Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Феврал, 2025   |   27 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:44
Қуёш
07:02
Пешин
12:41
Аср
16:26
Шом
18:13
Хуфтон
19:26
Bismillah
26 Феврал, 2025, 27 Шаъбон, 1446

Сабр – улуғлик белгиси

14.03.2018   4494   2 min.
Сабр – улуғлик белгиси

Сабр – инсонга дунё ва дин ишларида тўғри йўл тутишда ёрдам берадиган фазилат. Инсон  зоти яралибдики, ўзининг барча мақсадларини сабр асосида рўёбга чиқаради. Агар у сабрсизлик билан иш тутса хеч қачон мақсадга эриша олмайди. Ҳар қандай ишда ҳам шошқалоқлик зарар келтиради. Сахл Ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Шошилмаслик Аллоҳдандир, шошқалоқлик шайтондардир”, дедилар (Термизий ва Байхакий ривоят қилган).

Шунинг учун ҳам мўмин-мусулмон банда ҳеч бир ишда шошилмаслиги лозим.

Сабр – улуғлик ва камолот белгисидир. Аллоҳ таоло ўз исмларидан бирини “Ас-собур” деб атагани хам бежиз эмас. Аллоҳ таоло гуноҳ қилган бандасини дарҳол жазоламайди, унга берилажак азобни орқага суради. Аъроф сурасида бундай марҳамат қилинади: “Албатта Раббингиз осмонлару ерни олти кунда яратган”  (54-оят).

Аллоҳ таоло истаса оламни бир зумда яратар эди. Аммо бандаларга ибрат бўлиши учун уни олти кунда яратган. Шунингдек, Аллоҳ таоло Қурони каримни  ҳам бир йўла нозил қилса бўлар эди. Аммо бандаларга осон бўлиши учун йигирма уч йилда нозил этди. Шариат аҳкомларини ҳам ўша муддатда жорий қилди. Ожиз бандалар бу дунё ишларини амалга оширишда қанчалик машаққат ва оғирлик  ҳосил бўлмасин, мустаҳкам ирода ва сабр-тоқат кўрсатиши лозим. Имом Бухорий ривоят қилган бир ҳадисда: “Кимки сабр қилишни хоҳласа, Аллоҳ унга сабр беради. Ҳеч бир кишига сабрдан кўра яхшироқ неъмат берилмаган.” дейилади. Инсон ҳаёти давомида бир имтиҳондан чиқиб, иккинчи имтиҳондан чиқиб, учинчи имтиҳонга тўқнаш келаверади ва бу нарса бир-бирига уланиб кетган синовлардан иборат .

Бугунги кунда кўп гуноҳ ва жиноятлар келиб чиқишига назар ташласак, сабрсизлигимиз эвазига содир бўлаётганини кўрамиз.  Инсонларнинг ёши-қари ҳаммаси сабрни унутиб қўйдик, десак муболаға бўлмайди. Аллоҳу таоло шунча соҳиб қудрат эгаси бўлса ҳам биз бандаларга ҳар бир нарсада ибрат олишимиз учун ақлимизни сабрга ундаган. Хато камчилликларнинг бари сабрсизлигимиз оқибатида содир бўлаяпти. У ҳаёт уфқида кетма-кет пайдо бўлувчи булутлардан қўрқмайдиган, балки бир кунмас, бир кун ўзига ҳам омад кулиб боқишидан умидини узмаслиги лозим. Бундай натижани сабр бардош, хотиржамлик ва ишонч билан кутиш эса айни ҳикматдир. Шунинг учун дин бандадан хар  доим сабр қилишни талаб этади.

Абдухалил АБДУНАЗАРОВ,

Қизириқ туман бош имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ота-онанинг вафотидан кейин қилинган дуо

24.02.2025   3931   4 min.
Ота-онанинг вафотидан кейин қилинган дуо

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ سَعِيدِ بْنِ الْمُسَيَّبِ يَقُولُ: إِنَّ الرَّجُلَ لَيُرْفَعُ بِدُعَاءِ وَلَدِهِ بَعْدَهُ، وَقَالَ بِيَدَيْهِ هَكَذَا، فَرَفَعَهُمَا.

Саъид ибн Мусайяб: «Киши ўзидан кейин фарзандининг қилган дуоси ила кўтарилади», деди ва «Мана бундай», деб икки қўлини кўтарди».

Шарҳ: «Бир одам вафот этгач, фарзандининг унинг ортидан қилган дуоси туфайли мартабаси мана бундай бўлиб кўтарилади», деб икки қўлини кўтариб кўрсатган экан Саъид ибн Мусайяб. Яъни бу ривоят вафотларидан кейин ҳам ота-онага фарзанднинг қиладиган яхшилиги уларнинг ҳақларига дуо қилиш билан бўлишига мисолдир.

