Ҳаё, номус иймондандир.
Ҳаёсиз доимо хору залилдир.
Алишер Навоий
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биродарига ҳаё ҳақида танбеҳ бераётган киши олдидан ўтаётиб: «Уни тек қўй! Ҳаё иймондандир!” деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Исломда 77 та шўъба бўлиб, унинг биттаси ҳаёдир. Албатта, иймонли киши ҳаёли бўлиши зарурдир. Комил мўмин бўлиши учун ҳам ҳаё керак.
Ҳаёсиз кишига доим бало, офат етиб туради, одамларнинг орасида ҳам мартабаси тушиб кетади, ҳурматини йўқотади.
Оилада ота ўғил болаларни тарбияласа, она қизларга одоб бериб, юриш-туриш, кийиниш маданиятини ҳар доим ўргатиши керак. Ҳозирги кунга келиб айрим ёшлар ғарб маданиятига тақлид қилиб бормоқда. Бу миллатнинг маданияти, миллийлиги йўқолиб боришига сабаб бўлаётган омиллардандир.
Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда аксар ёшларимиз бешарм, беҳаё бўлиб кетмоқда, уларнинг оғзидан чиқаётган сўзларга ўзлари уялмасалар-да, атрофдагилар ноқулай аҳволга тушиб қолмоқда. Ёшларни бундай аҳволга солаётган нарса нима бўлиши мумкин, деймиз. Бунга сабаб оиладаги муҳит. Халқимизда бир гап бор: «Қуш уясида кўрганини қилади». Ҳақиқатдан ҳам, фарзандлар энг кўп маълумотни ота-онасидан йиғади, ота-она беҳаё сўзларни гапиради, уруш-жанжал қилади, бола эса уларнинг амалини қайтаради. Оиладаги муҳит носоғлом бўлса, фарзандга катта таъсир кўрсатади. Ярим кечаси бола кўчадан кириб келади, бунга ота-она бефарқ қарайди. Айниқса, қиз болаларда ҳам шундай ҳолатлар кузатилмоқда. Уларга уй эшигини отанинг ўзи очиб, “Яхши келдингми?!” – деб кутиб олишларини кузатмоқдамиз. Ана шундай ҳол беҳаёликка, шармандаликка олиб боришини наҳотки ўйлашмайди?! Ота “Қаердан келдинг?”, “Ким билан эдинг?”, “Нега кеч келдинг?” каби саволлар бермаса. Устига-устак йигит – қизларнинг кийимлари ҳам қониқарли эмас. Кийимлардаги чет тилида ёзилган беҳаё сўзларга ҳам улар бепарво. Ота-она “Болам фалон жойда ўқийди, мени қизим…”, деб керилишдан олдин фарзандларининг хулқ-атворини ҳеч кузатиб кўрганми?! Киядиган кийимига бефарқ, натижада, фарзандларининг беҳаё бўлиб тарбияланаётганлари, энг аввало, ота-оналарга боғлиқ. Муқаддас динимизда ҳаё ҳам катта неъмат эканлиги таъкидланади. Ота-она олдида фарзанларнинг ибоси, фарзандар олдида ота-онанинг шарм-ҳаёси, ака-сингил, опа-ука, тоға-жиян, қондошлик ҳаёси бўлиши зарур. Бу менинг отам-онам, акам, синглим, хоҳлаганимни қилсам бўлаверади, деган ҳолатларнинг ҳам, афсуски, гувоҳи бўлмоқдамиз. Йўқ, аслида ундай эмас, ҳаё ҳаммани тўсиб турувчи пардадир. Ҳатто шунақа ҳолатлар ҳам кузатилмоқдаки, беҳаё қилиқлар туфайли оилаларнинг тинчлиги бузилмоқда. Уларга танбеҳ бермоқчи бўлсанг, “Безбетни иши беш”, деб кулишади. Буларнинг бари сафсата. Беҳаёликнинг оқибати нохушликдир.
Уламолардан бири Фузайл ибн Иёз бадбахтнинг нишонаси беш нарсада эканлигини таъкидлаганлар:
– Бешарм ва беҳаё бўлмоқ;
– Кўнгли қаттиқ бўлмоқ;
– Дунёга моил бўлмоқ;
– Кўзи ёшсиз бўлмоқ;
– Умидсиз бўлмоқ;
Чиндан ҳам, кишидан ҳаё кетса, кўнгли қаттиқлашади, инсонлар орасига оғринмасдан низо солишга ҳаракат қилади, дунёга муҳаббати борган сари ошади, ҳой-ҳавасга берилади, аммо ҳаё ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.
