Маълумки, ҳозирги замон ўзининг дунёдаги турли хил сиёсий, ғоявий қарама-қарши кучлар тўқнашуви жиддий тус олган даврлиги билан характерланади. Бу борада олиб борилган илмий таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги даврда ўз мустақиллигига эришган янги, ёш давлатлар ҳам узоқ йиллар давомида ўз турмуш тарзини белгилаб олган кучли давлатлар ҳам ана шундай ёвуз кучларнинг, мафкураларнинг кутилмаган хуружларига дуч келмоқда.
Дунё сиёсий манзарасида авж олиб бораётган глобал муаммолар ичида динлараро, миллатлараро, маданий-тамаддунлараро низолар ва тўқнашувларни, информацион-кибер терроризм, ноқонуний қурол ва наркотиклар савдоси, одам савдоси каби турли хилдаги таҳдид ва хавфларни санаб ўтиш мумкин.
Жумладан, диний ақидапарастлик халқаро терроризмнинг кенгайишига, ғарб давлатларида «исламофобия» жараёнининг кескин тус олиб, оммавий сиёсий даражада авж олишига олиб келмоқда. Мусулмонларнинг муқаддас дини бўлмиш ислом динини халқаро терроризм билан боғлашга уринишлар, ғарб матбуотида турли ҳажвий расмлар чоп этиш орқали пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг шаънини таҳқирлашга қаратилган ҳатти-ҳаракатлар, миллионлаб одамларнинг миллий ғурури ва нафсониятига тегадиган бирёқлама, асоссиз баҳо ва хулосалар калтабинларча баён қилинмоқда.
«Исламофобия» – исломдан ва мусулмонлардан қўрқув ва уларга нафрат туйғуси билан қараш демакдир. Шу билан бирга ислом динини қолоқ, мусулмон маданиятини эса қотиб қолган, ҳурфикрликка мойил бўлмаган, патриархал, аёллар фаолиятини чеклайдиган ва бошқа маданиятларга таҳдид солувчи» каби ноўрин айбловларда намоён бўлмоқда.
Ислом динини агрессивликда, террорчиликда айблаш жаҳон миқёсида ислом нуфузининг, ислом мавқеининг ошиб боришидан талвасага тушиш, глобал иқтисодий, сиёсий маданий ва демографик жараёнларда гегемонлигини тарихан йўқотаётган постиндустриал жамиятларнинг сиёсий кучлари учун хосдир.
Малайзия халқаро ислом университети профессори Лоуей Сафи фикрига кўра, ҳозирги кунларда «исламофобия»нинг қуйидаги кўринишлари мавжуд:
Кўпчилик тадқиқотчилар фикрига кўра, исламофобия Ғарб мамлакатларида, мусулмонлар сони кескин ошиб бораётгани ва исломни Ғарб цивилизациясига рақобат уйғотаётгани сабабли сақланиб келмоқда. Шу ўринда бу ерда истиқомат қилувчи мусулмонлар ғарб урф-одатларини ўзларига сингдириш эмас, балки ислом қадриятларини атрофга ёйиш ходисалари ортиб бормоқда. Чунки, социологларнинг таъкидлашича, XXI асрда ислом бошқа динларга қараганда тезроқ тарқалиб тараққий этиш имкониятига эга. Бунга мисол, бугунги кунда дунё мусулмонларининг сони қарииб 1,8 млрдга етган. Бошқача айтганда мусулмонларнинг сони 2025 йилга бориб дунё аҳолисини 30% ташкил этади.
Ғарб оламида исломга душманлигини кўз-кўз қилиб, миллатлар ҳамда динлар ўртасида низо оловини ёқишга уринган баъзи фитначиларнинг ўзлари, дунё аҳолисининг нафратига учрамоқдалар. Исломофобларнинг ҳаракатлари нафақат дунё мусулмонларига, балки Ғарбнинг етакчи компанияларига ҳам зиён етказмоқда. Бундай шуҳратпарастлар қайси давлатдан бўлса бутун дунё мусулмонлари томонидан эълон қилинаётган бойкотлар натижасида ўша давлат иқтисодиёти зарар кўрмоқда.
Шу ўринда исламофобия муаммолари оммавий тус олиб келаётган бир пайтда, Ўзбекистон терроризмга қарши кураш исламофобияга айланишига ва бу ҳолат очиқ ёки пинҳоний ҳолатларда ислом дунёси билан қарама-қаршиликка олиб келишига қатъиян қарши чиқмоқда. Мазкур масалада Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И.Каримов: «Кимга қандай туюлмасин, бугун динимизнинг асл моҳиятини асраш, унинг маъно-мазмуни нақадар пок ва эзгу эканини, дин биз учун асрлар давомида ўзлигимизни, миллатимиз, наслимизнинг энг яхши қадриятларини сақлаб қолишда буюк ҳаётбахш куч бўлиб келаётганини такрор ва такрор таъкидлашимиз, бу ҳақиқатни одамларнинг онгига сингдиришимиз даркор», деб таъкидлаган эди.
Сўнги йилларда турли мамлакатларда исломга нисбатан бўлаётган тазйиқлар, исламофобия тусини олган ҳолатларни кўпайиши бизни ҳам ташвишга солиши турган гап. Шу билан бирга бу ҳолат бизнинг тинчлик ва барқарорлик йўлида эришган кўп йиллик ютуқ ва хатти-харакатларимизни йўққа чиқариб, экстремизм ва терроризмни янада кучайтириб юбориши эҳтимоли мавжуд.
Ўзбекистон нафақат ўз халқининг тинчлиги учун, балки она сайёрамиздаги миллион-миллион одамларнинг ҳаётини сақлаш учун ҳушёрликка чақирганини дунёнинг етакчи сиёсатчилари, давлат арбоблари тан олмоқда ва давлатимизнинг ана шундай мураккаб вазиятда, ҳар қандай иккиланишдан холи бўлган сиёсатига ҳурмат ва эҳтиромини билдирмоқда.
М.Муҳаммадсаид
Урганч тумани “Эшон бобо” масжиди имом-хатиби
Шу йил 25 февраль куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари раҳбарлари семинари бўлиб ўтди. Семинарни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов очиб берди.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов сўзга чиқиб, диний-маърифий соҳада кадрлар тайёрлаш сифатини янги босқичга кўтариш, диний таълим тизимидаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечимлари ва истиқболдаги режалар ҳақида сўз юритиб, қуйидагиларни зикр қилиб ўтди:
• Жаҳондаги етакчи ислом таълим муассасалари, хусусан, Азҳар ва шу каби етакчи таълим муассасалари тажрибаларини ўрганган ҳолда юртимиздаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларидаги таълимнинг жозибадорлигини ошириш лозимлиги;
• Чет эл талабаларини ҳам юртимиздаги диний таълим муассасаларига ўқишга жалб қилиш мақсадида янги адабиётлар тайёрлаш, ўқув дастури ва режаларини қайта шакллантириш, ижтимоий ва диний фанларни замон талаблари даражасида шакллантириш зарурлиги;
• Таълим жараёнларини ташкил қилиш, ўқув дастурларини қайта ишлаб чиқиш, хориждан етук малакали мутахассисларни жалб қилишда мавжуд таълим мазмунини сақлаб қолган ҳолда, бошқа етакчи таълим муассасаларининг таълимга оид ҳужжатларидан шаблон сифатида фойдаланиш кераклиги;
• Таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижадорлигини ошириш мақсадида диний таълим муассасаларида таълим сифатини назорат қилиб бориш механизмини жорий қилиш муҳимлиги;
• Талабаларда таълим билан бир қаторда ўз соҳаси бўйича тажрибани ҳам шакллантириш мақсадида битирувчи курс талабаларининг амалиётларини Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, илмий тадқиқот марказлари ва маҳаллаларда ташкил этилиши чораларини кўриш ҳамда Иқтидорли устоз ва талабаларни рағбатлантириб бориш механизмларини жорий қилиш лозимлиги;
• “Қуръон ва тажвид” ўқув курсларига ўхшаш бир шаклда Ақидавий билимларни ҳам халққа етиб боришига хизмат қиладиган, халқнинг турли ёт ғояларга эргашиб кетиш орқали жабр кўришини олдини оладиган ўқув курсларини ташкил этиш ҳам муҳим ҳисобланиши;
• Дин ва давлат муносабатларини тартибга солинишида Қуръон ва суннатда келтирилган кўрсатмаларни ўрганиб келажак авлодга ўргатиш ва бунда жаҳон тажрибасидан кенг фойдаланиш кераклиги таъкидланди.
Семинар давомида Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов диний таълим муассасаларида ўтказилган аттестация натижалари, ижтимоий-гуманитар фанларнинг ўқитилиш улушини ошириш, таълим сифатини янада такомиллаштириш ҳамда ўқув режа ва дастурларини янгилаш хусусида сўзлаб, давлат томонидан яратиб берилаётган имкониятлардан фойдаланган ҳолда олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида диний таълимни янги босқичга олиб чиқиш бугунги кун талаби эканини қайд этди.
Шунингдек, диний фанларда классик анъаналарни сақлаб қолган ҳолда, дунёдаги илғор диний таълим муассасаларидан намуна олган ҳолда замонавий диний адабиётларни шакллантириш, замонавий диний фан тармоқларини яратиш лозим экани, мазкур фан тармоқлари ва адабиётларни шакллантиришда юртимиздаги илмий тадқиқот марказлари билан яқиндан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш кераклиги ҳам алоҳида таъкидланди.
Шундан сўнг диний таълим муассасаларида 2025 ўқув йили I-семестр якунлари бўйича талабалар ўзлаштиришининг дастлабки таҳлиллари бўйича Ҳадис илми мактаби ректори Б.Аманов, Имом Термизий мадрасаси директори К.Исламов, Жўйбори Калон мадрасаси директори О.Шарипова ҳамда Хожа Бухорий мадрасаси директори Ў.Ғузаровлар ахборот берди.
Семинар якунида йиғилганлардан таклиф ва мулоҳазлар тингланди. Сўнгра иштирокчилар Тошкент ислом институтидаги шароитлар билан танишиб, талабалар билан учрашишди.
Тошкент ислом институти
Матбуот хизмати