Аввал хабар қилинганидек, Буюк Британияда бўлиб турган мамлакатимизнинг бир гуруҳ исломшунос, шарқшунос олимлари 4 март куни Кембриж университетига ташриф буюриб, ушбу нуфузли таълим даргоҳининг профессорлари, шарқшунос олимлари билан учрашувлар ўтказдилар.
Кембриж университетининг Марказий Осиё форуми директори профессор С.Саксена билан Ўзбекистонда янги ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази ҳамда Тошкент ислом университетининг Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази ўртасида ҳамкорлик бўйича келишувга эришилди.
Унга кўра, Кембриж университетининг профессор-ўқитувчилари Тошкент ислом университети, Ўзбекистон Ислом академиясининг талаба ва тадқиқотчилари учун махсус маърузалар ўқийди, мамлакатимизда ўтказиладиган халқаро конференцияларда иштирок этади. Ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг илмий мақолалари Кембриж университетининг нуфузли нашрларида чоп этилади. Кембриж ва Ўзбекистон олимлари қўшма илмий гуруҳи ташкил этилади. Ҳамкорликда долзарб мавзулардаги илмий тадқиқотлар амалга оширилади.
Томонлар шунингдек, Кембриж университетида Хоразмий ва Ибн Сино стипендияларини таъсис этиш тўғрисида ҳам келишиб олдилар. Ўзбекистон делегацияси Кембриж университети билан талабалар, амалиётчи тадқиқотчилар алмашуви, ўқув, илмий ва оилавий туризмни йўлга қўйишга тайёр эканини маълум қилди.
С.Саксена Ўзбекистонда буюк алломаларимиз илмий меросини чуқур ўрганиш, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилаётган эътиборни юқори баҳолади.
“Британиядаги қадимий бинолар Оксфорд, Кембриж университети коллежлари Бухоро ва Самарқанд мадрасаларининг меъморий услуби асосида бунёд этилган. Бу икки мамлакат ўртасидаги дўстнома муносабатлар тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалишининг яққол исботидир.
Биз Ўзбекистон билан илмий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдормиз. Кембриж кутубхонасида сақланаётган туркий, форсий қўлёзмаларни тадқиқ этиб, каталоглар тайёрлайдиган ўзбекистонлик мутахассисларга эҳтиёжмандмиз”, - дейди Кембриж университетининг Марказий Осиё форуми директори С.Саксена.
Мамнуният билан қайд этиш керакки, жорий йилнинг 12 февралидан эътиборан Кембриж университетида ўзбек тили дарслари ташкил этилган. Эришилган келишувларга мувофиқ янги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондан келган мутахассислар Кембриж университетида ўзбек тилидан дарс бера бошлайдилар.
Музокаралар якунида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстона муносабатлар барча соҳалар қатори илм-фан йўналишида ҳам жадал ривожланиб бораётганидан мамнуният изҳор қилдилар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ақл чархи бўлган шахмат, шашка спорт тури билан мунтазам шуғулланиш киши тафаккур доирасини кенгайтиради, тез қарор қабул қилиш кўникмасини шакллантиради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан диний соҳа ходимлари ўртасида шахмат ўйинларини ўтказилаётганидан хабарингиз бор.
Бугун пойтахтимизда фаолият юритаётган имомлар, имом ноиблари ўртасида шахмат турнирининг финал босқичи ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов иштирок этиб, мусобақани кириш сўзи билан очиб бердилар.
Табиийки, ҳар бир мусобақада ғолиблар аниқланади. Бу беллашувларда ҳам ғалаба кучлиларга, тажрибалиларга кулиб боқди.
Ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг хулосасига кўра:
1-ўрин Сарвар домла Муҳаммадиев (Сергели тумани "Маъруф ота масжиди)га;
2-ўрин Комилжон домла Нуралиев (Яшнобод тумани "Ислом ота" масжиди)га;
3-ўрин Нуруллоҳ домла Обидов (Юнусобод тумани "Оқтепа" масжиди)га насиб этди.
Мусобақа ғолиблари ташкилотчи ва ҳомийларнинг қимматбаҳо эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалар билан тақдирланди.
MuslimShosh.uz