Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўз тасарруфидаги диний таълим муассасаларининг қабул имтиҳонларини янада такомиллаштириш, синовларнинг шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида
2018-2019 ўқув йили учун ўтказиладиган қабул имтиҳонларига қуйидаги ўзгартиришлар киритилганини эълон қилади.
Ўрта махсус ислом билим юртлари учун:
- Маънавият ва маърифат (оғзаки, ижодий имтиҳон) 75,6 балл
- Хорижий тил (тест синови) 111,6 балл
- Тарих (тест синови) 39,6 балл
Ўрта махсус ислом билим юртларига умумий ўрта таълим маълумоти тўғрисидаги шаҳодатнома (11-синф), академик лицей ёки ўрта махсус, касб-ҳунар коллежини тамомлаганлиги тўғрисидаги ҳужжатга (диплом) эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.
Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасаси учун:
- Араб тили (оғзаки, ижодий имтиҳон) 75,6 балл
- Фиқҳ ва ақоид (тест синови) 111,6 балл
- Ўзбекистон тарихи (тест синови) 39,6 балл
Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасасига ўрта махсус ислом билим юртларини тамомлаганлиги тўғрисидаги ҳужжатга (диплом) эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.
Абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш ва қабул имтиҳони ўтказиш муддатлари қўшимча эълон қилинади.
ЎМИ Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими
ЎМИ Матбуот хизмати
Самарқанд шаҳридаги халқаро конференция доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қирғиз Республикаси мусулмонлари идораси раиси, муфтий Абдулазиз Закировни қабул қилдилар.
Учрашувда кейинги йилларда диний идоралар ўртасида алоқалар ривожланаётгани, қардош уламолар ҳамкорлиги тараққий этаётгани, халқаро анжуманларда биргаликда иштирок этиши, фатво ишлаб чиқиш ва муҳим саналарни белгилашдаги кенгашлар яхши натижа бераётгани қайд этилди.
Ўтган март ойида Хўжанд шаҳрида Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғиз республикалари раҳбарлари давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома имзолагани тарихий воқеа бўлгани, ушбу ҳужжат баҳс-низоларни ортда қолдириб, абадий дўстлик ва қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлагани таъкидланди.
Қирғиз муфтийси сўнгги йилларда Ўзбекистонда Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш, масжид-мадрасаларни обод этиш ва улуғ алломалар меросига эҳтиром кўрсатиш, минтақада тинчлик-осойишталикни таъминлаш ва яхши қўшничилик муносабатларини шакллантириш йўлида олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади.
Муфтий Абдулазиз Закиров Марказий Осиё ижтимоий ҳаётида диёримиз уламоларининг ўрни катта экани, улар қардош аҳли илмларга устоз сифатида қадрланиши, ҳар бир долзарб мавзудаги диний масалани кенгашган ҳолда амалга оширилишини билдирди. Шунингдек, минтақа учун аҳамиятли масалаларда фатволар эълон қилиш ва муҳим саналарни белгилашда Ўзбекистон уламолари етакчилигини эътироф этди. Бундан ташқари халқлар иттифоқчилиги таъминланишида Мир Араб мадрасасида таълим олган қардош уламоларнинг роли катта эканини таъкидлади.
Имом Мотуридий меросига бағишланган халқаро конференция ўзаро ҳамкорликнинг узвий давоми экани, унда мўътабар уламолар томонидан муҳим мавзулар кенг муҳокама қилиниб, бугунги кундаги долзарб ақидавий ва ихтилофли масалаларга ечим топилишига Қирғиз муфтийси ишонч билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати