Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Декабр, 2025   |    ,

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:17
Шом
17:02
Хуфтон
18:21
Bismillah
23 Декабр, 2025, ,

Осмондан файз ёғилди, барака ёғди

16.02.2018   3502   2 min.
Осмондан файз ёғилди, барака ёғди

Аллоҳ таоло инсонни азиз ва мукаррам қилиб яратиб, жамики мавжудоту табиатни унинг истироҳати учун яратди ва неъматларни бани Одамнинг амалларига муносиб тарзда бериб қўйди. Бунинг ҳикмати – инсон ана шу неъматларнинг нима учун сероб бўлиши ва нима учун ва кам бўлишига ибрат кўзи билан боқсин.   

Яна Раббимизнинг  ҳикматларидан бири – мулк учун масъул бўлган кишига ғайритабиий илҳом ҳам ато қиладики, унинг сирини тафаккур қилган кишилар билади.

Ўтган йилнинг 1 сентябрида бу йилги қишнинг қандай келишини ким билар эди? Бу қиш кўп оғир келди: Яқин Шарқ ва Африка давлатларининг аксарида қурғоқчилик ҳукм сураяпти. Ҳар доим серёғин бўладиган минтақаларда эса ҳар йилгидан кўпроқ қор ёғаяпти.

Хуллас, ўша куни “Ҳазрати Имом” мажмуасига ташриф буюрган президентимиз дабдурустдан Қуръон мусобақасини ўтказиш тўғрисида таклиф айтиб қолди. Буни эшитган кекса-ю ёшнинг қалби севинчга тўлди. Аммо бу хурсандчиликнинг бошланиши эканини энди-энди англаяпмиз.

Давлатимиз раҳбарининг бу ташаббусидан руҳланган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, хусусан, муфтий ҳазратлари мусобақани тез кунларда ўтказиш бўйича йўл-йўриқлар кўрсатиб масъул шахсларни тайин қилдилар. Шу билан қишнинг чилласида Ўзбекистон Қуръон мусобақаси бошланиб кетди.

Буни кўрган баъзи юртдошларимиз шундай ажойиб мусобақа баҳорда ёки ёзда ўтказилганда янада яхши бўларди-да, дейишди. Ўзимизга ҳам совуқ ўтиб  кетган кезларда, аёзда дилдираб ўтирган отахону онахонларни, ёшларимизни кўрганда, тўғриси, ўзимиз ҳам иссиқ кунларда бўлган зўр бўлар экан-да, деган хаёлга бордик.

Аммо, азизлар, совуқ ўз йўлига-ку, қорни соғиниб кўзимиз нигорон бўлди. Юртимизга қурғоқчилик таҳдид сола бошлади. Йиғинларда, масжидларда, матбуот саҳифаларида Раббимиздан қор сўраб илтижолар қилдик.

Биз ўзимиз билиб-билмай юраверибмиз, қайси ҳудудда Қуръон мусобақаси ўтган бўлса, ўша ерга қор ёғибди. Мусобақа Сурхондарёда  бўлганда Сурхон қорга бурканди; Қашқадарёда бўлганда Қашқа воҳасига қор берди; Тошкент шаҳрида бўлганда эса Осмон эшиклари очилди ва пойтахтимиздан бошлаб ҳамма ёқ оппоқ қорга бурканди.

Ана Қуръон мусобақасининг шарофати. Бу мусобақа  муқаррар қурғоқчиликнинг олдини олмоқда.

Ана дастлаб юртбошимизнинг, кейин муфтий ҳазратларининг қалбига солинган илҳомнинг ҳикмати!..   

ЎМИ  Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аҳли сунна вал жамоа кимлардан иборат?

22.12.2025   5191   2 min.
Аҳли сунна вал жамоа кимлардан иборат?

Бу уммат бошидан охиригача бир ақида – ашъарий-мотуридийлик ақидасида эди. Муфассирлар, ҳадис шориҳлари, фуқаҳолар, навҳ ва луғат уламолари, буларнинг деярли барчаси эътиқодда бир йўлни тутишган эди. Бу гапни исботлашга ҳожат йўқ, бу ҳақиқат экани кундек равшан аксиомадир. Уламоларнинг таржимаи ҳоллари ҳақида ёзилган китоблар олимларни бу мазҳабларга мадҳ ва мақтов ўлароқ нисбат берганини кўрасиз. Буюк уламолар ҳақида маълумотлар келтирилганда Имом Фалончи, мазҳаби шофеъий, ё ҳанафий, ақидада ашъарий ё мотуридий, дейилган. Кўпинча олимнинг тасаввуфдаги тариқатига ҳам тўхтаб ўтилади. Масалан, Имом Жунайд тариқатида бўлса, Жунайдий нисбати берилади.

Бу одат яқин-яқингача давом этиб келаётган эди. Бунга биров эътироз ҳам билдирмаган, инкор ҳам қилмаган. Бирон олим ҳақида гапирилар экан, фиқҳда тўрт мазҳабда қайсига эргашиши, ақидада ашъарийми мотуридийми қайси манҳажда экани ва тариқатдаги йўли баён қилинмай қолмаган. 

Бу дастур умматни шарқию ғарбини, шимолию жанубини минг йилдан бери ягона қалбга, ягона фикр атрофига жамлаб келади. Бирон одам оғриса, бутун тана ўша касал аъзо учун қайғуриб, даволашга киришарди. 

Тарихимизни зийнатлаб турган, бугунги шармандаликларни бир мунча тўсиб турган тарихий ғалабаларимиз ҳам шу ақида, шу тафаккур воситасида қўлга киритилган.

Ҳиттинда салибчиларни ер тишлатиб, Қуддусни қайтариб олган Салоҳиддин Айюбий ва унинг қўшини айни шу мазҳаб ва тариқатларда бўлишган. Биронталари бугунги салафийликни билган эмас. 

Музаффар Қутз, Зоҳир Бейбарс ва улар билан елкадош бўлган Изз ибн Абдуссалом каби уламолар мазҳабда бўлишган. Айни Жолутда мўғулларни тор-мор келтиришда ҳам асосий қуролимиз бирлик эди. Ўша пайтда бошини баланд кериб: “Бидъатчисизлар, ширк келтиряпсизлар, қабрларни зиёрат қилиш ширк”, деб қичқирадиган шаллақилар бўлмаганди. 
 
Султон Муҳаммадхон Фотиҳ ва унинг қаторидаги олим ва муршидлар динда бир манҳажни тутишган эди. Кофирлар қўлида қолиб кетган шаҳар (Қустантиния)ни фатҳ қилиб, машҳур ҳадисда келган башоратга* ноил бўлишди. Аммо ҳадис мусулмон ашъарий-мотуридий қўмондон ва унинг қўшини ҳақида эканидан қалблари ёниб, ҳасад қилаётган бугунги бемазҳаб тоифалар ҳадиснинг тасдиғини бузиб талқин қилишмоқда. (давоми бор)

Доктор Аҳмад Муҳаммад Фозил,
Истанбулдаги Султон Муҳаммад Фотиҳ жомеъаси,

исломий илмлар куллияси доктори

*Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қустантиния, албатта, фатҳ қилинажак. Унинг амири нақадар яхши амир, қўшини нақадар яхши қўшин!”. (Имом Аҳмад ва Ҳоким ривояти).

Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси
Абдулбосит Абдулвоҳид ўғли таржимаси

МАҚОЛА