Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Март, 2025   |   9 Рамазон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:27
Қуёш
06:45
Пешин
12:39
Аср
16:37
Шом
18:26
Хуфтон
19:39
Bismillah
09 Март, 2025, 9 Рамазон, 1446

Ота-она меҳмондир

7.04.2018   4520   3 min.
Ота-она  меҳмондир

Aллоҳ таолога энг суюкли ишлардан бири ота-онага итоат этиш, уларга меҳр-шафқатли бўлишдир.

«Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-онангга  шукр килгин! Қайтиш Менинг ҳузуримгадир» (Луқмон, 14).

Ота-она олдида секин, паст овозда, одоб билан сўзлаш керак. Заруратдан ортиқча гап айтилмайди. Уларнинг исмларини айтиб чақириш мумкин эмас. Қўполлик билан кўнгилларини оғритиш, назарларидан қолиш катта гуноҳлардан саналади. Кўча-кўйда ота-онадан илгари юриш, овқатга улардан олдин қўл узатиш, олдиларида ёнбошлаб олиш одобсизликдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода): “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” де» (Исро, 23–24).

Демак, ота-она қарилик ёшига етганида уларга янада шафқатли бўлиш зарур. Кексаларнинг кўнгли худди боланикидай бўлиб қолади. Бундай ҳолатларда имкон борича уларнинг кўнглини оғритмасдан хоҳишлари­ни бажариш, панд-насиҳат қилишса, асло малол олмаслик керак.

Қайси хонадонда ота-она ёки улардан бири тирик бўлса, ўша оиладаги фарзандлар бахтлидир. Чунки уларда кўпроқ савобга эришиб қолиш имконияти бор. Ота-онани тирик­лигида қадрига етиб, иззат-ҳурматини жойига қўйганга нима етсин.

Умуман, кексаларимиз борлиги бизнинг катта давлатимиз. Улар гўё уйларимизнинг фаришталари. Кўпни кўрган бува-бувилар ёш оилалар учун ибрат мактаби. Улар набираларининг таълим-тарбиясини, одоб-аҳлоқини назорат қилиб, ҳаётий тажрибалари асосида тўғри йўл кўрсатади.

Ота-она вафот этганидан кейин ҳам уларнинг фарзандлар устидаги ҳақлари тугамайди. Васиятларини адо этиш, ҳақларига доим дуода бўлиш фарзандлар бурчидир. Уларнинг қариндошлик алоқаларини давом эттириш, таниган-билган тенгқурларини йўқлаш, меҳмонга чақириш нур устига нур бўлади.

Расулуллоҳ  ҳузурларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ вафотларидан ке­йин ҳам ота-онамга яхшилик қила оламанми?” деб сўради. У зот : “Ҳа, тўрт иш бор, уларни бажарсанг, ота-онангга яхшилик қилган бўласан: улар ҳаққига дуо қилиш, гуноҳларини кечишини Аллоҳдан сўраш, уларнинг насиҳат ва шаръий васиятларини бажариш, дўст-биродарларини иззат-икром қилиш ва ота-она тарафидан бўладиган қариндошликни давом эттириш”, деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ривояти).

Халқ орасида, ота-она меҳмондир, деган ибратли сўз бор. Вақт ғанимат, азиз меҳмонларингизнинг яхши дуоларини олиб қолишга улгуринг. Уларга нима қилсангиз, эртага фарзандингиздан қайтади. Бу ҳақиқатга ҳаётда кўп гувоҳ бўлганмиз...

 

Фазлиддин МУСАХОВ,

Оҳангарон туманидаги “Қурайш” жоме

масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Қулоғи фақат Қуръонни эшитарди

7.03.2025   2405   6 min.
Қулоғи фақат Қуръонни эшитарди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тўлиқ исми ва таваллуди

Исо ибн Мино ибн Вардон ибн Исо ибн Абдуссомад ибн Умар ибн Абдуллоҳ аз-Зарқий. Куняси Абу Мусо. Қолун эса унинг лақабидир. У ансорлардан Бани Зуҳранинг мавлоси[1] бўлган. Нофеъ ибн Абдурраҳмоннинг қарамоғида улғайган. Қолун лақабини олишининг сабаби унинг гўзал қироати билан боғлиқ. Бу ҳақда ўзи айтади: “Агар Нофеънинг олдида тиловат қилсам, бармоқларини тугиб, менга “қолун” яъни, румликлар тилида “яхши, яхши” дер эди.

Айтилишча, Қолун асли румлик бўлиб, шу тилда гаплашган. Унинг бобоси Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврида Румда асирга тушган ва Мадинага олиб келингач, ансорийлар уни сотиб олишган.

Қолун Халифа Ҳишом ибн Абдулмалик даврида ҳижрий 120-йили таваллуд топган. 

Ҳаёти ва илмий фаолияти

Қолуннинг қулоғи мутлақо эшитмас эди. Аммо олдида Қуръон тиловат қилинса, ўқувчининг хатосини тўғрилаб турарди. Али ибн Ҳасан Ҳисанжаний айтади: “Қолун Исо ибн Минонинг қулоғи жуда ҳам оғир эди. Ҳатто унга баланд овозда бақирсангиз ҳам эшитмасди. Лекин олдида Қуръон ўқилса, қорининг лабларига қараб туриб, лаҳн ва хатосини қайтарар эди”. 

Абу Муҳаммад ал-Бағдодий айтади: “Қолун бирор товушни эшитолмас эди. Лекин Қуръон ўқилса, эшитарди. Қорилар унга Қуръон ўқиб беришар ва уларнинг хатолари ва лаҳнларини лабдан билиб олар ва тўғрилаб қўярди”. 

