Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Июл, 2025   |   12 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:14
Қуёш
04:57
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:38
Bismillah
07 Июл, 2025, 12 Муҳаррам, 1447

ЭЪЛОН! ЎЗБЕКИСТОНДА ҚУРЪОНИ КАРИМ ҚИРОАТИ БЎЙИЧА МУСОБАҚА ЎТКАЗИЛАДИ

22.12.2017   16998   8 min.
ЭЪЛОН! ЎЗБЕКИСТОНДА ҚУРЪОНИ КАРИМ ҚИРОАТИ БЎЙИЧА МУСОБАҚА ЎТКАЗИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жаноблари 2017 йил 1 сентябрда “Ҳазрати Имом” мажмуасида давлат, жамоат ва диний соҳа ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази биргаликда Республикада оммавий суратда ва турли босқичларда Қуръон қироати мусобақаларини ўтказиш бўйича топшириқ бердилар. Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси буйруғига асосан 2018 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда Қуръон мусобақасини ўтказиш белгилаб олинди.

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу Қуръон мусобақасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари  ва Тошкент ислом университети талабаларидан ташқари, масжидлардаги имом-хатиблар, имом ноиблари, муаззинлар ҳамда Қуръони карим қироати бўйича иқтидори бўлган 18-40 ёшдаги барча эркагу аёл фуқароларимиз иштирок этишлари мумкин.

Мусобақа икки йўналиш бўйича олиб борилади: ҳифз ва тиловат. Ҳифз йўналишида Қуръони каримни тўла ёд олган қори ва қориялар, тиловат йўналишида эса Қуръонни гўзал тарзда тиловат қила оладиган фуқаролар иштирок этади.

Иштирокчилар ёшга кўра иккига тақсимланади:

18‒25 ёшдаги иштирокчилар;

25‒40 ёшдаги иштирокчилар.

Мусобақанинг туман (шаҳар) ва вилоят босқичлари, шунингдек, мазкур ўқув юртларидаги саралаш босқичи 2018 йилнинг бошидан март ойига қадар ҳамда буларнинг барчаси учун республика босқичи 2018 йил апрель ойида ўтказилиши режалаштирилган.

Мусобақанинг биринчи босқичи вилоятлардаги бош шаҳар ва марказий туманларда (3‒4 та туманда) бўлиб ўтади. Иштирокчилар доимий рўхатдан ўтган манзиллари асосида қайтдан ўтадилар. Рўйхатга олиш 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб 10 январигача давом этади. Ушбу Қуръон мусобақасида иштирок этиш истагида бўлган фуқаролар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятлардаги вакилликларига мурожаат қилишлари тавсия этилади (Мурожаат учун телефон рақамлар қуйида берилган).

Аёл-қизлар ўртасидаги Қуръон мусобақаси ўзига хос, шарқона тартибларга риоя этилган ҳолда ўтказилиши таъминланади. Бунга вилоятлардаги вакилликлар қошида хизмат кўрсатаётган отин ойилар масъул қилинади.

Биринчи босқич ғолиблари вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади. Вилоятда биринчиликни қўлга киритганлар республика босқичига йўлланма олади.

Мусобақага доир бошқа хабарларни билиш учун Диний идоранинг muslim.uz сайтини мунтазам кузатиб боринг.

Ўзбекистон қорилари мусобақасини юқори савияда, ҳар тарафлама манфаатли, халқаро талабларга жавоб берадиган тарзда ўтказиш тўғрисида 2017 йил 18 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши қарор қабул қилди ва ушбу мусобақа учун диний идора қошида махсус ҳайъат тузилди. Ушбу ҳайъат бутун Республика бўйлаб фаолият юритади.

Мусобақа ҳақида ЎМИ қошидаги ҳайъат котибияти билан боғланиш учун қуйидаги рақамларга мурожаат қилишингиз мумкин:

+998711487770, +998998987277

Мусобақада иштирок этмоқчи бўлган ҳар бир фуқаро ўз вилоятидаги ЎМИ вакиллигига мурожаат қилиб, рўйхатдан ўтади. Мусобақада иштирок этувчи аҳолиси кўпроқ бўлган вилоятларда мусобақа ўтказиладиган туманларда ҳам рўйхатга олиш ишлари олиб борилиши мумкин. Рўйхатга олиш 2018 йил 1 январдан 10 январгача эрталаб соат 09:00дан кечги соат 19:00гача давом этади.

 

Ўзбекистон Қуръони карим қироати мусобақасининг шаҳар ва туман босқичини ўтказиш бўйича

ЖАДВАЛ

 

Вилоят ва шаҳар номи

Ўтказиш жойи

Шаҳар ва туман босқичини ўтказиш санаси

1.

Жиззах вилояти

ЎМИ Жиззах  вилояти вакиллиги

+998973257243

Ботирхон Рўзиев

11-13.01.2018

2.

Сирдарё вилояти

ЎМИ Сирдарё  вилояти вакиллиги

+998911019820

Дилмурод Сулаймонов

11-13.01.2018

3.

Самарқанд вилояти

ЎМИ Самарқанд  вилояти вакиллиги

+99893485870

Ёқубжон Мансуров

14-16.01.2018

4.

Бухоро вилояти

ЎМИ Бухоро  вилояти вакиллиги

+998956000031

Анваржон Нуриллаев

14-16.01.2018

5.

Навоий вилояти

ЎМИ Навоий  вилояти вакиллиги

+998919911555

+998939507303

Музаффар Раҳмонов

16-18.01.2018

6.

Қорақолпоғистон Республикаси

Қорақолпоғистон Республикаси вакиллиги

+998934897670

Зулфиқор Сапашов

19-21.01.2018

7.

Хоразм вилояти

ЎМИ Хоразм  вилояти вакиллиги

+998622284438

+998937572557

Бобожонов Ҳамид

19-21.01.2018

8.

Қашқадарё вилояти

ЎМИ Қашқадарё  вилояти вакиллиги

+998972004716

Бобомуродов Назруллоҳ ҳожи

22-23.01.2018

9.

Сурхондарё вилояти

ЎМИ Сурхондарё  вилояти вакиллиги

+998912382717

Абдусалом Фатҳуллаев

22-23.01.2018

10.

Андижон вилояти

ЎМИ Андижон вилояти вакиллиги

+998742280196

+998916107040

Нуруллоҳ Қодиров

25-27.01.2018

11.

Наманган вилояти

ЎМИ Наманган вилояти вакиллиги

+998906429977

Обидхон Икромов

27-29.01.2018

12.

Фарғона вилояти

ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги

+998914532870

Ҳусниддин Турсунзода

29-31.01.2018

13.

Тошкент вилояти

ЎМИ Тошкент вилояти вакиллиги

+998903482262

Султонов Фаррух

01-02.02.2018

14.

Тошкент шаҳри

Тошкент шаҳар вакиллиги

+998712351733

+998974206264

+998949320022

Муроджон Кадиров

03.04.2018

 

Ушбу жадвал асосида шаҳар ва туманларда саралаш босқичи ўтказилгач, улардан ҳар бир йўналишнинг биринчи рақамли ғолиблари вилоят босқичида қатнашади.

Республика бўйича вилоят босқичлари февраль ойи ичида ўтказилиши режалаштирилган. Уларни ўтказиш санаси ва манзили келгуси хабарларда эълон қилинади.

 

 ЎМИ Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Сиз мендан яхшироқсиз

04.07.2025   3391   3 min.
Сиз мендан яхшироқсиз

Бирор киши билан тортишиб қолиб, у билан алоқани узиб юбормоқчи бўлсангиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “У иккисининг энг яхшиси “Салом” билан гаплашишни бошлаб юборганидир”[1] деган сўзларини ёдга олинг.

Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан у кишининг ота бир укаси Муҳаммад ибнул Ҳанафийнинг орасидаги муносабатларга дарс кетади. Бўлиб ўтган ишга икки кун ўтмай Ибнул Ҳанафий Ҳусайн розияллоҳу анҳуга мактуб юборади. Мактубда шундай деб ёзилган эди: “Бизнинг отамиз бир. Бу борада бирортамиз бошқамизга фахрланмаймиз. Аммо сизнинг онангиз Фотима розияллоҳу анҳодир, сизнинг онангиз қаёқда-ю, менинг онам қаёқда. Сизни Расулуллоҳнинг ўзлари катта қилган ва тарбиялаганлар, мен эса бундайин буюк мартабадан анча пастдаман. Ушбу мактубим сизга етиб бориши билан дарҳол мен томонга шошилинг ва орани ислоҳ қилинг. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У иккисининг энг яхшиси “Салом” билан гаплашишни бошлаб юборганидир”, деганлар. Сиз мендан яхшироқсиз. Айтадиган гапим шу”.

Биродарини устун қўйишнинг улкан кўринишига эътибор беринг. Ибнул Ҳанафийнинг Ҳусайн розияллоҳу анҳудан аввал бу савобга эришиши мумкин эди. Лекин у киши биродари Ҳусайн розияллоҳу анҳуни ўзидан устун кўрди. Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг у кишидан кўра яхшироқ эканини эслатди, бу иши эса у зотнинг ўртани ислоҳ қилишга бўлган ғайрати ва ҳимматини қўзғаш учун эди. Чунки яхшилар доим яхшилик сари интиладилар.

Ваъда қилинган ажр жаннат бўлса, бошқаларни ўзидан устун қўйиш одамлар орасида жуда кам учрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари душманга қарши жанг бобида мусобақалашар эди, ҳатто ота-болалар ўртасида ҳам шу каби ҳолат кузатиларди. Масалан, ота-боланинг ҳар иккиси бирваракайига жангга бориш имкони бўлмаса қуръа ташлашарди, қуръа болага чиқса, отаси унга: “Мен чиқай, болам, сен қолавер, ахир отангман-ку. Мени ўзингдан устун қўй”, дер эди, бунга жавоб берар экан ўғилнинг кўзлари ёшга тўлиб: “Отажон, унинг мукофоти жаннат-да... Агарда жаннатдан бошқа нарса бўлганида ҳам, Худо ҳаққи, сизни ўтказиб юборардим”, дерди.

Шубҳасиз, сиз ҳам барча мусулмонларнинг жаннатга киришларини орзу қиласиз. Бироқ жаннат мусобақаси кучайиб кетганида, у фақатгина энг ғайратли ва унга энг иштиёқмандларгагина насиб этади. Одамларга  яхшиликни илининг, фақат ўзингизни ўйлайверманг!

Шоир Абул Аъло Маъаррий бундай сатрларни ёзган экан:

Абадий қолмоқ имкони бўлса гар сўққабош ҳолим,
Боқий қолиш истагин суймадим ёлғиз ўзим.
Менга ҳам, еримга ҳам ёғмасин ёмғир,
Модомики қамраб олмас экан бутун қавмим.

Худбинлик (эгоизм) сизнинг устингиздан ҳукмронлик қилишига ҳеч ҳам имкон берманг! Доимо Аллоҳ таолодан барча мусулмонларга яхшилик ва хайр-барака сўраб дуо қилинг ва шу жумлаларни ҳам айтинг: “Эй Яратган Зот! Менинг дуоларим орасига барча мусулмонларни ҳам қўшиб қўй”.

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Имом Бухорий ривояти.