Агар одамда заррача ҳаё бўлса, ўзини ҳам, бошқаларни ҳам ноқулай ҳолга солиб қўймасликка уринади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:“Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё билан ҳаё қилинглар!”, деб марҳамат қилдилар. Биз:“Эй, Аллоҳнинг элчиси! Аллоҳга шукрки, биз ҳаё қиламиз”, дедик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё билан ҳаё қилишлик бошни ва унда жойлашган нарсаларни, қоринни ва унда тўлдирилган нарсаларни асрамоғинг, ўлимни (бир ривоятда: қабрларни) ва синовларни эсламоғингдир. Кимки охиратни хоҳласа, дунё зийнатини тарк қилур. Кимки мана шундай қилса, муҳаққақ, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлур”, – дедилар (Термизий, Ҳоким, Аҳмад, Табароний ривоят қилишган).
Ҳаёли кишилар ўзларни чиройли тутадилар, бўлар-бўлмас гапларни гапириб кишиларни ўзига қаратишга ҳаракат қилмайдилар.
Ияс ибн Қурра роҳматуллоҳи алайҳи шундай ривоят қиладилар:
«Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурида эдим. Унинг олдида ҳаё зикр қилинди ва одамлар:
– Ҳаё диндандир, – дедилар.
Шунда Умар:
– Йўқ! Ҳаё диннинг ҳаммасидир! – деди”.
Демак, ҳаё диннинг барчаси экан, киши ҳаёси билан динининг гўзаллигини кўрсатиб туради ҳамда ўзидаги дини, олган тарбиясини ҳаёси орқали янада гўзаллаштиради.
Шундай қилиб, инсоннинг тарбияли, ҳаёли бўлишида ота-онанинг ўрни беқиёсдир. Фарзанд биринчи бўлиб ота-онадан ўрнак олади, уларга қараб иш тутади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳаёли киши барчанинг ҳурматига сазовор бўлади. Ҳаё фақат яхшилик ва хайрли ишларга етаклайди. Ҳаёсизлик эса ёмонлик, нафратга олиб боради. Ҳаё инсонларнинг зийнати бўлиб, ҳар доим яхшиликка сабабчи бўлади. Ёшларимизни ҳаёли ва катталарни ҳурмат қиладиган қилиб тарбиялаш – ҳар бир ота-онанинг бурчидир. Айни пайтда, қизларимиз ва келинларимиз момоларимиздан ибрат олсалар ва шу ибратлари натижасида келажак авлодни соғлом ва баркамол қилиб тарбияласалар, элимиз, юртимиз равнақи учун улкан ҳисса қўшган бўлардилар.
Муқаддас БУЗРУКХОНОВА
“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти толибаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Ҳозирги кунда ислом жамиятида, дунё мусулмонлари, айниқса юртимиз мусулмонлари орасида фатво бериш, фатво чиқариш, фатво сўраш каби атамалар кўп ишлатилмоқда.
Фатво сўзи араб тилида “саволга жавоб бериш” маъносини англатади. Истилоҳда эса, шаръий масала ҳақида савол сўраган одамга далилга асосланган ҳолда жавоб беришдир.
Биринчи фатво берувчи шахс Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бўлган. У зотдан кейин саҳоба, тобеин ва кейинги давр мужтаҳид уламолар фатво бериш билан шуғулланиб, бугунги кунимизгача давом этиб келмоқда. Шариатда мусулмонлар ҳаётида пайдо бўладиган саволлар бўйича фатво берилиши бу фарзи кифоя амал ҳисобланади.
Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқаришнинг ўзига хос талаблари мавжуд. Қуръон ва ҳадисга асосланган ҳолда мусулмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, инсон камолоти, жамият фаровонлиги ҳамда унинг ижтимоий тараққиётини кўзлаб ҳукм чиқариш алоҳида билим ва малака талаб этади. Мўътабар манбаларда қайд этилишича, араб тили, Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ ва ислом тарихини жуда чуқур ва мукаммал биладиган ва яна бошқа зарур сифатларга эга бўлган шахсларгина фатво бериш ҳуқуқига эга.
Шундай бўлса-да, бирор-бир масалада ҳукм чиқариш зарур бўлиб қолса, аввало, мазҳаблар таълимотига таянилади, агар уларнинг бирортасида масаланинг ечими топилмаса, мусулмонларга осонлик ва қулай шароит яратиш нуқтаи назаридан муфтийлар томонидангина фатволар чиқарилиши мумкин.
Фатво бериш масъулияти. Исломда фатвонинг ўрни ва таъсири муҳим бўлиши билан бирга ўта масъулиятли вазифа ҳам ҳисобланади. Чунки фатвода Аллоҳнинг ҳукмларини баён қилиш мақсад қилиниб, унда ҳалол-ҳаром, савоб-гуноҳ, жаннат-дўзах орасидаги амаллар кўрсатиб берилади. Имом Шотибий раҳматуллоҳи алайҳ фатво бериш масъулияти ҳақида тўхталиб қуйидагиларни таъкидлайди: “Муфтий – ҳукмларни етказишда Расулуллоҳ саллалллоҳу алайҳи васалламга ўринбосар ва У зотнинг меросхўри ҳисобланади. Шу боис у Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васаллам номларидан гапиради”.
Ҳақиқатан, Абдуллоҳ ибн Жаъфардан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада огоҳ ва эътиборли бўлишга чақириб: “Фатвога журъатли бўлганларингиз дўзахга журъатли бўлганингиздир”, – деганлар. Яъни воқеъликни тўлиқ ўрганмай, етарли билим ва тажриба орттирмай туриб, қўрқмасдан журъат билан фатво беришдан қайтарганлар.
Буни чуқур англаб етган мусулмонларнинг дастлабки авлодлари ўзларидан илмли шахс бўлган жойда сукут сақлашган.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан гоҳо элликта масала сўралганда биттасига ҳам жавоб бермаган пайтлари бўлган экан. Бунинг сабаби сўралганда, у зот: “Жавоб берувчи ўзини аввал дўзахга солиб кўрсин, халос бўлишига кўзи етса, жавоб берсин”, – деган эканлар.
Абу Алий аз-Зарирдан ривоят қилинади: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбалга: “Кишига фатво бериши учун қанча ҳадис етарли, юз минг ҳадис етадими?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Икки юз мингчи?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Уч юз мингчи?”, – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Тўрт юз мингчи?” – дедим. У яна: “Йўқ”, деди. Шунда мен: “Беш юз минг бўлсачи?”, – деган эдим, у: “Умид қиламан”, – деб айтди”.
Юқорида келтириб ўтилган далиллардан келиб чиқиб шуни таъкидлаш лозимки, фатво бериш ўта масъулиятли бўлганлиги жиҳатидан унга ҳамма ҳам журъат қилавермайди. Бунинг ортида жамият ва унда яшовчи шахслар учун ғоят хатарли зарарлар келиб чиқиш мумкин. Шайх Рамазон Бутий айтади: “Ҳукм чиқариш илми тиббиёт илми кабидир. Мабодо бировнинг фарзанди оғир касалга чалиниб қолса, у тегишли ташхис қўйиш ва фарзандини даволаш учун тиббиётга оид китобларни титадими ёки малакали шифокорнинг олдига борадими? Тўғрисини айтганда, унинг эси жойида бўлса, кейинги йўлни танлайди. Динда ҳам худди шундай. Аслида бу тиббиётдан ҳам муҳимроқ, шунингдек қамрови жиҳатидан хавфлироқдир”.
Ҳеч кимга сир эмаски, ҳозирги кунда баъзилар ўзича оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариб, нотўғри фатволар бериб, ўзини ва ўзгаларни адаштирмоқда.
Баъзи бир эътироф этилмаган шахслар ёки маълум мақсадларга йўналтирилган тузилмалар томонидан қўштирноқ ичидаги “фатволар” инсонларни ислом маърифатидан узоқлаштиришга сабаб бўлмоқда. Айниқса, уларнинг “жиҳод”, “байъат”, “такфир”, “бемазҳаблик”, “ҳижрат” каби масалалардаги асоссиз “фатволари” ноҳақ қон тўкилишига олиб бормоқда ва инсонларнинг кафолатланган ҳуқуқларига раҳна солинишига сабаб бўлмоқда. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг устозлари бўлган Робиа ибн Абдураҳмонни йиғлаган ҳолда кўриб, ундан бунинг сабабини сўрашганда, у зот кишилар диний-ҳуқуқий саволларни билими бўлмаган шахслардан сўрашаётганини кўрганлиги, бу ҳолат исломда катта хатар пайдо бўлганлигидан дарак беришини таъкидлаган эканлар.
Демак, чуқур илм, тажриба ва холислик каби фазилат бўлмай туриб, фатво беришнинг оқибати хайрли эмас. Шундай экан, баъзи доира ёки гуруҳлар томонидан исломда улкан масала сифатида қаралган ҳукмларга эътиборсиз ва масъулиятсизлик билан фатво беришлари ўзлари ва ўзгаларни ҳам адаштиришдир. Қандай қилиб шахсларни ва бутун бошли жамиятларни кофирга чиқариб, жамоат олдида уларга эргашишни ҳаром демоқдалар?!
Хулоса қилиб айтганда, фатвонинг мусулмонлар ҳаётида ўрни муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда илм ва салоҳиятсиз фатво бериш ёки учраган кишидан фатво сўраш ва унга эргашиб кетавериш адашувга олиб боради. Бу каби салбий оқибатларни келтириб чиқарувчи ихтилофларнинг олдини олиш биринчи навбатда ислом марказлари ва уламоларнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.
Аллоҳ таоло барчамизни турли ихтилоф ва фитналардан асраб, барчамизни мамлакатимизда минг йиллардан бери амал қилиб келинаётган ҳанафий мазҳабимизга мувофиқ ибодатларини адо этиб, завқли ҳаёт кечириш бахтига насиб этсин!