Ўзбек ва қозоқ халқи бир илдиздан сув ичган халқ. Азалдан Ўзбекистон замини қозоқ халқи учун илму маърифат манбаи, маънавий таянч маскани бўлиб келган. Қозоқ заминида мангу қўним топган буюк Туркистон пири Аҳмад Яссавий ҳазратлари Бухорои шарифда, Хожа Юсуф Ҳамадоний даргоҳида таълим олган.
Буюк қозоқ маърифатпарвари Абай Қўнонбоевнинг ўзбек халқига ҳурмати ниҳоятда баланд бўлган. У миллатимизга бўлган чексиз ҳурматини “Ўзбеклар ҳақида мақола”сида қуйидагича изҳор қилган: “Ҳозирда кўрмоқдаманки, ўзбек деҳқони етиштирмаган ўсимликнинг ўзи йўқ, ўзбек савдогари қадами етмаган жой йўқ, улар ясамаган буюм йўқ. Аҳилликда яшашади, адоват қўзғашмайди. Рус савдогарлари йўқлигида қозоқларга кийим-кечак ва марҳумларига кафан келтириб беришди... Руслар замонига келиб эса янгиликларни бошқалардан олдинроқ ўзлаштиришмоқда. Таниқли бойлари, билимдон муллалари, ҳунармандчилик ва мўл-кўллик дейсизми, боадаблик дейсизми – ҳаммаси уларда бор..."
Кўҳна тарих қаърини титкилайверсангиз ўзбек ва қозоқ халқининг ҳар жиҳатдан бир-бирига кўмакчи ва ишончли йўлдош бўлиб келганига доир мисоллар жуда ҳам кўп топилади.
Бугун эса ажойиб замон. Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам барқарор тараққиёт йўлига тушиб олиб жадаллик билан одимлаб бораётир. бугун икки давлат орасида интеграциялашув, савдо алоқалари, таълим, тиббиёт, фан ва маданият, қишлоқ хўжалиги, саноат, спорт, ёшлар ўртасидаги мулоқотлар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш икки мамлакат ривожи, икки миллат равнақига хизмат қилади.
Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан амалий ташриф билан Остонага боради.
Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг кенг кўламли кун тартибига эга биринчи маслаҳат учрашувида иштирок этади. Ушбу учрашувни ўтказиш таклифини Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 2017 йил сентябрь ойида ўтган 72-сессиясида илгари сур ган ҳамда Самарқанд шаҳрида бўлган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда яхлит дастур даражасигача ривожлантирилган эди.
Ўзбекистоннинг ушбу ташаббусини минтақадаги барча мамлакатлар қўллаб-қувватлаб, Қозоғистон олий даражадаги биринчи учрашувни Остонада ўтказиш истагини билдирган эди.
Маълумингизки, 2018 йил Қозоғистонда “Ўзбекистон йили” деб эълон қилинди. Давлатимиз раҳбари Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг расмий очилиш маросимида иштирок этади.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашуви ҳам режалаштирилган.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Буюк маърифатпарвар шоир ва мутафаккир, эзгулик ва дўстлик куйчиси Абай Қўнонбоевнинг шарафли номи ва бой ижодий мероси нафақат қозоқ халқи, айни пайтда, бутун туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқининг ҳам қалбида безавол яшаб келмоқда, деган сўзлар бошланган қарор беш банддан таркиб топган.
Унда Абай Қўнонбоевнинг умуминсоний қадриятлар ва меҳр-оқибат туйғулари юксак пардаларда тараннум этилган етук бадиий асарлари, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолияти билан халқларимиз маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссасини инобатга олиб ҳамда ўзаро маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш, эл-юртимизни қозоқ адабиётининг улуғ намояндалари ижоди билан кенг таништириш мақсад қилинган.
Қозоғистонда Ўзбекистон йили эълон қилиниши, Ўзбекистонда буюк қозоқ шоирининг ижодий меросини ўрганиш ва уни кенг тарғиб қилиш тўғрисида давлат раҳбарининг қарори қабул қилиниши икки халқнинг қалбини янада яқинлаштиради, хайрихоҳлигини янада оширади, қардошлик алоқаларини мустаҳкамлайди. Бундан эса барча инсонлар манфаатдор бўлади, иншоаллоҳ!
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
КИРИШ
Онг инсон туғилганидан бошлаб доимо ривожланиб боради. Бу онгнинг тўғри ривожланишида атроф-муҳит таъсири муҳим ўрин тутади. Хусусан, ёш бола ҳамиша атрофдагиларнинг ғамхўрлиги ва қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлади.
МУАММО
Аммо, айрим ота-оналарнинг фарзандига нисбатан қўпол муносабатда бўлиши, дўқ-пўписа қилиши, болани ҳақоратлаши, оғзаки қўрқитиши ёки бақириши кўплаб салбий оқибатларга олиб келади. Катталарнинг бундай ҳаракатлари болаларнинг ривожланишини зарарлайди, боланинг ўзига бўлган ишончини синдиради.
ТАДҚИҚОТЛАР
Бу борада кўплаб тадқиқотлар мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси бир ҳақиқатни тасдиқлайдики, яъни болалик даврида турли зўравонликларга дучор бўлган шахслар депрессияга икки баробар кўпроқ мойил бўлади.
Қўпол муносабатда улғайган боланинг миясидаги нуқсон ва шикастланишлар Гарвард университетининг тиббиёт факультетида олиб борилган тадқиқотларда ҳам исботланган.
Замонавий технологиялар асосида олиб борилган тадқиқотларга кўра, ёшлигидан қўполликдан азият чеккан болаларнинг миясида ва фикрлаш қобилиятида нуқсонлар кузатилган, айниқса миянинг ўнг ва чап ярим шарларида заифлик аниқланган.
Болалар зўравонлиги бўйича эксперт Шанта Дюб айтади: “Ота-оналар баланд овозлари ва “аҳмоқ”, “дангаса” каби сўзлари фарзандларига қанчалик салбий таъсир кўрсатишини афсуски яхши билишмайди”.
Тадқиқотчи Питер Фонагининг қайд этишича, болалар катталар нима деса, шунга ишонадиган бўлади. Улар катталарни жиддий қабул қилади. Катталарнинг болаларга қўпол сўзлари нафақат болаларнинг миясига шикаст етказади, балки жамият билан алоқа қила олмаслигига ҳам сабаб бўлади.
21 минг нафар иштирокчи қатнашган тадқиқотда: болаликда қўпол муомалада вояга етганлар бошқаларга қараганда 20% фоиз кўпроқ гиёҳванд моддалар истеъмол қилишга мойил бўлиши, уларнинг қамоққа тушиб қолиш хавфи эса ота-онасининг бақиришларини эшитмаганларга қараганда 2 баробар кўпроқ экани аниқланди.
РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ЁШ БОЛАЛАРГА ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДА БЎЛАРДИЛАР?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш болаларга отанинг боласига қилган муомаласидек бўлар эди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга 10 йил хизмат қилдим. У зот бирор қилган ишимни нимага бундай қилдинг ёки буюрган ишимни нега қилмадинг, деб сўрамас эдилар. Балки “Аллоҳ хоҳлагани бўлади, хоҳламагани бўлмайди”, дер эдилар”.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим, қарасам, Ҳасан розияллоҳу анҳуни елкаларига кўтариб олибдилар ва: “Аллоҳим, мен буни яхши кўраман, Сен ҳам яхши кўргин” деб айтардилар».
Сиз ҳам фарзандларингизга уларни яхши кўришингизни айтинг ва “Аллоҳим фарзандларимни Сен ҳам яхши кўргин”, деб дуо қилинг.
ЯКУН
Аллоҳ таолодан бизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашганлардан қилишини ва фарзандларимизни у зот алайҳиссаломдан ўрнак олиб тарбия қилишимизга мадад беришини сўраб қоламан.
Даврон НУРМУҲАММАД