Фарзанд ота-онасига уларнинг вафотидан кейин ҳам яхшилик қилай, деган умидда бўлса, уларнинг ҳаққига дуо қилиб, мағфират сўраса, ана ўша иши яхшилик бўлар экан. Фарзандларининг дуоси сабабли ота-оналарнинг охиратдаги мақомлари юқори бўлар экан.

عَنْ سَعِيدِ بْنِ الْمُسَيَّبِ، مِثْلَهُ.

Саъид ибн Мусайябдан худди шунга ўхшаши ривоят қилинади.

Ушбу ривоятда ҳам худди юқоридаги маънонинг ўзини Саъид ибн Мусайяб розияллоҳу анҳудан энди бошқа бир ровийлар ривоят қилган экан. Демак, бу машҳур гап, бир неча тарафлардан ривоят қилинган кучли бир далил ҳисобланар экан.

عَنِ الثَّقَفِيِّ قَالَ: سَمِعْتُ يَحْيَى بْنَ سَعِيدٍ يَقُولُ: كُنَّا نَسْمَعُ أَنَّ الْمَيِّتَ يُجْرَى لَهُ ثَلَاثُ خِصَالٍ: صَدَقَةٌ تَمْضِي بَعْدَهُ، أَوْ عِلْمٌ وَرَّثَهُ يُعْمَلُ بِهِ بَعْدَهُ، أَوْ وَلَدُهُ يَدْعُو لَهُ».

Сақафийдан ривоят қилинади:

«Яҳё ибн Саъиднинг шундай деганини эшитдим: «Эшитишимизча, маййитга учта хислат жорий бўлиб туради: кетидан борадиган садақа, у мерос қолдирган илмга унинг ортидан амал қилинса ва унга дуо қиладиган боласи».

Шарҳ: Биринчиси: Биров кўпчиликка фойда берадиган ишни қилиб қўйган бўлса, унинг қилган ишидан мўмин-мусулмонларга манфаат етиб турса, ўша садақаи жория бўлган ишнинг фойдасидан, яъни савобидан эгасига ўлимидан кейин ҳам бориб туради.

Иккинчиси – вафот этган одам ўзининг кетидан манфаат берадиган бир илм қолдирган бўлса. Одамлар ана шунга амал қилиб, фойдаланиб турса, олим ўтиб кетганидан кейин ҳам ортидан ўзи қолдирган илм туфайли савобга эришиб туради.

Учинчиси – вафот этган одамнинг ортидан фарзандининг дуо қилиб туриши. Бунда ҳам вафот этган одамнинг ортидан яхшилик, хайр-барака етиб туради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Вафот этганидан кейин бир маййитнинг даражаси кўтарилади. Шунда у: «Роббим! Бу нима?» дейди.

«Фарзандинг сенга истиғфор айтди», дейилади».

Бухорий ривоят қилган.

Албатта, инсон вафотидан кейин амал қилиш имконидан маҳрум бўлади. У ҳеч нарса қила олмай, кутиб туришдан бошқа нарсага ярамайдиган ҳолда бўлади.

Аммо бир киши вафотидан кейин даражаси кўтарилади. Бундан ўша банданинг ўзи ҳам ҳайрон. Қандай қилиб вафотидан кейин унинг даражаси кўтарилиши мумкин? Бу ажабланиш уни Аллоҳ таолога савол беришга ундайди. Шунда у: «Роббим! Бу нима?» дейди. Унинг ҳайрат ила берган бу саволига: «Фарзандинг сенга истиғфор айтди», дея жавоб берилади».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бу гапларидан фарзанднинг истиғфори – мағфират сўраши туфайли унинг вафот этиб кетган ота-онасининг охиратдаги даражаси кўтарилиши билиб олинади.

Шунинг учун ота-онасига уларнинг вафотидан кейин яхшилик қилишни, уларнинг ортидан савоб етказишни ва охиратдаги мақомлари яхшиланиб, даражалари юқорилашини истаган фарзанд доимо уларга мағфират сўраб, дуода бўлиши лозим.

Ушбу ривоятлардан олинадиган фойдалар:

1. Вафотидан кейин ҳам маййитнинг даражаси кўтарилиши мумкинлиги.
2. Маййит охиратда ўзининг даражаси кўтарилганидан ўзи ҳайратга тушиб, Роббидан бу ҳақда сўраши.
3. Фарзанднинг дуоси маййитнинг охиратдаги даражасининг кўтарилишига сабаб бўлиши.
4. Баъзи маййитлар Робб билан гаплашиши мумкинлиги.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.