Мамлакатимизда ўтказилаётган Қуръон мусобақасини кўриш, унга сомеъ бўлиб, файзу-раҳмат кечаларида иштирок этиш ниятида юртдошларимиз сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Хўш, бу каби маросимларда мусулмон киши ўзини қандай тутиши лозим? Қуръонга ҳурмат, уни эшитиш одоблари нималардан иборат? Қуйидаги мақола айнан шу ҳақда:
Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ваҳий орқали нозил қилган каломидир. Шу сабабдан ҳам Қуръон муқаддас илоҳий калом ҳисобланади. Ҳар бир мусулмон унинг ҳайбатини қалбда ҳис қилиб, ҳурматини ўз ўрнига қўйиши лозим. Мужтаҳид уламоларимиз оят ва ҳадисларга асосланиб, Қуръон яъни, Мусҳаф ва унинг қироатига тегишли бўлган фиқҳий ҳукмларни батафсил баён қилганлар. Қуръон қироати устозлари эса, Қуръон ўқиш, тажвид қоидаларига риоя қилиш, ўрганиш, тинглаш ва унга амал қилиш фазилатлари ва одоблари ҳамда Қуръонни тўлиқ ёдлаган қорига бериладиган ажр-савоблар ҳақида етарлича сўз юритганлар.
Биз ушбу мақолада Қуръони каримга тегишли одоблардан бири Қуръон тиловатини тинглаш одоби ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.
Аллоҳ таоло бу борада Ўзининг каломида шундай марҳамат қилган:
“Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!”
Намоз илк фарз қилинганда намоз ичида ўзаро гаплашиш жоиз бўлган. Ушбу ояти карима намозда гапиришни насх (бекор) қилиб, жим туриб Қуръонга қулоқ солишга буюрган. Яъни, хос сабаб билан нозил бўлган. Лекин уламоларимиз Лафзнинг умумийлиги эътиборга олинади, сабабнинг хослиги эмас” деган қоидага кўра, “уни тинглангиз ва сукут сақлангиз” буйруғи намоз ичи ва намоздан ташқарига баробар тегишлидир, дейишган.
Ибн Жазвий: “Ушбу оятга кўра, Қуръонга қулоқ солувчига раҳмат ниҳоятда яқин бўлади”, деган.Мазкур қоидаларга асосан, уламоларимиз Қуръони карим тиловат қилинганда унга жим туриб, қулоқ осиш вожиблиги ҳақидаги ҳукмни чиқарганлар. Хусусан, ҳанафий мазҳаби уламолари намозда имом қироат қилганида, иқтидо қилувчилар жим қулоқ осиши лозимлигини алоҳида таъкидлаганлар.
Ибн Обидин (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Аслида, Қуръонга қулоқ солиш фарзи кифоядир. Чунки бунда унга эътибор қилиш, зое қилмаслик бўлган ҳақни бажариш бор”.
Ҳамавий устози, қозилар қозиси Минқорийзода исми билан машҳур бўлган Яҳё (раҳматуллоҳи алайҳ)дан “Қуръонга қулоқ солиш фарзу айндир”, деган сўзни нақл қилган.
Дарҳақиқат, ҳанафий уламоларимиз бир инсоннинг Қуръон тинглаши ўзи қироат қилишидан афзалдир, дейишади. Чунки, тингловчи тинглаши билан фарзни адо қилади. Қуръон қироати эса, фарз эмас. Абу Суъуд: “Қуръон тинглаш қироат қилишдан савоблироқдир, чунки тинглаш фарз, қироат фарз эмас”, деган.
Баъзи уламолар Қуръон тиловатига қулоқ солмасдан бошқа гап-сўзлар билан машғул бўлиш, шариатга нисбатан одобсизлик бўлишини айтишган.
Шу билан бирга, жумҳур уламолар Қуръонниг барча тажвид ва қироат қоидаларига риоя қилиниб ўқилган қироатга жим қулоқ тутиш лозимлигини алоҳида таъкидлаганлар.
