Самарқанд шаҳридаги “Хўжа Исҳоқи Валий” жоме масжидида давом этаётган Қуръон мусобақаси ўзининг энг ҳаяжонли ва шукуҳли онларига кириб бормоқда. Ушбу мусобақада республика босқичига чиқиш учун туман босқичларида биринчи ўринни қўлга киритган 16 нафар қори, 9 нафар қория жиддий ҳаракат қилишмоқда.
Ўз навбатида, Ҳақ таоло каломига сомеъ бўламан, деб келган мухлислар ҳам ўзлари учун жуда кўп манфаатлар олишмоқда. Зеро мақсадимиз ҳам шу, яъни Қуръон ҳақида кишиларга маърифат таратиш, Қуръонга муҳаббат уйғотиш, мусулмон ёшларни Қуръонга қизиқтириш, иқтидорли қориларни тақдирлаш, қорилар сифати ва сонини ошириш, савияларини юкасалтириш, юрт ва халқни дунёга танитиш кабилардан иборатдир.
Бизнинг muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг. Энг хушовоз қориларнинг ҳузурбахш тиловатларидан баҳраманд бўлишга барчани чорлаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистонинг элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг Жаҳон суфийлар маркази бош котиби Абдул Карим Саид Хадаид билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Суҳбат чоғида Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш, мусулмон давлатлари билан "Умра плюс" дастурини йўлга қўйиш, шунингдек Бухоро шаҳрида бешинчи "Нақшбандия" сайёҳлик фестивалини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Абдул Карим Саид Хадаид зиёрат туризми соҳасида Ўзбекистон томони билан кўп йиллик ҳамкорлиги ҳамда Малайзия тажрибасидан фойдаланган ҳолда, мамлакатимизда мазкур соҳани ривожлантириш бўйича ўзбек томони билан ҳамкорлик қилишга катта қизиқиш билдирди.
Бош котиб давлатимиз раҳбарининг "Умра плюс" дастурини амалга ошириш бўйича ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлашини ва бу лойиҳани Жаҳон суфийлар маркази орқали мусулмон давлатлар орасида доимий илгари суришга тайёрлигини билдирди.
У, шунингдек, Ўзбекистоннинг зиёрат туризми соҳасида иш олиб бораётган туристик операторлар ва агентлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифларини маълум қилди.
Учрашувда муҳокама қилинган масалалар ва таклифларни, шу жумладан жорий йил сентябрь ойида Бухоро шаҳрида бешинчи "Нақшбандия" сайёҳлик фестивалини ўтказиш ташаббусини Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси билан биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати