аёли устидаги ҳақларидан яна бири – эри уни тўшагига чақирса, боришдан бош тортмаслиги. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг қуйидаги сўзларига биноан: «Агар эркак аёлини тўшагига чақирсаю, у келишдан бош тортса, фаришталар уни тонг отиб бўлгунича лаънатлайдилар» («Фатҳул Борий ала Саҳиҳул Бухорий»).
Жобир (р.а.) ривоят қилган: «Уч хил инсоннинг намозлари қабул бўлмайди ва улардан осмонга яхшилик кўтарилмайди:
Набий (с.а.в.) видолашув ҳажларидаги хутбаларида ушбу сўзларни айтдилар: «Огоҳ бўлингларки, сизлар учун аёлларингиз устида ҳақ бор ва аёлларингиз учун сизларнинг устингизда ҳақ бор. Бас, сизларнинг улар устидаги ҳаққингиз – ўрнингизга сиз ёқтирмайдиганларни киргизмасликлари ва уйингизга сиз ёқтирмайдиганга рухсат бермасликлари. Огоҳ бўлингки, уларнинг сизлар устиларингиздаги ҳаққи уларга кийинишларида ва таомларида эҳсон қилишингиздир» дедилар. (Имом Муслим ва Ибн Можа ва Термизийлар ривоятлари).
Ислом аёлга эри ёқтирмайдиган бирорта одамни уйига киришга рухсат беришни ҳаром қилди. Чунки бу нарса эр хотин орасида адоват туғдириб, шубҳа гумонларга олиб келади. Баъзан эр, хотинининг амакиси ёки тоғасининг ўғлига ўхшаш қариндошларининг юриш туришидан гумонда бўлиши ва шу сабабли уйига унинг киришини истамаслиги мумкин. Ўзининг ё аёлининг баъзи қариндошлари турмушини бузишидан қўрқса, ундайларга киришни манъ қилишга ҳаққи бор. Шу пайтда аёл эрига итоат қилиши лозим бўлади. Агар уйда хотин эри ёқтирмайдиган душманини ҳурмат қилаётганини кўрса, кўнглига оғир ботиб ғазаби қўзғайди.
Эрнинг аёли устидаги ҳақларидан яна бири – уй ишларини бошқариш, яъни овқат пишириш, ювиш, тозалаш кабилардир. Улар ҳамма даврда урф одат бўлиб, у ҳақда улуғ кўрсатмалар келган, чунки ҳаёт ўзаро ёрдам ва бардамликсиз давом этмайди:
وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ
(Эй мўьминлар) Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир (Моида сураси, 2).
Эркак уйдан ташқарида аёли ва фарзандларининг саодати ва эҳтиёжларини ўйлаб, озиқ овқат ва кийим кечак олиб келиш учун ишлайди тирикчилик қилади. Аёл эса уйда овқат пишириш, идиш товоқ, кир ювиш ва умуман уйни саодат масканига айлантириш учун уй ишлари билан шуғулланади. Эркак уйдан ташқаридаги ишларни, аёл киши эса уй ичидаги ишларни бошқаради. Шу тариқа ҳаёт ўзаро бир-бирини тушуниш ва ўзаро ёрдам асосида тикланади. Баъзи фақиҳлар никоҳ ақди фақатгина эр-хотинлик турмуши, жасадий роҳат ва жинсий шаҳватни қондириш учун ёки уй хизматини қилдириш учун эмас, эркак уйга ходим тайинлаб қўйиши шарт, деб айтишади. Аммо саҳиҳ хабарларда келишича, Набийнинг (с.а.в) аёллари ҳам, қизлари ҳам уй хизматида бўлишган. Уйда қилиниши керак бўлган нарсани барчасини ўзлари қилишган, Набий (с.а.в) ҳам, бу ишларда аҳли аёлларига кўмаклашганлар. Оишанинг (р.а.) зикр қилганларидек , аёлларига ёрдам бериб турганлар. Оишадан (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг уйда нима иш қилишлари ҳақида сўраганларида айтганлар: «Аҳлларининг хизматида бўлиб, қачон намоз вақти бўлиб қолса, намозга чиқиб кетардилар» (Бухорий ривояти).
Имом Аҳмад Оиша (р.а.)дан ривоят қилишларича, у кишидан: «Набий (с.а.в.) уйларида нима билан машғул бўлар эдилар?» деб сўрашди. Оиша (р.а.): «Кийимларини ўзлари тикар, наъл (орқаси кесик, шиппаккка ўхшаш оёқ кийим)ларини тузатар, эчкиларини ўзлари соғар ва эркаклар уйда қиладиган ишларни қилар эдилар», деб жавоб берганлар (Имом Аҳмад ривоятлари).
Эрининг ҳаёт қийинчиликларини кўтаришда ёрдам бериш, эр-хотин орасидаги саодатнинг давомий бўлишни таъминлаши ва бунинг натижасида уй низом ва тартиб асосида тикланишига асар ва ривоятлардан далиллар келтириб берамиз.
Бухорий ва Муслимлар Асмо бинти Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)дан ривоят қилишган, айтадилар: «Менга Зубайр уйландилар ва у кишининг бирорта ҳам моли ёки қули йўқ эди. Фақат бир дона оти бор эди холос. Шу отларига емини бериб, боқиб юрардим. Унинг охурига дон эзиб, хашак солиб, ем бериб, сув ичирардим. Челагини тешиб, ун элаб, хамир қорар эдим, лекин ҳеч чиройли қилиб нон ёпа олмас эдим. Шунинг учун менга ансорларнинг қизлари нон ёпиб беришарди. Улар содиқ, яхши аёллар эди. Яна Зубайрнинг – Расулуллоҳ (с.а.в.) мен учун ажратиб берган ерларига дон экардим, лекин шу хизматларимнинг ҳеч қайсиси менга от боқишчалик оғир эмасди… То отам Абу Бакр менга хизматчи юбормагунларича от боқишдан қутилмадим. Менга хизматчи юбориб қулликдан озод қилгандек бўлдилар». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Али (р.а.) ривоят қиладилар: «У киши Ибн Аъбадга айтдилар: «Сенга ўзим ва Фотима бинти Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳақида сўзлаб берайми? Фотима (р.а.) у зотнинг (с.а.в) аҳллари ичида энг суюклилари бўлиб у мен билан яшарди». Кўпинча у кичик тегирмончада ун чиқарар эди, қўл тегирмон унинг қўлини қадоқ қиларди. Мешда сув таширди, меш елкасига ботиб, изини қолдирарди. Уй супуриб кийимлари чанг бўлиб кетарди. Кунлардан бир куни Набий (с.а.в)нинг ҳузурларига хизматчилар келиб қолишди. Унга: «Бориб отангдан битта хизматчи сўраб келмайсанми?» дедим. Отаси олдиларига борса, суҳбатлашаётган одамлар бор экан. Эртасига ўзлари келиб қолдилар ва қизларига: «Нима ҳожатинг бор эди?» дедилар. У жим турган эди, мен: «Я Расулаллоҳ, мен сизга айтиб бераман, қўл тегирмонда ун чиқарганди, қўли қадоқ бўлди, сув кўтариб меш ташиганди, бўйнини из қилиб ташлади. Шунга ходимлар келиб қолганида, олдингизга бориб, уни бу қийинчиликлардан қутқариш учун бир ходим сўраб келишга буюргандим», деб айтдим. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в) айтдилар: «Аллоҳга тақво қил, эй Фотима! Раббингнинг фарзларини адо эт, аҳли оиланг ишларини қил ва тўшагингга борганингда ўттиз уч марта тасбеҳ, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз тўрт марта такбир айт, шу билан юзта бўлади. Мана шу нарсалар сенга ходимдан кўра яхшироқдир» дедилар. Шунда Фотима (р.а): «Аллоҳдан ва Унинг расулидан розиман», деди. Шундай қилиб, Расулуллоҳ (с.а.в) қизларига ходим бермадилар» (Буни Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилганлар). Бу ишлари билан Расулуллоҳ (с.а.в.) қизларига меҳрибон бўлганмилар ё шафқатсиз? Ахир Фотима онамиз ул зот аҳлларининг ичида суюклироғи эмасмиди?
Асмо, Фотима ва Расулуллоҳ (с.а.в.) аёлларининг (Аллоҳ уларнинг ҳаммасидан рози бўлсин) Улар уй хизматида ўзлари ўзларига хизматкор эдилар ва у аёлларнинг бирортасида хизматкор йўқ эди. Уй хизмати – шараф, у ҳеч қайси амир ёки вазир қизининг қадрини пасайтириб қўймайди. Лекин эркакнинг ризқи кенг бўлиб завжасига ходим олиб беришга қодир бўлса, олиб берсин. Бундай ёрдам қилишда ҳеч қандай ёмонлик йўқ, аммо аёлнинг, уй ишидан бирортасини ходим бажариши шарт эмас. Эрнинг унга хизмат қилиб берадиган ва ишларини бажарадиган хизматкор олиб бериши керак, дейишимиз ортиқча ҳашаматдан бир кўриниш ва у бўлмаган ишдир. Наҳотки бизларнинг аёлларимиз салаф солиҳ аёллардан яхшироқ бўлса? Наҳотки қизларимиз Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қизлари Фотимаи Заҳродан карамлироқ бўлса. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларга ходим олиб бермай, балки қизларига бу нарсадан кўра раббисига яқинроқ қиладиган, афзалроқ нарсани – тасбеҳ, таҳмид ва такбир айтишни маслаҳат берганлари биз учун улуғ бир дарс ва ибрат эмасми?.
Имом Ғаззолий «Иҳёу улумиддин» китобларида Асмо бинти Хорижа қизи турмуш қураётганида қилган насиҳатларини ҳикоя қиладилар, Асмо қизларига айтадилар: «Қизалоғим, ўсиб улғайган уйингдан чиқдинг ва ўзинг танимайдиган ва олдин яқин бўлмаган кишининг тўшагига кетдинг.
У учун ер бўл, сенга осмон бўлади,
У учун ўрин бўл, сенга устун бўлади.
У учун чўри бўл, сенга у қул бўлади,
Унга хиралик қилма, ёқтирмай қолади.
Яъни, ҳа, деб ундан ҳар балони талаб қилаверма, безор бўлади.
Ундан узоқлашма, эсдан чиқариб қўяди,
Сенга яқин бўлса, унга яқин бўл.
Сендан узоқлашса, ундан узоқ бўл,
Унинг бурни, қулоғи ва кўзини муҳофаза қилки, сендан фақат ширин ҳидни ҳидласин, фақат гўзал сўз тингласин ва сенинг чиройингни кўрсин»
Аллоҳга бўлган муҳаббат мўминнинг саодатидир. Аллоҳ учун севмоқ тубсиз саодатдир-ки, унинг таъмини фақатгина содиқ мўминлар биладилар ва унинг ўрнига бошқа нарсани истамайдилар.
Умму Муосира турмушга чиқаётган қизига насиҳат қилди. Унинг табассуми билан кўз ёшлари аралашиб кетган эди: Қизим, сен энди янги ҳаётга қадам қўаяпсан, у шундай ҳаётки, унда отанг учун ҳам, онанг учун ҳам, ака-ука, опа-сингилларинг учун ҳам ўрин йўқдир. Сен у ҳаётда эрингнинг ҳамроҳига айланасан, эринг бу ҳаётда сен ҳақингда унга биров шерик бўлишини истамайди, яъни сени ўзингдан ҳам қизғонади. Сен унга ҳам ёр, ҳам она бўласан. Сен унга унинг борлиғи, бор ҳаёти, бор дунёси эканингни сездир. Шуни билгинки, эр киши катта гўдак кабидир. Озгина ширин сўз ҳам уни бахтиёр қилади. Унинг сенга уйланиши сени ўз аҳли-оилангдан маҳрум бўлишингга сабаб бўлди деган туйғуни сезишига эринг учун имкон берма, чунки бу туйғу уни ҳижолат қилади. Ахир эринг ҳам сени деб ота-онасининг уйини, оиласини ташлади. Лекин у билан сенинг орангдаги фарқ у эркак, сен аёл эканлигингдир. Сир эмас, аёл киши доимо оиласига, туғилиб ўсган хонадонига ошиқади. Лекин барибир у ўзини мана бу янги ҳаётга ўргатмоғи зарурдир. Унга эр, бошлиқ, фарзандлари учун ота бўлган киши билан ҳаётини бирга ўтказмоғи даркор. Бу сенинг янги дунёйингдир.Сен дунёда энг баҳтли аёлсан чунки,
Аёл барча хазиналардан қиммат, барча бойликлардан бебаҳодир.
Аёл бир ўзи хонадонингни жаҳаннамга айлантира олганидек, уни жаннатларга ҳам айлантиришга қодирдир. Демак сен оилангни жаннатга айлантираолсанг Сен энг баҳтли аёлсан…… барчамизни Роббим бахтлиларнинг бахтлиси бўлиш бахтига мушарраф айласин. Амин.
Пошшахон ЭШОНХОН КИЗИ
“Хадичаи- Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом
билим юрти мударрисаси
«Бу каби ихтилофли масалалар фақат бизда, Ўрта Осиёда ёки МДҲ давлатларида эмас, бошқа ерларда ҳам борлигининг далили сифатида Миср Араб Жумҳурияти бош муфтийси шайх Али Жума ҳазратларининг «Замонавий фатволар» номли китобларидан таржима қилинган матнни келтиришга ижозат бергайсиз.
Савол: Дафн давомида ёки ундан кейин қабр олдида Қуръон ўқишнинг ҳукми нима? Маййитга Қуръон талқин қилинишининг ҳукми нима? Баъзи бир кишилар: «Бундай иш бидъат бўлиб, на Қуръон, на ҳадис ва на эргашиш лозим бўлган хабарда келмаган, Қуръон қабрлар олдида тиловат қилиш учун нозил қилинмаган», дейишади. Бу ҳақда шариатнинг ҳукми нима?
Жавоб: Қуръон тиловати шариат буйруғида умумлаштирилган ҳолда айтилган. Умумий буйруқ эса жамики макон, замон, шахс ва ҳолатларни ўз ичига олади. Ушбу умумийликни фақат далил билан чеклаш мумкин, холос. Агар далил келтирмасдан чекланса, бидъат ишни қилган бўлиб, Аллоҳ ва Расули кенг қилиб қўйган ишни торайтириш бўлади.
Шунга биноан, қабр олдида, дафндан олдин ёки кейин Қуръон тиловат қилиш шаръий амал бўлиб, насс(матн)ларнинг умумийлиги ҳам шунга далолат қилмоқда. Бунга яна қўшимча равишда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва салаф солиҳлардан ворид бўлган кўплаб асарлар бордир.
Имом Абу Бакр Ҳаллол Ҳанбалийнинг (ҳижрий 311 йилда вафот этган) «Жомеъ» китобининг «Қабрлар олдидаги қироат» номли жузида, Ҳофиз Шамсуддин ибн Абдулвоҳид Мавдисий Ҳанбалийнинг китобидаги ушбу масалага оид жузда, имом Қуртубий Моликийнинг (ҳижрий 671 йилда вафот этган) «Охират иши ва ўликлар ҳолати хусусида эслатма» номли китобида, Ҳофиз Суютий Шофеъийнинг (ҳижрий 911 йилда вафот этган) «Ўликлар ва қабр ҳолатини шарҳлашда қалб очқичи» номли китобида, Ҳофиз Абдуллоҳ ибн Сиддиқ Fиморийнинг (ҳижрий 1413 йилда вафот этган) «Қуръон савоби етишида баённинг очиқ-ойдин бўлиши» китобида ва бундан бошқа бир қанча китобларда бу масала хусусида сўз айтилган.
Бу хусусда очиқ-ойдин келган саҳиҳ ҳадислар ҳам кўп. Қуйида улардан баъзиларини келтирамиз.
Абдурраҳмон ибн Ало ибн Лажлаждан, у отасидан ривоят қилинади:
«Отам менга: «Эй ўғилчам! Агар вафот этсам, мени лаҳадга қўйгин. Лаҳадимга қўйиб бўлгач: «Бисмиллаҳи ва ъала миллати Расулиллаҳ», деб устимга тупроқ тортгин. Кейин бош томонимда Бақара сурасининг аввали ва охирини ўқигин, чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шундай деяётганларини эшитганман», деди».
Табароний ривоят қилган.
Худди мана шу ҳадисни Ибн Умар мавқуф ҳолатда ривоят қилган. Шунингдек, Ҳаллол ҳам «Қабрлардаги қироат» жузида, Байҳақий «Сунанул Кубро»да ва бу икковларидан бошқалар ҳам ривоят қилишган. Имом Нававий ва Ибн Ҳажар бу ҳадисни ҳасан дейишган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардаи бирор киши вафот этса, уни ушлаб турманглар. Қабрига тез олиб боринглар. Бош томонида «Китобнинг очувчиси» (Фотиҳа) ўқилсин. Қабрнинг оёқ томонида Бақара сурасининг охири ўқилсин», дедилар».
Табароний ва Байҳақий ривоят қилишган.
Имом Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да «Китобнинг очувчиси» деган жумланинг ўрнига «Бақаранинг бошланиши» деб айтилган ривоятни келтирганлар. Бу масалада бошқа ҳадислар ҳам бор, лекин бироз кучсиздир.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ким қабрлар олдидан ўтаётиб, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн бир марта ўқиса, сўнгра унинг савобини ўликларга бағишласа, унга ўликлар ададича савоб берилади».
Ушбу ривоятни Ҳаллол «Қабрлардаги қироат» номли китобида, Самарқандий «Қул ҳуваллоҳу аҳаднинг фазилати» китобида ривоят қилишган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қабристонга кирса, сўнгра Фотиҳа, «Қул ҳуваллоҳу аҳад» ва «Ал ҳаакумут такаасуру» сураларини ўқиса, кейин: «Аллоҳим! Ушбу каломингдан ўқиган нарсаларнинг савобини қабристондаги мўмин ва мўминаларга атадим», деса, Аллоҳга у хусусида шафоатчи бўлишади», дедилар».
Абул Қосим Занжоний «Фавоид» номли китобида ривоят қилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
«Ким қабристонга кириб, Ёсин сурасини ўқиса, у ердагиларнинг азоби енгиллатилади ва унга у ердагилар ададича ҳасанот ёзилади».
Ҳофиз Шамсуддин ибн Абдулвоҳид Мақдисий Ҳанбалийнинг бу масаладаги қисмда таълиф этган нарсалари қуйидагичадир: «Ушбу мавзудаги ҳадислар заиф бўлса ҳам, уларнинг мажмуаси асли борлигини билдиради. Барча ўлка ва асрдаги мусулмонлар ҳеч қандай инкорсиз ижмоъ қилган ҳолларида ўликларига Қуръон ўқийдилар».
2. Суннатда Ёсин сурасини ўликларга қироат қилиш хусусида қуйидагилар айтилган.
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўликларингизга Ёсин сурасиии ўқинглар», дедилар».
Имом Аҳмад «Муснад»ида ривоят қилган.
Қуртубий бу ҳадисни шарҳлаб: «Ушбу қироат маййит ўлган вақтда ёки қабри ҳузурида бўлиши мумкин», деган.
Ибн Ҳажар Ҳайтамий «Фатво» номли китобида: «Ёсин қироати юқоридаги икки ўринда ҳам мандуб», деган.
3. Шунингдек, шариат ҳам жанозада Фотиҳа сурасини ўқишни айтган. Чунки бунда маййитга хос манфаат бор бўлиб, раҳмат ва мағфират ҳам мужассамдир. Аммо ундан бошқа сураларда ундай эмас.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уммул Қуръон» сураси бошқа сураларнинг ўрнини босувчидир. Лекин бошқа суралар унииг ўрнини боса олмайди», дедилар».
Дорақутний ривоят қилган. Имом Ҳоким саҳиҳ деган.
Шунинг учун имом Бухорий ҳам «Саҳиҳ» китобларида «Фотиҳани ўликка ўқиш боби» деб алоҳида боб очганлар. Демак, у жаноза намози ёки унинг ташқарисида бўлишдан умумийроқдир.
Жаноза намозида Фотиҳа сурасини ўқишга далолат қилувчи бошқа ҳадислар ҳам бор. Бундан ташқари, Фотиҳа сурасини дафн пайтида ёки ундан кейин ўқишга далолат қилувчи ҳадислар ҳам мавжуд.
Умму Афиф Надийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга аёллар байъат қилганида, биз ҳам байъат қилдик. Ўша байъатда фақат маҳрам эркаклар билан гаплашишга ва ўликларимизга Фотиҳа сурасини ўқишга буюрдилар».
Табароний ривоят қилган.
Умму Шарик розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўликка Фотиҳа сурасини ўқишимизни буюрдилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
4. Уламолар қабр олдида Қуръон қироат қилишга Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни ҳам далил қилиб келтиришади:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабрнинг ёнидан ўтаётиб: «Мана шу иккови азобланмоқда. Катта нарса учун азобланаётгани йўқ. Улардан бири пешобидан тўсинмас эди, бошқаси эса чақимчилик қилиб юрар эди», дедилар. Сўнгра бир ҳил хурмо новдасини опкелтирдилар-да, иккига бўлиб, бунисига бирини, унисига бирини суқиб қўйдилар. Сўнгра: «Шояд, булар қуригунча икковидан (азоб) енгиллатиб турилса», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Хаттобий: «Бу қабрлар олдида Қуръон тиловат қилиш маҳбуб эканига далилдир. Чунки дарахт(шоҳи) нинг тасбеҳидан маййит наф олганидан кейин, Қуръон тиловатидан ундан ҳам кўп фойда ва барака умид қилинади», дейди.
Имом Қуртубий айтади: «Баъзи уламолар қабр олдида Қуръон қироат қилинишига икки новда ҳадисини далил қилишади ва қабрларга дарахт экиш ҳамда Қуръон тиловатининг фойдали эканини таъкидлашади. Дарахтлар азобни енгиллатганидан кейин, қандай қилиб мўмин кишининг Қуръон тиловат қилиши фойда бермасин! Шунинг учун уламолар «Қабр зиёрати мустаҳаб, тиловат зиёратчидан маййитга туҳфадир», дейишган».
Имом Нававий «Саҳиҳи Муслим»нинг шарҳида: «Уламолар қабр олдида Қуръон тиловат қилишни мана шу ҳадисга асосан мустаҳаб дейишган. Шоҳнинг тасбеҳи билан азоб енгил бўлгач, Қуръон тиловати билан азобнинг енгиллашиши янада аълороқдир», деган.
5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча марта қабр устида жаноза намози ўқиганлар. Ушбу ҳабар икки «Саҳиҳ» ва бошқа китобларда келган. Намоз эса Қуръон тиловати, салавот, зикр ва дуоларни ўз ичига олади. Демак, буларнинг барчаси жоиз бўлган ўринда баъзиси жоиз бўлиши табиийдир.
Шунингдек, уламолар қуйидагиларни айтадилар:
«Маййитга қироат савобининг етиб боришини ҳажнинг савоби маййитга етиб боришига қиёс қилиб олганлар. Чунки ҳаж хам намоз амалини ўз ичига олади. Ўз-ўзидан, намозда Фотиҳа ва бошқа суралар бор. Демак, буларнинг барчаси етиб борганидан кейин, баъзиси, яъни тиловат етиб бориши табиийдир. Баъзилар тортишса ҳам, мана шу охирги маъно ҳақдир. Лекин аксар уламолар: «Қироат қилувчи киши маййитга қироатининг савоби ададича савоб берилишини сўраса, Аллоҳ Ўз изни билан ўшанча савоб беради. Чунки агар Карим сифатли Зотдан сўралса, У албатта беради. Ва дуо қилинса, ижобат этади», дейилади.
6. Мана шу ҳеч қандай инкорсиз, авлоддан авлодга, салафдан халафга ўтиб келаётган амал бўлиб, эргашилаётган мазҳабларда эътимодли нарсадир. Ҳаттоки Ҳофиз Шамсуддин ибн Абдул Воҳид Мақдисий Ҳанбалий ҳамда Шайх Усмонийлар ҳам китобларида қуйидагича нақл қилишган: «Албатта, истиғфор, дуо, садақа, ҳаж ва қул озод қилишда маййитга манфаат бўлиб, савоби унга етиб туради. Қабр олдида Қуръон тиловат қилиш эса мустаҳаб амалдир».
Ўтган солиҳларнинг ушбу мавзудаги асарлари:
Ибн Абу Шайба «Мусаннаф» номли китобида имом Шаъбийдан қилган ривоятда: «Ансорийлар маййит ҳузурида Бақара сурасини ўқишар эди», деб айтилган.
Имом Халлол «Қабрлардаги қироат» номли китобларида: «Агар бирор киши ўлса, ансорийлар унинг қабрига навбат билан қатнаб, у ерда Қуръон ўқишар эди», деб айтганлар.
Халлол Иброҳим Нахаъийдан ривоят қилиб: «Қабрлар олдида Қуръон қироат қилишнинг зарари йўқ», деб айтганлар.
Ҳасан ибн Саббоҳ Заъфаронийдан ривоят қилиб: «Шофеъийдан қабрлар олдида қироат қилиш хусусида сўрадим. Шунда у зот «Зарари йўқ» дедилар», деб айтади.
Али ибн Мусо Ҳаддоддан ривоят қилинади:
«Мен Аҳмад ибн Ҳанбал ва Муҳаммад ибн Қудома Жавҳарий билан жанозада эдим. Маййит дафн этилгач, кўзи ожиз бир киши қабр олдида ўтириб, тиловат қила бошлади. Шунда Аҳмад ибн Ҳанбал: «Эй фалончи! Қабр олдидаги қироат бидъатдир», деди.
Қабристондан чиққач, Муҳаммад ибн Қудома Аҳмад ибн Ҳанбалга:
«Эй Абу Абдуллоҳ! Мубашшир Ҳалабий хусусида фикрингиз қандай?» деди. Имом Аҳмад:
«У ишончли, - дедилар. Сўнг: - Сиз у кишидан бирор нарса ёзиб олганмисиз?» деган эдилар, Муҳаммад ибн Қудома қуйидагича жавоб берди:
«Мубашшир Абдурраҳмон ибн Алодан, у эса отасидан ривоят қилади. Отаси васият қилиб: «Агар дафн қилсангиз, маййитнинг бошида Бақара сурасининг боши ва охирини ўқинглар. Чунки мен Ибн Умарнинг шундай васият қилганларини эшитганман», деган экан».
Шунда имом Аҳмад:
«Бориб, халиги одамга айтинг, тиловат қилаверсин», дедилар».
Кейинги мавзу:
Эргашилатётган мазҳаб соҳибларининг бу хусусда айтган сўзлари