Ўз ўрнида оқил мусулмон Қуръоннинг ҳурматига риоя қилган ҳолда ўзини ҳам, бошқаларни ҳам гуноҳкор қилмаслик учун одамлар иш билан машғул бўладиган ўринларда баланд овозда тиловат қилмаслиги лозим. Бирор киши инсонлар ўз ишлари билан машғул бўладиган ишхоналарда, олди-сотди қиладиган бозорларда, дарс билан машғул бўладиган дарсхоналарда, уй ишлари билан машғул бўлганда баланд овозда Қуръон ўқиса, эшитувчилар узрли саналиб, тиловат қилган одам гуноҳкор бўлади. Бундай ҳолатларда эшитувчилардан гуноҳнинг соқит бўлиши, инсонларни қийин аҳволга солиб қўймаслик учундир. Зеро, Аллоҳ бизга динда қийинчилик қилмаган. Бундай ўринларда тиловат қилган киши Қуръон ҳурматини зое қилгани учун гуноҳкор бўлади.
Мусулмон инсон учун тажвид қоидаларига риоя қилиб, гўзал овозда қироат қиладиган қоридан тиловат қилиб беришини сўраб, уни тинглаши мустаҳабдир. Имом Нававий айтадилар: “Билгинки, кўпчилик уламолар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) чиройли овозли қироат соҳибларидан тиловат қилиб беришларини сўрашиб, уларни тинглашар эдилар. Илмий мажлисларини Қуръон тиловати билан бошлаб, Қуръон тиловати билан ниҳоя қилар эдилар”.
Энг муҳими бу Пайғамбаримизнинг суннати ҳамдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳум айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Менга қироат қилиб бергин”, дедилар. Мен: “Эй Расулуллоҳ, Қуръон сизга нозил қилинган бўлса, сизга мен қироат қилиб берайинми?”, дедим. У зот “Ҳа”, дедилар.Бошқа ривоятда “Мен Қуръонни бошқадан эшитишни хуш кўраман”, дедилар. Мен “Нисо” сурасини ўқиб, “Ҳар бир умматдан (ўз пайғамбарини) гувоҳ сифатида келтирганимизда ва сизни (эй, Муҳаммад!) уларга гувоҳ қилиб келтирганимизда, (уларнинг ҳоли) не кечур?!” оятига етганимда, “Етарли” дедилар. Қарасам икки кўзларидан ёш оқаётган экан”, дейилган.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бошқадан Қуръон эшитишни хуш кўрганлари, Қуръон қироатини устоздан ўтказиб олиш суннат эканини билдириб қўйиш эҳтимолидан бўлиши мумкин. Ёки яхши тадаббур қилиш учун бўлиши ҳам мумкин, чунки қироат қилган одам унинг тажвид қоидалари ва ҳукмларига риоя қиламан, деб, эшитган одамчалик тадаббур қилиш имкони бўлмайди.
Имом Доримий ва бошқалар Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилишган. У зот Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу)га: “Бизга Раббимизни эслатгин” , дер, Абу Мусо эса унинг ҳузурида Қуръон ўқир эди.
Шунингдек Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қуръон қироатини ўрганишни ва моҳир қорилардан пухта ўзлаштириб олишни буюрганлар. Шу сабабдан ҳам саҳобийларга: “Қуръонни тўрт кишидан олинглар: Абдуллоҳ ибн Масъуд, Солим, Муоз ва Убай ибн Каъбдан”, деб буюрганлар. У зотнинг ушбу буйруқлари умматнинг кейингиларига моҳир қориларидан Қуръонни яхши ўрганиб олишларига буйруқ бўлиб қолаверади.
Ҳар бир мусулмон Қуръонни бевосита қоридан эшитадими ёки бирор техник воситалари орқали эшитадими, жим туриб тинглашга интилиши ва Қуръон қироати мажлиси одобларига қатъий риоя қилиши лозим.
Фарҳод ЖЎРАЕВ
Шайхонтоҳур тумани, “Хувайдо” жоме масжиди имом ноиби
ЎМИ Матбуот хизмати
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси