Туркиянинг Дин ишлари бўйича бошқармаси томонидан муқаддас Қуръон тўрт хорижий тилга таржима қилингани хабар қилинди.
“Dailysabah.com” нашри берган хабарга кўра, булар ўзбек, булғор, Африканинг чева ва шона тиллари экани айтилган.
Ушбу лойиҳадан кўзланган мақсад Туркияга ташриф буюрувчилар учун қўшимча қулайлик яратиш экани айтилган. Бундан ташқари чева ва шона тилларидаги таржималар Африкадаги Зимбабве ва Малави давлатларига юборилиши ҳам кўзда тутилгани қайд этиб ўтилган..
Туркия дин ишлари бошқармаси томонидан Қуръони карим немис, француз, рус ва форс тилларига таржима қилиниши кўзда тутилган. Форс тилидаги таржима 2018 йилда якунланиши айтилмоқда..
ЎМИ Матбуот хизмати
Инсон бирор ишни қилаётганида мен бу касбни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, зиммамдаги ҳақни адо қиляпман, деб ният қилса, ўша ишга сарф қилган ҳар дақиқа вақти улкан ибодат даражасига кўтарилади.
Абу Махориқдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан ўтирганларида, ёш аъробий йигит ўтиб қолди. Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо: “Агар у йигитлигию куч-қувватини Аллоҳ йўлида сарфлаганида, катта ажр олган бўларди”, дейишди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар қариб қолган отаонасига ёрдам беришга ҳаракат қилса, у Аллоҳ йўлидадир. Кичик болалари учун ҳаракат қилса, у Аллоҳ йўлидадир. Агар у ўз нафси учун, одамлардан беҳожат бўламан, деб ҳаракат қилса, у Аллоҳ йўлидадир. Агар одамлар кўрсин ва эшитсин, деб ҳаракат қилса, у шайтон йўлидадир” (Имом Табароний ривояти).
Ҳадисдан халқ орасида кенг тарқалган “дин бошқа, дунё бошқа” деган фикрнинг хато эканини англаймиз. Ўйлаб кўрадиган бўлсак, биз дунёвий иш, деб ўйлайдиган ҳалол ризқ талаб қилиш ҳам диннинг бир бўлаги экан. Фақат шарт шуки, талабимиз шариатга мувофиқ, жоиз йўл билан бўлсин.
Шариатда: “Диним менга аҳли аёлимнинг нафақасини вожиб қилган, ҳалол йўл билан луқма топиб, оиламга тутай”, деган ният билан далада ишлаётган деҳқон, дастгоҳ олдида турган ишчи, ўз касбидан қолмаётган ҳунарманд, ўз вазифасини адо этаётган идора ходими ёки зиёли, ибодат қилаётган бўлади. Бундан бошқа ниятни қилган одам эса мўлжалидаги нарсага эришиши мумкин, аммо ажру савобга етиша олмайди.
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Амаллар фақат ниятларга кўрадир. Ҳар кимга ният қилганигина бўлади”, деб бежизга айтмаганлар (Имом Бухорий ривояти).
Хуллас, ўзига муносиб қудрати, илми, маърифати етадиган, рисоладагидек адо этишига ишончи комил ишга кирган инсон ҳар куни ишга кетаётиб, яхши ниятини такрорлайди. Ҳалолдан ризқ топиш, элга, ватанга хизмат қилиш, ишни пухта адо этиш, дангасаликка йўл қўймаслик каби нарсаларни ният қилади. Бу билан ризқ топишга сарфлаган вақти ҳам ибодатга айланади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мўмин-мусулмон қандай ишда бўлмасин, энг яхши ишчи, энг яхши косиб, яхши деҳқон, яхши муҳандис, яхши хизматчи, яхши табиб, яхши ўқитувчи, хуллас, ҳар бир касбнинг энг моҳири, энг омили, энг тадбирлиси бўлишга ҳаракат қилиши, Аллоҳнинг розилигини ва ҳалол ризқни ният қилиши лозим бўлади.
“Ҳалол касб-ҳунар – қут-барака келтирар” китобидан