Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир мусулмонга илм-ҳунар эгаллаш фарздир”, деб марҳамат қилганлар. Бу ҳадис ҳикматини теран англаган ота-боболаримиз ҳунармандчилик, дехқончилик, савдо-сотиқ каби ҳалол касблар билан шуғулланиб, рўзғор тебратган. Фарзандлари ҳам илму ҳунар ўрганиб, тадбирли бўлишларига алоҳида эътибор беришган.
Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг: “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир”, деган сўзлари ҳам юртимизда тадбиркорнинг мавқеи азалдан юқори бўлганини билдиради.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Кечани (барча нарсани яшириб турадиган) либос қилдик. Кундузни эса, тирикчилик вақти қилдик” (Набаъ сураси, 10-11).
Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Ким тиланчилик қилишдан сақланиб, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват кўрсатиш мақсадида ҳалол йўлда ризқ топишга интилса, қиёмат куни Аллоҳ таолога юзи тўлин ойдек ёруғ бўлиб йўлиқади”.
Демак, кишининг ҳалол ризқ учун ҳаракат қилиши ҳам ибодат ҳисобланар экан.
Ҳар қандай касбни пухта билиш, моҳир уста бўлиш учун ўша касбга меҳр бериш, сирларини мукаммал эгаллаш керак. Ҳунарига муҳаббати бор инсон чарчамайди, меҳнати натижасидан қувонади. Касби туфайли атрофдагиларга ёрдами тегса, дили қувонади.
Инсон ўзига берилган ақл-фаросат, зеҳн-идрокни ишга солиб, яхши ниятлар билан касб-ҳунар, тадбиркорлик, деҳқончилик қилиб, оиласини боқиши, эл-юртга фойда келтириши зарур. Зеро, ҳалол меҳнат билан киши улуғ даражаларга етади.
Рустамжон МАҲМУДОВ,
“Саййид Муҳйиддин махдум” ислом ўрта-махсус билим юрти мударриси
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллаган, азалдан халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, бағрикенглик ва саховат каби олижаноб фазилатларни ўзида мужассам этган муқаддас Қурбон ҳайити – Ийд ал-Адҳо муносабати билан хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва минтақавий тузилмалар раҳбарларидан табрик мактублари келиб тушмоқда.
Хорижий ҳамкорлар ўз қутловларида Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига чуқур ҳурмат билдирган ҳолда, юртимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилаб, дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама ривожлантиришга қатъий интилишларини таъкидламоқдалар.
Жумладан, қуйидагилар ўз табрикларини йўллаган:
Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев;
Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров;
Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон;
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов;
Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов;
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев;
Қозоғистон Республикасининг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев;
Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси;
Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған;
Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён;
Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён;
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум;
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири ўринбосари, Президент ишлари бўйича вазири Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён;
Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, ички ишлар вазири Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён;
Кувайт Давлати Амири Шайх Мишъал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ;
Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний;
Қатар Давлати Амири ўринбосари Шайх Абдуллоҳ бин Ҳамад бин Ҳалиф Ол Соний;
Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ;
Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II;
Жазоир Халқ Демократик Республикаси Президенти Абдулмажид Теббун;
Фаластин Давлати Президенти Маҳмуд Аббос;
Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа;
Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев;
Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим;
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Асад Мажид Хон;
Кавказ мусулмонлари идораси раиси шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода.
Қутловлар келишда давом этмоқда.
President.uz