Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки:
“Мўмин барча инсонларнинг ишончли кишисидир”.
“Мўмин мўминнинг кўзгусидир. Ва мўмин мўминни орқасидан ҳам ҳимоя қиладиган ва уни қўллаб қувватлайдиган биродаридир”.
“Мўминлар бир-бирига ёпишган иморат кабидир”.
“Мўмин киши дўст бўлади ва дўст тутилади. Дўстлаша олмайдиган ва дўст тутилмайдиган кишида хайр-яхшилик йўқдир. Инсонларнинг хайрлиси инсонларга фойдаси тегадиганидир”.
“Мўмин киши ғайратли-рашкли бўлади. Аллоҳ таоло эса энг ғайратли- рашклидир”.
“Мўмин киши жуда заковатли, қобилиятли, зийрак ва ҳушёрдир”.
“Мўмин гуноҳига тавба қилгувчидир”.
“Мўмин банда икки хавф ўртасидадир. Биринчиси: ўтган гуноҳларидан қўрқадики, уларни Аллоҳ нима қилганини билмайди. Иккинчиси: умрининг қолган қисмида бошига нима ҳалокатлар келишини билмайди”.
“Мўминнинг елкаси юмшоқ бўлади, биродарига кенглик қилади, мунофиқ эса тўнгдир, биродарига танглик қилади. Мўмин аввал салом беради, мунофиқ эса менга салом берсин деб тураверади”.
“Ҳақиқий мўмин бировга оғирлиги тушмайдиган кишидир”.
“Инсонлар моллари ва жонларини ишониб топширадиган киши ҳақиқий мўминдир”.
“Инсонларга аралашиб юрадиган ва уларнинг азиятларига сабр қиладиган мўмин киши, одамларга аралашмайдиган ва уларнинг азиятларига сабр қилмайдиган мўмин кишидан афзалроқдир”.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Олдига қўйган олий мақсадига эришган ва жаннатни қўлга киритган одам ғам-ташвиш чекиши мумкинми? Бу саволга аввалгию охиргиларнинг саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бериб: “Жаннат аҳли бирор нарсага қайғурмайди, фақатгина Аллоҳни зикр қилмай ўтказган онларига афсус қиладилар, холос”[1], деганлар.
Эътибор беринг-а! Улар жаннат боғларида бўла туриб нимага ачинадилар, нимага афсус қиладилар? Фақатгина Аллоҳни зикр қилмай ўтказган онларига! Бизнинг эса қанчадан-қанча вақтимиз Аллоҳнинг зикридан холи тарзда ўтиб кетяпти... Бу дунёда ўтган вақтимиз учун ачиняпмизми?!
Имом Авзоий айтадилар: “Дунёдаги бирор вақт йўқки, бандага қиёмат куни кўрсатилмаса. Банданинг дунёдаги ўтказган вақти сонияма-сония, дақиқама-дақиқа, соатма-соат, кунма-кун кўрсатилади. Бирор вақт Аллоҳнинг зикрисиз ўтиб кетган бўлса, банданинг қалби ҳасратдан тилка-пора бўлади. Борди-ю, шу тарзда соат кетидан соат, кун кетидан кун Аллоҳнинг зикрисиз, истиғфор ва тафаккурсиз ўтказилган бўлса, у ёғини тасаввур қилаверинг...".
Набий алайҳиссалом: “Якка-яккаловчилар ўзиб кетишди”, дедилар. Саҳобалар: “Якка-яккаловчилар кимлар, ё Аллоҳнинг Расули”, дея сўрадилар. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва аёллар”[2], дедилар.
Аллоҳ таоло Раъд сураси, 28-оятида: «Улар иймон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир...», дея марҳамат қилади. Ким нимани яхши кўрса, унинг зикрини кўпайтиради. Аллоҳнинг чин мухлисларидек Унинг зикри ила машғул бўлинг! Ким нимани улуғласа, унинг қадрини кўтаради. Ориф бандалардек Аллоҳни улуғланг!
Аллоҳнинг зикри гуноҳкорлар учун зидди заҳардир. Умрини Аллоҳга бағишлаганлар учун улфат, инонганлар учун озиқа ва Аллоҳга ошиқларнинг шаробидир. Кечаю кундуз, сафару ҳазарда, тўқлигу йўқликда, беморлигу соғликда, пинҳону ошкорда Аллоҳнинг зикри ила машғул бўлинг. «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч У Зотни поклаб тасбеҳ айтинглар!»[3].
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Иймон ҳаловатини уч нарсада қидиринглар: намоз, зикр ва Қуръон тиловатида. Топсангиз топдингиз, акс ҳолда, бу эшик сизлар учун қулф эканини билинг!”. Мабодо сиз юқорида зикр қилинган уч амалда иймон ҳаловатини ҳис қилмасангиз, тун қоронғусида – одамлар уйқуда эканида икки ракат намоз ўқиб, дуо ва истиғфор орқали Аллоҳга яқинлашинг.
Ҳассон Шамсий Пошонинг “Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти.
[2] Имом Муслим ривояти.
[3] Аҳзоб сураси, 41–42-оятлар.