Қуръон ўқувчи қори холис ният қилиши, тиловат одобларига амал қилиши лозим. У тиловат чоғида ўзини Аллоҳ таолога муножот қилаётгандек тутиши, Аллоҳни кўриб тургандек ҳолатда бўлиши керак. Гарчи у кўрмаса ҳам, Аллоҳ таоло бандани кўриб туради.
Қуръон тиловати ва қориларнинг одоблари:
– Қироатдан олдин оғиз мисвок ёки бошқа воситалар билан тозаланади. Мисвокнинг энг афзали арок дарахтидан олинганидир. Аммо тишларни тозалашда бошқа воситаларни ҳам ишлатса бўлади.
Агар оғизда қон ёки бошқа нарсалар бўлса, уни ювиб ташламай Қуръон тиловат қилиш макруҳ саналади;
– Қуръон таҳоратли ҳолда ўқилади. Агар сув топилмаса, таяммум қилинади. Жунуб ва ҳайз кўраётган аёл бир оят ёки ундан кам миқдорда бўлса ҳам ўқиши ҳаром. Аммо ҳарфларни талаффуз қилмасдан, қалбдан ўтказса бўлади. Шунингдек, бундай ҳолда Мусҳафга назар солиш ҳам жоиз.
Жунуб ва ҳайз кўрган аёл тасбеҳ, таҳлил, таҳмид, такбир айтиши ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот йўллаши мумкин. Бу тоифадагилар мусибат етганда Қуръон оятини ният қилмаган ҳолда “иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун”, дейиш жоизлигига уламолар иттифоқ қилишган. Шунингдек, улар уловга минишда “субҳааналлазий саххоро ланаа ҳаазаа ва маа куннаа лаҳув муқринийн”, деб айтишлари ва фақат дуо нияти билан “роббанаа аатинаа фид-дунйаа ҳасанатав-ва фил-аахирати ҳасанатав-ва қинаа азаабан-наар”, дейишлари ҳам жоиз;
– Қироат қилинадиган жой пок ва озода бўлиши лозим. Шунинг учун кўп уламолар масжидда Қуръон ўқиш мустаҳаб деганлар. Чунки масжид доимо озода бўлади. Бунда масжиднинг ҳурмати ва шарафи ҳам эътиборга олинади;
– Қуръон ўқувчи қироатни бошлашдан аввал “аъузу биллааҳи минаш-шайтонир рожийм”, дейди. Бу фикр жумҳур уламоларнинг сўзларидир.
Аллоҳ таоло айтади:
فَاسْتَعِذْ بِاللّهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ فَإِذَا قَرَأْتَ الْقُرْآنَ
“Қачон Қуръон ўқисанг, малъун шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўрагин!” (Наҳл, 98).
Кўпчилик салаф уламолар тааввузни “аъузу биллааҳис-самийъил ъалийми минаш-шайтонир рожийм” тарзида айтишарди. Ушбу сийға (шакл) ҳам мақбул, лекин энг афзали биринчисидир (яъни, “аъузу биллааҳи минаш-шайтонир рожийм”).
Хоҳ намозда ёки бошқа ҳолатда бўлсин қироат аввалида таъаввузни айтиш мустаҳаб, вожиб эмас. Шунингдек, Тавба сурасидан бошқа ҳамма суралар аввалида “بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ” яъни, “бисмиллааҳир-роҳмаанир-роҳийм”ни айтиш лозим. Агар басмалани тарк қилса, кўпчилик уламоларнинг фикрича, Қуръоннинг одобини бузган ҳисобланади;
– Агар қори адашиб кетмаса, Қуръонни йўлда ёки сафарга кетаётганида қироат қилиши жоиз. Агар қироатда хаёли чалғиса ёки янглишса, у ҳолда йўлда тиловат қилиш макруҳ
وَعَنْ حُمَيْدٍ الأَعْرَجِ عَنْ مُجَاهِدٍ قَالَ: إِذَا تَثَاوَبْتَ وَأَنْتَ تَقْرَأُ فَأَمْسِكْ عَنْ الْقِرَاءَةِ حَتَّى يَذْهَبَ عَنْكَ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ.
Ҳумайд Аърож Мужоҳиддан ривоят қилади: “Ўқиётганингда эснасанг, эснаш тўхтагунича қироат қилмай тур” (Байҳақий “Шуабул-иймон”да ривоят қилган).
Демак, эснаётганда Қуръон ўқиш мумкин эмас. Бунда тиловатни тўхтатиб туриб, оғизни ўнг қўл билан ёпиш керак. Бу ҳам одобдандир;
– Намоздан ташқари ҳолатда ҳам қиблага юзланиб тиловат қилиш мустаҳаб.
– Қуръон ўқувчи қори сокин ва виқор билан, бошини қуйи солиб, ўзини худди устози олдида ўтиргандек тутиши лозим.
Аллоҳ таоло айтади:
لِّأُوْلِي الألْبَابِ خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ وَاخْتِلاَفِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ لآيَاتٍ إِنَّ فِي
الَّذِينَ يَذْكُرُونَ اللّهَ قِيَاماً وَقُعُودا وَعَلَىَ جُنُوبِهِمْ وَيَتَفَكَّرُونَ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ
رَبَّنَا مَا خَلَقْتَ هَذا بَاطِلاً سُبْحَانَكَ فَقِنَا عَذَابَ النَّار
“Албатта, осмонлар ва Ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир яратувчи ва бошқариб тургувчи Зот мавжуд эканига) оят-аломатлар бордир. Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни зикр қиладилар ҳамда осмонлар ва Ернинг яралиши ҳақида тафаккур қилиб (дейдилар): “Парвардигоро, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ! Сен (беҳуда бирон иш қилишдан)поксан! Ўзинг бизни жаҳаннам азобидан асрагин!” (Оли-Имрон, 190-191).
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу: “Мен Қуръонни намозда ҳам, ётоғимда ҳам ўқийман”, деган.
Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни унга қалбларингиз улфат бўлиб турганда қироат қилинг. Қачон ихтилоф қилсангиз туриб кетинг”, дедилар” (Икки шайх ривоят қилган).
Ушбу ҳадиси шарифни уламоларимиз икки хил таъвил қилганлар.
Биринчи таъвил: Қуръоннинг маънолари ҳақида иттифоқ бўлиб турганингизда қироат қилинг. Агар ихтилоф қилиб қолсангиз, талашиб-тортишиб жанжаллашмасдан ўрнингиздан туриб кетинг.
Иккинчи таъвил: Қуръонни қалбингиз унга иштиёқ қилиб, ошиқ бўлиб турганда ўқинг. Қачон малол кўришни сезсангиз ўрнингиздан туриб кетинг.
Албатта, бу икки маънога ҳам амал қилмоқ керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ чиройли овозли набийнинг овоз чиқариб Қуръонни оҳангли қилиб ўқиганига қулоқ солганчалик ҳеч бир нарсага қулоқ солмаган”, дедилар” (Учовлари ривоят қилган).
Ушбу ҳадиси шариф Қуръони каримни қоидаси билан чиройли қилиб қироат қилиш жуда ҳам марғуб амал эканига далилдир.
Абу Довуд ва Бухорийнинг ривоятида:
“Қуръонни овозларингиз ила зийнатланглар. Ким Қуръонни оҳанг билан ўқимаса биздан эмас”, дейилган.
Қуръони каримни қоидага мувофиқ қилиб оҳанг билин ўқимоқ даркор. Ким тажвид қоидаларига ва оҳанг билан қироат қилишга амал қилмаса макруҳ ишни қилган бўлади. Баъзи уламолар бу ишни ҳаром, ўшани қилган одам гуноҳкор, деганлар.
Қуръони каримни қоидага риоя қилмай ўқиётганларни кўрган кишилар уларга бу иш нотўғри эканини тушунтирмоғи лозим.
Аллоҳ таоло:
وَرَتِّلِ الْقُرْآنَ تَرْتِيلاً
“Ва Қуръонни тартил билан тиловат қил” (Муззаммил, 4), деган.
Шарҳ: Қуръонни тартил билан ўқиш деб уни дона-дона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилади.
Қуръонни тартил билан ўқишга бўлган фармони илоҳий барча мўмин- мусулмонларга оммавий фармондир. Муҳаммад алайҳиссаломга Жаброил алайҳиссалом Қуръонни тартил билан ўқиб берганлар. Ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссалом умматларига тартил билан ўқиб берганлар.
Мусулмон уммати эса авлоддан авлодга ўз Пайғамбаридан қандоқ қилиб олган бўлса, шундоқ ўтказиб келмоқда. Қориларимиз Қуръон қироати қоидаларини тартибга солиб китоблар қилишган. Бу қоидаларни билиш ҳар бир мусулмон учун зарур. Шунинг учун ҳар бир мусулмон тажвид қоидалари бўйича бир китоб ўқимоғи, Қуръон тиловатини тажвид илмига эга бўлган қорилардан ўрганмоғи лозим.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У кишидан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатлари қандоқ бўлган, деб сўралганда, чўзиб ўқиш бўлган, деди ва Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, деб бисмиллаҳни чўзиб, ар-Роҳманни чўзиб, ар-Роҳиймни чўзиб қироат қилди» (Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган).
Шарҳ: Албатта, Аллоҳ таоло Қуръони каримни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом орқали нозил қилган. У зот Қуръони каримни қандоқ қилиб қабул қилиб олган бўлсалар, худди шундоқ қилиб ўз саҳобаларига ўргатганлар. Саҳобаи киромлар эса худди ушбу ривоятда Анас розияллоҳу анҳу ўргатаётганларидек тобеинларга ўргатганлар. Ана шу тарзда Қуръони карим ва унинг қироати авлоддан авлодга омонат ила ўтиб келмоқда.
Хулоса килиб айтганда, Қуръони карим тиловати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиловатларига ўхшаши керак. Бунинг учун эса Қуръони карим ва унинг қироатини силсиласи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган устоздан ҳар бир ҳарфни, ҳар бир сўзни, ҳар бир оятни ўрганиш лозим бўлади.
Азизахон МЎМИНОВА,
Хадичаи Кубро ўрта-махсус ислом билим юрти талабаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Ислом сўзи “салима” “ясламу”, “салааман” ва “салааматан” каби сўзларнинг ўзагидан олинган.
Ислом сўзининг маъноси турли маъноларни англатсада, бироқ барча маънолар бир эзгу мақсад – тинчликка йўналгандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Эй, иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг” (Бақара сураси, 208-оят).
Тилшунос олим Абу Амр Шайбоний ушбу оятдаги “силм” сўзини Ислом деб шарҳлайди.
Ушбу ояти каримадаги “каафатан яъни тўлиғича, ёппасига” сўзи барча инсонлар тинчлик йўлини тутишлари лозимлигини билдиради. Аллоҳнинг амр фармонига итоат этган ҳолда ҳамиша аҳил ва иноқликда яшашлари даркор.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бандани таърифлаб: “Мусулмон бошқа мусулмонларга тили билан ҳам, қўли билан ҳам озор етказмаган кишидир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривояти).
Бу ҳадисга кўра, мусулмон сўзи “барчага яхшилик истовчи, дилозорликдан йироқ” каби маъноларни ифодалайди.
Шунинг учун ҳам, мусулмонлар ўзаро муомалаларини доимо бир-бирларига тинчлик тилаш, яъни саломлашиш билан бошлайдилар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Сизларга салом бўлсин, Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёзди” (Анъом сураси, 54-оят).
Араб тилидаги салом сўзининг тўрт хил маъноси бор.
Биринчиси, “салима” сўзининг масдари “салаам” бўлиб, у турли “бало-офатлардан омонда бўлиш”ни англатади.
Иккинчиси, “салаама” сўзининг кўплик шакли, у “тинчлик ва омонлик” каби маъноларни билдиради.
Учинчиси, Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири бўлган “ас-Салом”, яъни, “барча нуқсонлардан саломат, тинчлик-хотиржамлик берувчи” деган маънони англатади.
Тўртинчиси, “салам” яъни, “серсоя ва ҳамиша яшил бўлиб турувчи дарахт”дир.
Абу Исҳоқ Зужажнинг фикрига кўра, “салаам” сўзи “саллама”дан олинган бўлиб, “инсоннинг оғир синов, ғам-алам ва ташвишлардан омонда бўлиши”ни англатади[1].
Шунингдек, жаннатнинг номларидан бири “Дорус-салом” (тинчлик диёри) деб номланган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Уларга Роббилари ҳузурида дорус-салом (тинчлик уйи) бордир” (Анъом сураси, 127-оят); “Аллоҳ (одамларни) тинчлик диёри (жаннат)га чорлайди ва хоҳлаган кишини тўғри йўлга ҳидоят этади” (Юнус сураси, 25-оят).
Жаннатда фақат тинчлик, хотиржамлик, саломатлик, роҳат-фароғат, анвойи нозу неъматлар бўлгани, унда ўлим, касаллик, уйқу, ғам-ташвиш деган нарсалар йўқ.
Имом Асфаҳонийнинг фикрига кўра, “салаам” ва “салаама” сўзлари барча мусибат, ғам, ташвишлардан четда бўлиш маъносини англатади. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: “Магар ким Аллоҳ ҳузурига тоза қалб ила келар, (ўша манфаат топар)” (Шуаро сураси, 89-оят).
Тоза қалб – турли зулм ва ёмонликлардан ҳоли бўлган қалбдир. Шунингдек, Қуръони каримда тинчлик, хотиржамлик ҳақида яна бошқа кўплаб оятлар мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:
“У (жаннат)ларга тинчлик, омонлик ила киринглар (дейилур)” (Хижр сураси, 46-оят);
“Биздан (бўлмиш) саломатлик ва сенга ва сен билан биргаликдаги жамоаларга (аталган) баракотлар билан (кемадан ерга) тушгин!” (Ҳуд сураси, 48-оят);
“У билан Аллоҳ ризосини топишга интилганларни (У) тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (Моида сураси, 16-оят);
“ ... жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда «Саломатлик бўлсин!» деб жавоб қиладиган кишилардир” (Фурқон сураси, 63-оят).
“(Уларга) раҳмли Парвардигор (томони)дан салом (айтилур)” (Ёсин сураси, 58-оят);
“(Аллоҳ йўлида турли машаққатларга) сабр қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу ерда) сизларга тинчлик бўлгай” (Раъд сураси, 24-оят).
Бу оятлар Ислом – тинчлик, омонлик, хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик дини эканининг яққол исботи саналади.
Юқорида таъкидланганидек, яшил дарахт ҳам Ислом сўзининг луғавий маъноларидан бири ҳисобланади. Араб тили луғатига оид икки машҳур “Лисанул араб” ва “Таҳзибул луғат” асарларида Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг қуйидаги сўзлари келтирилади:
“Ас-салаам абадий яшил, улкан бир дарахтдир”[2].
Бир қатор луғатшунос олимлар “ас-салаам” сўзи “яшил дарахт” маъносини англатишини қўллаб қувватлашган. Чунки бу дарахт ҳатто кузда сарғаймайди, ҳеч чиримайди ҳам.
Буюк луғат олимларидан бири Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Баррийнинг фикрига кўра, бу дарахт “салм” деб номланади ва унинг кўплик шакли “салаам” ҳисобланади. Унинг бундай аталишига сабаб, дарахт ҳамиша яшил рангда ва серсоя эканлигидир.
Шунингдек, нарвон араб тилида “суллам” деб аталади. Бу ҳақда Зужаж бундай ёзади: “Суллам” сўзи “нарвон” маъносини англатади, чунки у орқали сен кўтарилмоқчи бўлган жойга соғ-саломат етиб оласан[3].
Юқорига чиқиш ёки кўтарилишнинг нарвондан бошқа йўллари кўпинча шикастланиш ё жароҳатланиш каби бахтсиз ҳолатлар билан якун топиши мумкин. Шу боис, нарвон сабабли турли хавф-хатарлардан саломат, хотиржам бўлингани учун араб тилида нарвон суллам деб номланган. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “ёки осмонга нарвон қўйиб” (Анъом сураси, 35-оят).
“Лисанул-араб” асари муаллифи Ибн Манзур эса “суллам” сўзини қуйидагича шарҳлайди: “Суллам бу – катта челак дегани”[4].
Пақир – қудуқдан сув олиш воситаси бўлиб, қадимда одамлар унинг ёрдамида қудуқлардан сув олишарди. Лекин нега айнан челак “суллам” деб аталади? Чунки одамлар унинг ёрдамида сув тортиб чанқоғини қондиришган, уйларига олиб кетиб, таҳорат учун ишлатишган.
Сув – барча махлуқот, жонзот, наботот ва ўсимлик учун салқинлик, сокинлик, тириклик ва ҳаёт манбаи. Шунинг учун унга эришиш восита бўлган челак “суллам” дейилади.
Бир сўз билан айтганда, Ислом – тинчлик, омонлик ва хотиржамлик дини. Тинчлик – Ислом динининг шиори, бош ғояси. Унинг таълимоти башариятни тинчликка чақириш, ер юзида осойишта ҳаёт ўрнатиш, инсонларнинг ўзаро меҳр-мурувватли бўлишга чақиришдан иборатдир. Зўравонлик, жанжал, қотиллик ва бузғунчиликларнинг ҳар қандай кўринишини қоралайди ҳамда улардан қайтаради.
“The Fatwa on Terrorism and Suicide Bombings” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси
[1] Абу Мансур Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Азҳарий. Таҳзиб ал-луғат. – Майдон ал-жайш: Дор ал-қавмийя ал-арабийя, 1964. Ж. 4. – Б. 292.
[2] Ибн Манзур Африқий. Лисан ал-араб. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1984. Ж. 12. – Б. 297.
[3] Ибн Манзур Африқий. Лисан ал-араб. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1984. Ж. 12. – Б. 297.
[4] Ибн Манзур Африқий. Лисан ал-араб. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1984. Ж. 12. – Б. 201.