Китоб муаллифи Имом Саълабий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Абу Муҳаммад Халил ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Масъуд Музаккар раҳимаҳуллоҳнинг бундай деганларини эшитдим: “Баъзи улуғлардан шундай ҳикоя келтирилган:
“Мансур ибн Аммор айтади: “Бир хароба жойга кирдим. У ерда қўрқув билан намоз ўқиётган йигитни кўрдим. Ичимда: “Албатта, бу йигитда бир гап бор. Эҳтимол, у Аллоҳ азза ва жалланинг валий дўстларидандир” дедим. Намоз ўқиб бўлгунича кутиб турдим. Намозидан салом бергач, унга салом бердим. У алик олди. Унга: “Жаҳаннамда бир водий борлигини билмадингизми? Аллоҳ таоло у ҳақида шундай деган:
كَلَّا إِنَّهَا لَظَى
“Йўқ! Албатта у(жаҳаннам) кучли алангадир”.
نَزَّاعَةً لِّلشَّوَى
“Бошнинг терисини сидириб олувчидир”. (Бош териси шилиб олинган дўзахийга Аллоҳ таоло яна янги тери ато этади. Жаҳаннам ўти эса яна уни шилиб олади ва шу тариқа тўхтовсиз давом этаверади.)
تَدْعُو مَنْ أَدْبَرَ وَتَوَلَّى
“У чақирадир; орқага кетган ва юз ўгирганни”.
(Маориж сураси, 15-17-оятлар).
Оятни эшитган йигит чуқур нафас олди-да, ҳўнграб йиғлаб юборди, оҳ тортди-ю, ҳушидан кетди. Ўзига келганда, менга: “Яна Қуръон оятидан ўқиб беринг!” деди. Мен:
وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ
“Ёқилғиси одамлар ва тош бўлган” (Бақара сураси, 24-оят) деган оятни ўқидим. Оятни эшитиши биланоқ жони узилиб, ерга йиқилди.
Либосини кўтариб, кўксини очсам, кўкраги устига:
فَهُوَ فِي عِيشَةٍ رَّاضِيَةٍ
“Бас, у розилик ҳаётидадир”.
فِي جَنَّةٍ عَالِيَةٍ
“Олий жаннатдадир”.
قُطُوفُهَا دَانِيَةٌ
“Унинг мевалари яқиндир” (Ҳааққоҳ сураси, 21-23-оятлар) деган оятлар ёзилганини кўрдим.
Кеч бўлгач, уйқуга ётдим. Тушимда уни кароват устида, бошига тож кийиб ўтирган ҳолда кўрдим. Ундан: “Аллоҳ таоло сени нима қилди?” деб сўрадим. Шунда у: “У Зот менга Бадр аҳлининг савобини берди ва яна зиёда қилди” деб жавоб берди. Мен яна ундан: “Нега сенга уларнинг савоби мислича савоб берди?” десам, у: “Чунки, улар кофирларнинг қиличлари билан ўлдирилдилар. Мен эса Маликул Ғаффорнинг қиличи билан ўлдирилдим” дея жавоб берди”.
Бу қиссани Ёфиъий деган олим “Ровзур раёҳийн фий ҳикаятис солиҳийн” китобида зикр қилган”.
Исҳоқ Саълабийнинг “Қотла-л-Қуръан” номли
асаридан Нозимжон Иминжонов таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир бой одам кўнгли тусаган, хаёлига келган ҳар қандай нарсани сотиб олаверарди. Бир фақир киши эса ўзи хоҳлаган нарсани сотиб ололмас, фарзандларига таом, либос олиб беролмасди. Фақир фарзандларига овқат олиб бериш учун иш излар эди. Шу аснода бояги бойнинг уйига бориб, унга қўриқчи сифатида ишга кирмоқчи бўлди. Бой ундан «нима иш қилишни истайсан» деб сўради. Бечора фақир «болаларим учун нима иш бўлса қилавераман» деди.
Бой: «Сен уйимни қўриқлайсан, нарсаларни йиғиштирасан ва уйни чиқиндилардан тозалайсан», деди.
Фақир: «Ишни қачондан бошлайман» деб сўради.
Бой: «Ҳозирдан бошлайсан» деди.
Бечора фақир ишни бошлаш учун кийимларини алмаштира бошлади. Кунларнинг бирида камбағал ишчи ишдан хориб, чарчаб уйига йўл олди. Фарзандларига бироз таом, ширинликлар кўтариб олган эди. Эртаси куни ишга борса, бой кеч келгани учун уни ҳақорат қила бошлади. Орадан кунлар ўтди. Бечора фақир бой буюрган барча ишларни қилиб юрарди.
Бир куни бой ҳамма нарсасидан айрилиб, ҳеч вақосиз қолди. Камбағал, фақир ишчисига берадиган пули ҳам қолмади. Бечора ишчи эса пул олмай бойнинг уйида текинга хизмат қилиб юрди.
Кунлар ўтиб бойнинг моддий ҳолати яхшилана бошлади. Ана шунда бой текинга хизмат қилган фақирнинг қадрига етиб, маошини ошириб, машаққатли ишини бироз камайтирди. Унга ўзининг ер майдонидан бир қисмини ажратиб бериб, у ерга фақир ишчиси ва унинг оиласи истиқомат қилиши учун уй қуриш ҳаракатларини бошлаб юборди.
Азизлар, ишингиз орқага кетганда ҳам сизни ташлаб кетмаган инсонни қадрланг. Ишингиз ўнгланганда унинг сизга кўрсатган мурувватини муносиб тақдирланг.
Унутманг, бойлик, молу дунё бировни камситиш, таҳқирлаш учун эмас, балки синов учун берилади.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!