Ҳабиб Ажамий айтади: “Намоз ўқиш учун Куфадаги масжидга кирдим. Қарасам, озғин йигит ўтирган экан. Кўринишидан кўп ибодат қилгани билиниб турарди. Мендан нимадир сўраса деган умид билан “Нима истайсиз?” дедим. У: “Солиҳ Маррийнинг ўн оят қироат қилиб беришини, ўша қироатни тинглашни истайман. Бир марта унинг тиловатини эшитганман” деди. Басрага бориб, Солиҳни сўрадим. Топиб, бўлган гапни унга айтдим. У илтимосни ерда қолдирмай, дарҳол Куфага келди. Ўша масжидга кириб, қироат қилишга киришди.
فَإِذَا نُفِخَ فِي الصُّورِ فَلَا أَنسَابَ بَيْنَهُمْ يَوْمَئِذٍ وَلَا يَتَسَاءلُونَ
“Бас, қачонки сурга пуфланганда, у кунда ораларида на насаб қолур ва на бир-бирларини суриштирурлар”. (Яъни, қиёматдан дарак бергувчи сурга пуфланган пайтда ҳар ким ўзи билан овора бўлиб, одамлар орасида наслу насаб алоқалари қолмас. Балки ҳамма отаси, онаси, ака-укаси, бола-чақасидан қочадиган бўлиб қолади.)
فَمَن ثَقُلَتْ مَوَازِينُهُ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
“Кимнинг мезонлари оғир келса, бас, ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир”.
وَمَنْ خَفَّتْ مَوَازِينُهُ فَأُوْلَئِكَ الَّذِينَ خَسِرُوا أَنفُسَهُمْ فِي جَهَنَّمَ خَالِدُونَ
“Кимнинг мезони енгил келса, бас, ана ўшалар, ўзларига зиён қилибдилар. Жаҳаннамда абадий қолгувчи бўлибдилар”.
تَلْفَحُ وُجُوهَهُمُ النَّارُ وَهُمْ فِيهَا كَالِحُونَ
“Юзларини олов куйдирур. Улар унда бадбашара ҳолда бўлурлар”.
أَلَمْ تَكُنْ آيَاتِي تُتْلَى عَلَيْكُمْ فَكُنتُم بِهَا تُكَذِّبُونَ
“Сизларга оятларим тиловат қилинган эмасмиди?! Бас, сиз уларни ёлғонга чиқарган эмасмидингиз?!” (Шунда улар ўз айбларига иқрор бўладилар.)
قَالُوا رَبَّنَا غَلَبَتْ عَلَيْنَا شِقْوَتُنَا وَكُنَّا قَوْماً ضَالِّينَ
“Улар: “Эй Роббимиз, бадбахтлигимиз ўзимиздан устун келиб, залолатга кетган қавм бўлган эканмиз.
رَبَّنَا أَخْرِجْنَا مِنْهَا فَإِنْ عُدْنَا فَإِنَّا ظَالِمُونَ
Эй Роббимиз, бизни бу (дўзах)дан чиқаргин, агар яна (эски ҳолимизга) қайтсак, бас, албатта, золимлардан бўлурмиз”, дерлар”.
قَالَ اخْسَؤُوا فِيهَا وَلَا تُكَلِّمُونِ
“У зот: “У(ер)да хор бўлиб қолаверинг ва Менга гапирманг!” (Муъминун сураси, 101-108-оятлар) оятларини тиловат қилди. Шу жойга етганда, йигит қаттиқ изтиробга, ҳаяжонга берилди. Ҳаяжони кучайиб, ўзини тутолмай ерга йиқилди-ю, жони узилди.
Йигитнинг ҳовлиси Масжид эшигининг рўпарасида эди. Шу пайт бир кекса аёл қўлида таом билан келиб қолди. У аёл йигитнинг онаси экан. Ўғлининг ётганини кўриб, “Ўғлимга нима бўлди?” деб сўради. Солиҳ Маррий онахонга бўлган воқеани айтиб берди. Аёл ундан: “Эҳтимол, сен Солиҳ Маррий бўлсанг керак?!” деб сўради. Солиҳ “Ҳа, шундай” деди. Шунда аёл: “Ўғлимнинг орзусини амалга оширганингдек, Аллоҳ сенинг орзуингни рўёбга чиқарсин! Ўғлим доим Аллоҳ азза ва жалладан сени сўрарди” деди.
Воқеани ҳикоя қилаётган Ҳабиб Ажамий айтади: “Йигитни жанозага тайёрлаган, тобутини кўтарган, дафн қилингунича иштирок этганлар орасида мен ҳам бор эдим. Аллоҳ таоло уни раҳматига олсин!”
Абу Исҳоқ Саълабийнинг “Қотла-л-Қуръан” номли асаридан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло инсон зотини нима амалга буюрган бўлса, ҳаммасида инсон учун фойдалар бор. Асосий мақсад Аллоҳнинг ризолигини топиб, У Зотнинг раҳматига етишишдир.
Масалан, таҳорат олган киши покиза бўлгани боис касаллик юқтирувчи бактериялардан омон бўлади. Танасини сув ювиб тургани боис қон айланиши фаоллашади. Намоз ўқиш бўғинларда туз йиғилишига қаршилик қилади, қон айланишини яхшилайди. Закот бериш кишига ўзининг қилган ишидан мамнунлик бағишлаб кайфиятини кўтаради, юрак касалликларидан, хафақонликдан асрайди. Ҳажга борган одам узоқ йўлни яёв босиб ўтади. Бир жойда ўтираверган кишининг ичига йиллар давомида шумлик, сершубҳалик, бадгумонлик ва шуларга ўхшаш иллатлар йиғилиб қолади. Йўл юрган инсон эса ўзи сезиб-сезмай ана шу иллатлардан халос бўлиб, енгил тортиб қолади.
Рўзанинг фойдалари ҳақида тиббиёт мутахассислари бундай дейди: иммунитетни кўтаради, семиришга монелик қилади, буйракда тош йиғилишидан сақлайди, тўқималарда тўпланиб қоладиган заҳарли моддалардан тозалашга ёрдам беради, шаҳвоний майлни камайтиради, қон томирлари торайишининг олдини олади, қон айланишини фаоллаштиради, қон босими ортишига қаршилик қилади, юракнинг атрофини ёғ қоплаб қолишига йўл қўймайди, бўғинлар шиши қайтишига фойда беради, ичак яллиғланишига, бавосил, зотилжам, бронхиал астма, аллергия, экзема, қанд, саратон, тутқаноқ, паришонхотирлик, ўпка ва жигар касалликлари, камқонликка қарши курашишда фойда беради.
Бу фойданинг бир жиҳати игнатерапияга ҳам ўхшайди. Игнатерапиянинг моҳияти фаол ишлаб турган ҳужайраларни игна санчиш билан ҳаракатдан тўхтатиб қўйиб, ялқовланиб, ўлиш арафасига келиб қолган ҳужайраларни ишлашга мажбур қилиш экан. Рўзада ҳам одам оч юргани боис танасига ўн бир ой давомида йиғилиб қолган ортиқча ёғлар эриб ишлатилиб кетар экан-да, одамнинг жисми ортиқча юклардан қутулиб енгиллашиб қолар, ўша ёғларнинг остида ўлимини кутиб ётган бечора ҳужайралар яна фаол ишлаб кетар экан.
Ана бизга Раббимизнинг буюк марҳамати!
Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.