“Дарҳақиқат, сизлар (фарзандлар) жаннат райҳонларисиз”
(Умар ибн Абдулазиз ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ақроъ ибн Ҳорис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолди. У зот (невараси) Ҳасан ёки Ҳусайнни ўпаётган эдилар. Ақроъ “Менинг ўн нафар фарзандим бор улардан бирортасини ўпмаганман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким раҳм қилмаса, раҳм қилинмайди”, дедилар”.
Аллоҳ таоло ато этган неъматларнинг ичида бири борки, у бўлмаса, инсоннинг, хоссатан, болажон ўзбек халқининг уйида қувонч бўлмайди. У – фарзанд неъматидир. Ана шу неъмат халқ ифодасида “Болали уй бозор – боласиз уй мозор”, деб таърифланади.
Бироқ Аллоҳ таоло ушбу неъматни ҳаммага ҳам ато қилавермайди. Баъзиларни кўп йиллар кутдириб кўз ёшларини қонга айлантириб, ана ундан кейин беради. Баъзиларни эса буткул “тирноқ”қа зор қилиб қўяди. Бошқалари эса шундай буюк неъматнинг қадрига етмайди.
Куни кеча daryo.uz сайтида уч нафар аёл 20 кунлик чақалоқни сотмоқчи бўлаётганда қўлга олингани ҳақида хабар берилди. Ундан бир оз олдин турли сайтларда янги туғилган чақалоғини сотмоқчи бўлган ота-она қамалгани, 24 ёшли она 4 ёшли, 23 ёшли она 3 ёшли қизчасини, яна бир эри ташлаб кетган 30 ёшли аёл бир неча ойлик чақалоғини “боқа олмайман” деб сотмоқчи бўлгани ва 16 ёшли ўзи ҳали гўдак бўлган она ҳам ўз фарзандини сотишга уринган вақтда қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Аслида одам савдоси ҳамма замонларда энг ўткир муаммолардан бири бўлиб келган. Бироқ бу иллат бизнинг ўзи емай боласига едирган, ўзи киймай боласига кийдирган болажон халқимизда ҳеч қачон бўлмаган. Аксинча, халқимиз оғир даврларда ҳам бошқа миллатларнинг 400 мингдан ортиқ фарзандини бағрига олиб, меҳрини бериб катта қилган. Ҳозир эса баъзиларга ўзи дунёга келтирган фарзанди ҳам ортиқчалик қилаётганга ўхшайди. Нима халқимиз ўша вақтларда Аллоҳ таолонинг “Розиқ” – “Ризқ берувчи” сифатига ишонган-у, биз моддиятга шу қадар берилиб кетганимиздан ишонмай қўйдикми?
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 151-оятида: “Келинг, Раббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб бераман: “Унга ҳеч нарсани ширк келтирманг! Ота-онангизга яхшилик қилинг. Очликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз... Фаҳш – бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг... “Ушбуларни сизга амр қилдикки, шояд ақл юритсангиз”, – деб айт”, дея марҳамат қилади.
Дарҳақиқат, жоҳилият даврида одамлар фарзандларини “боқа олмайман” деб ўлдириб юборар эди. Энди эса маърифат-маданият чўққисига чиққан даврга келиб ўша баҳона билан сотишга ўтиб олишдими?! Ахир Аллоҳ таоло “уларни ҳам ризқини Ўзимиз берамиз” демоқда-ку! Бу ҳодисалар одамларимизнинг асл миллийлигидан нақадар узоқлашгани ва уларнинг диний саводи устида ҳали кўп меҳнат қилишимиз кераклигидан далолат беради.
Бунинг яна бир сабаби эса ўйламасдан зинога қўл уриб, ҳомиладор бўлиб қолишдир. Сўнг улар бу шармандаликни беркитиш учун фарзандини ё кўчага ташлаб кетиш ёки сотиб юбориб, ундан қутулишгача етиб боради. Аллоҳ таоло юқоридаги оятда “Фаҳш – бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг”, деб уларнинг ёмон оқибатидан огоҳлантирмоқда.
Номусини бой берган аёлнинг жамиятда ҳеч қандай қадр қиймати қолмагани каби фарзандини сотган аёлнинг ҳам бағрида бир ўпирилиш бўлади ва уни у кейин юзта эрга тегиб чиқса ҳам, мингта бола туғса ҳам тўлдира олмайди – бағри бўм-бўш бўлиб тураверади.
Фиқҳий китобларнинг “Савдо-сотиқ” бобида шундай масала келади: “Ҳур – озод инсонни сотиш қатъиян мумкин эмас. Чунки инсон сотиладиган нарса эмас. Озод инсоннинг устидан эгалик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Зеро, Аллоҳ таоло Исро сурасининг 70-оятида: “Батаҳқиқ, Биз бани одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик”, деб марҳамат қилади. Бирор киши шундай савдо қилса ҳам, унинг савдоси ботил бўлади”, деб айтилади.
Ислом дини ҳур одамнинг савдосини бирор ҳолатни мустасно қилмасдан мутлақо ҳаром қилган. Зеро, Аллоҳ таоло азизу мукаррам қилиб қўйган инсонни хор қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу ишлар эса гуноҳи азимдир. Ҳар бир иш учун эртага жавоб берилади. У кунда эса “Ким раҳм қилмаган бўлса, раҳм қилинмайди”. Аллоҳ таолодан уларга тавфиқ беришини сўраймиз.
ЎМИ матбуот хизмати
Мусулмонлар Ҳунайн ғазотида ғалаба қозонишди. Ҳунайн ғазоти Шаввол ойида, ҳижратнинг саккизинчи йили, Макка фатҳидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳавозин ва Сақийф қабилалари ўртасида бўлиб ўтган эди. Жангда ғалаба қозонган мусулмонлар катта ғаниматга (ўлжага) эга бўлдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ғаниматларни қалби Исломга мойил бўлган янги мусулмонларга тақсимлаб бердилар. Қавмнинг катталари Абу Суфён, Уяйна, Ақраъ, Суҳайл ибн Амр ва бошқаларга ҳам бердилар.
Ваҳоланки, улар Қурайш мушрикларининг энг катталари бўлиб, узоқ йиллар Пайғамбаримизга қарши урушган кишилар эди. Ушбу ғаниматлар тақсимланишидан бир неча кун олдингина исломни қабул қилишган эди. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларга (Мадиналик саҳобаларга) ушбу ғаниматлардан ҳеч нарса бермадилар.
Ҳолбуки, улар Исломни ёйиш ва Пайғамбар алайҳиссаломни ҳимоя қилиш учун қонларини тўккан, жонларини фидо қилган кишилар эди. Бу ҳолат уларнинг қалбларига оғир ботди ва хасратланиб шундай дейишди: «Қиличларимизнинг тиғидаги душманнинг қони ҳали қотгани йўқ, аммо ғаниматлардан бошқалар баҳраманд бўлди. Бизга эса, ҳеч нарса берилмади».
Бу борада Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу келиб Пайғамбаримизга бўлаётган гаплар хақида, одамларнинг қалбидаги хафаликни айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Саъд, сен бу ҳақда нима дейсан?” дедилар. Саъд: “Мен ҳам қавмим тарафидаман”, деб жавоб берди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қавмингни менинг ҳузуримга йиғ”, дедилар. Улар тўпланганларидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламжуда буюк, ниҳоятда таъсирли, қалбларни жумбушга келтирувчи, кўзларни ёшга тўлдирувчи хутба қилдилар.
У зот уларга мулойимлик ва муҳаббат билан қуйидагича мурожаат қилдилар: “Эй ансорлар! Мен сизларни гумроҳ ҳолда топмаганмидим? Аллоҳ таоло мен туфайли сизларни ҳидоят қилмадими? Сизлар тарқоқ ва пароканда эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен сабабли сизларни бирлаштирмадими? Сизлар фақир ва муҳтож эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен орқали сизларни бой қилмадими?”.
Ҳар сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савол билан мурожаат қилганларида, улар: “Аллоҳ ва Унинг Расулидан миннатдормиз”, деб жавоб қайтаришарди.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима учун менга жавоб қайтармаяпсизлар?” дедилар. Улар яна: “Аллоҳ ва Расулидан миннатдормиз!”, дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар истасангиз, сизларнинг ҳам шундай дейишга ҳаққингиз бор: “Сиз бизнинг ҳузуримизга қавмингиз томонидан инкор қилинган ҳолда келдингиз, биз эса, сизни тасдиқладик. Сиз қавмингиз томонидан ёлғончига чиқарилган эдингиз, биз сизга ишондик, имон келтирдик ва сизга ёрдам бердик. Сиз ўз юртингиздан қувилдингиз, биз эса, сизга паноҳ бердик. Сиз муҳтож ҳолда келдингиз, биз эса, Сизни ўз мол-мулкимизга шерик қилдик”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзларни айтганларида улар: Аллоҳ ва Унинг расулигина бизларга миннат қилишга ҳақли, дейишди. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларни уларга тавозелик ва инсоф юзасидан айтган эдилар. Лекин, ҳақиқатан олганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миннат қилишга ҳақли эдилар, улар ҳар қанча миннатдор бўлсалар арзийди. Чунки агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари бўлмаганида, уларнинг орасида яшамаганларида, уларнинг бошқалардан фарқлари бўлмас эди. Ансорларнинг шаъни юксалмас эди, қадрлари кўтарилмас эди.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қараб: “Эй ансорлар! Нима деб ўйлайсизлар, бошқалар қўй ва туялар билан уйларига қайтсалар, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан уйларингизга қайтишни истамайсизларми? Бундан розимасмисизлар?”-дедилар.
Бу гапнинг нақадар улуғлиги, ансорларнинг қалбига етиб боришлигини билганлари учун ҳам Расулуллоҳ уларга ғаниматдан бермаган эдилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Агар ҳижрат қилмаганимда, албатта мен ансорлардан бўлар эдим, агар одамлар бир водийда юрсалар, мен ансорлар юрган йўллардан юрар эдим, ансорлар мен учун ички кийимимдек, бошқалар эса ташқи кийимимдек”, дедилар ва: “Аллоҳим ансорларга раҳматингни ёғдир, уларнинг фарзандларига ва фарзандларининг фарзандларига ҳам”, деб уларнинг ҳаққига дуо қилдилар.
Бу сўзларни тинглаган ансорларнинг кўзларидан ёшлар тўкилди, соқоллари хўл бўлди. Улар йиғлаган ҳолатда: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биз билан бўлишларига розимиз, бизнинг ғаниматимиз, бизнинг улушимиз бўлганларидан розимиз!” — дейишди.
Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни келажакда бўладиган фитналардан огоҳлантириб шундай дедилар:
“Мендан кейин сизлар ўзингизга нисбатан адолатсизликни кўрасизлар, аммо сабр қилинглар. Менинг ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар!”.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