Қолун Қуръоннинг етти хил қироат ровийларидан бири бўлган. Ўз замонасида Ҳижозда араб тили илмларида ва қироатда тенгсиз кишилардан саналган. У устози Нофеънинг олдида алоҳида ўринга эга бўлиб, унга жуда кўп марта Қуръонни ўқиб ўтказган ва буни ўзининг китобида ҳам қайдлаган.

Қолундан: “Нофеъга неча марта Қуръонни ўқиб бергансиз”, деб сўралганда “Нофеъ билан йигирма йил ўтирганман, кўп ўқиб берганлигимдан неча марталигини санай олмайман” деган.

Яна айтади: “Нофеъ менга: “Менга қачонгача ўқиб берасан, бир устунга ўтир сенга ҳам ўқиб берадиганларни жўнатаман” деди”.

Қолун устози ҳақида яна шундай дейди: “У инсонларнинг энг хулқи чиройлиси, қироати гўзали ва сахий, зоҳид эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида намоз ўқиб эллик тўққиз йил мобайнида одамларга қироат ўргатди”. Нофеъ ўзи ҳақида: “Мен бирор марта талабанинг сувини ичмаганман” деган.

Нофеънинг қироатда санади олий бўлган. У тобеъинлардан етмиш кишига жумладан, Абдураҳмон ибн Ҳурмуз ал-Аърож, Абу Жаъфар Язид ибн Қаъқоъ, Шайба ибн Нисоҳ, Язид ибн Нўъмон, Муслим ибн Жундаб, ибн Умарнинг мавлоси Нофеъ, Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абу аз-Зинад, Муҳаммад ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийларга Қуръонни ўқиб ўтказган.  Асмаъий айтади: “Нофеъ ибн Абу Нуъайм билан бирга ўтирардим. У обид, фақиҳ қорилардан эди”.

Нофеъ ҳазилни хуш кўрадиган ва хулқи гўзал бўлган. Ундан доим хушбўй ҳид таралиб турарди. Бу ҳақда: “Эй, Абу Абдуллоҳ ёки Абу Рувайм, Қуръон ўқитиш учун ўтирганингизда ҳар доим хушбўйланиб оласизми?” деб сўралганда: “Мен хушбўйланмайман, лекин тушимда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганман. У зот менинг оғзимга Қуръон ўқиб берганлар. Ўша вақтдан бери оғзимдан ушбу хушбўй ҳид таралиб туради” деганлар. Имом Шотибий ҳам манзумаларида бунга ишора қилиб айтадилар:

Нофеънинг хушбўйлигидаги ажиб сир,
Мадинани манзил этиб танлаганлигидир.

Нофеъга: “Мунча ҳам юзингиз порлоқ, хулқингиз гўзал!?” дейилган эди. “Нечук бундай бўлмайин?! Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан қўл бериб кўришганлар. У зотга (тушда) Қуръон қироат қилиб берганман” деганлар.

Қолун устози Нофеъни жуда ҳам эҳтиром қилар, унинг олдида одоб билан ҳушёр турарди. Бу ҳақда ўзи шундай дейди: “Мени Нофеънинг олдида бирор марта уйқу босмаган. Лекин бир куни унинг ҳузурида “ухлаб қолди, қироатимни эшитмайди” деб бироз ухламоқчи бўлдим. Шунда мени сўкиб берди. Дарров унинг олдида тавба қилдим ва қайта бундай такрорламадим”. “Нофеъ бирор оятни бетаҳорат ўқимаган, мен ҳам бирор оятни бетаҳорат ўқимаганман. Бунда ажабланарли нарса йўқ. Дарҳақиқат, унинг устози Абу Жаъфар муҳожирлар ва ансорлар тўлдириб турадиган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида имом бўлган”.

Қолун Нофеъдан ташқари яна Абу Жаъфар Язид ибн ал-Қаъқоъ, Исо ибн Вардон ва бошқаларга ҳам Қуръонни ўқиб ўтказган. Қолундан жуда кўпчилик қироат илмини олган ва ундан ривоят қилган. Улардан Иброҳим ибн Ҳусайн Кисоий, Иброҳим ибн Муҳаммад Маданий, Аҳмад ибн Солиҳ Мисрий, Аҳмад ибн Язид Ҳалвоний, Исмоил ибн Исҳоқ ал-Қозий, Ҳасан ибн Али аш-Шаҳҳам, Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ал-Муаллим, Солим ибн Ҳорун Абу Сулаймон, Абдуллоҳ ибн Исо ал-Маданий ва бошқалар.

Қолун бир неча муҳаддис уламолардан ҳам ҳадис ривоят қилган. Улар Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Абу Касир, Абдурраҳмон ибн Абу аз-Зинад, Нофеъ ибн Абу Нуъайм ва бошқалар.

Қолундан эса Исмоил ал-Қозий, Абу Зуръа ар-Розий, Ибн Дизил, Мусо ибн Исҳоқ ал-Ансорий, Аҳмад ибн Солиҳ, Абу Нашийт, Мусо ибн Исҳоқ, Али Ҳисанжоний ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган.

Вафоти: Қолун юз йил умр кўрган ва Мадинаи Мунавварада халифа Маъмун даврида ҳижрий 220-йили вафот этган. Баъзи манбаларда бошқа сана қайд этилган. Имом Заҳабий ушбу санани аниқроқ деб қайдлаган.
 

Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим тайёрлади


[1] Озод қилинган қул.