Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Январ, 2026   |   29 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:45
Пешин
12:38
Аср
15:41
Шом
17:26
Хуфтон
18:43
Bismillah
18 Январ, 2026, 29 Ражаб, 1447

Фақирликка етакловчи 40 иллат

18.12.2017   1954   3 min.
Фақирликка етакловчи 40 иллат

Ҳар бир инсон қилаётган ишидан манфаат кўзлаши табиий. Айниқса, касб орқали топилаётган мол-давлат, эришилаётган ютуқ ёки бой берилаётган имконият, бир сўз билан айтганда, буларнинг барчаси замирида ризқи баракали бўлиш истаги мужассамдир.

Инсоннинг оёқ кийимида тариқдек нарса бўлса, уни олиб ташламагунча хотиржам юра олмайди. Киши оёқ яланг юрмоқчи бўлса, ердаги майда тошлар ҳам сезилади, лекин кўникиш баробарида ердаги тикан ва шиша каби нарсалар таъсир этмай қолар экан. Мўмин киши кичик гуноҳга ёки айрим иллатларга парво қилмаса, катта гуноҳларнинг айблиги одатий ҳолга айланиб қолар экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадисларида: “Қазойи қадарни ҳеч нарса қайтара олмайди, фақатгина дуо қайтарур. Яхшилик умрни зиёда қилса, киши гуноҳи сабабидан ризқини келишидан маҳрум бўлади”, деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадиси шариф дуо ва яхшилик умрни ҳамда ризқни зиёда бўлишга сабаблиги, гуноҳ эса киши ризқини маън қилувчи эканини эслатмоқда. Шунингдек, Имом Бурҳониддин Зарнужий ўзининг “Таълимул-мутаъаллим” асарида қуйидаги иллатлар фақирлик келтириши ҳақида баён қилган. Таъкидлаш лозимки, мазкур иллат ва одатлардан сақланиш кишига ҳам маънавий, ҳам моддий манфаат келтириш билан бирга, илм, зуҳд ва тақво йўлида юксак чўққини забт этишни истовчиларга айни фойда экани муаллиф томонидан зикр этилган. Хулосани эса ўзингизга ҳавола қиламиз:

  • Ёлғон гапириш – гуноҳи кабиралардан, шундай экан, барча гуноҳ ризқни манъ қилади;
  • Субҳ вақтида ухлаш;
  • Кўп ухлаш;
  • Кийимсиз ҳолда ухлаш;
  • Кийимсиз ҳолда бавл қилиш;
  • Жунуб ҳолда овқатланиш;
  • Ёнбошлаб ётган ҳолда овқатланиш;
  • Дастурхонни қолдиришлик (яъни қоқмасдан ёки очиқ ҳолда қолдириш);
  • Пиёз ва саримсоқпиёзни куйдириш (бунинг икки маъноси бор, бири куйдирганда бадбўй ҳид чиқишлиги, унда кўпчиликка озор берилиши ва овқатга солинадиган тоза нарсани исроф қилиб ёқиб юбориш);
  • Рўмолча билан уйни супуришлик (яъни юзини артса бўладиган тоза матони исроф қилиш);
  • Кечаси уйни супуришликка одатланиш (зарурат бўлса зиёни йўқ);
  • Уй ёки ҳовлини супуриб, ахлатини бир четга қолдириб қўйиш;
  • Кексаларнинг олдига тушиб юриш;
  • Ота-онани исми билан чақириш;
  • Дуч келган нарса билан (тозалиги аниқ бўлмаган) тишларини ковлашлик;
  • Лой ва тупроқ билан қўл ювиш.
  • Остонага ўтириш;
  • Эшикни бир қанотига суяниб туришлик;
  • Ҳожат қилинадиган жойда таҳорат қилиш;
  • Кийимни кийиб турган ҳолда тикмоқ (масалан тугма қадаш);
  • Юзини кийими билан артиб қуритмоқ;
  • Уйлардаги ўргимчак уйларини (исларни) олмаслик;
  • Намозни ўз вақтида адо этишга дангасалик қилиш;
  • Бомдод намозидан кейин масжиддан тезда чиқиб кетиш (чунки бомдоддан кейин масжидда кун чиққунга қадар зикрга машғул бўлиш катта савоб, лекин узр сабабидан тезда чиқиб кетса, зарари йўқ);
  • Қуёш чиқмасдан олдин бозорга эрта бориш;
  • Бозордан кеч қайтиш;
  • Тиланчилар тўплаган нонларни сотиб олиш;
  • Ота-она фарзандига нисбатан ёмон дуо қилиши;
  • Идишлар устини очиқ қолдириш;
  • Шамни пуфлаб ўчириш;
  • Синган қалам (ё ручка) билан хат ёзиш;
  • Синган тароқ билан соч ёки соқол тарашлик;
  • Фарзанд ота-онаси ҳаққига яхши дуо қилмаслиги;
  • Саллани ўтирган ҳолда ўрашлик
  • Шимни тик туриб кийиш;
  • Бахиллик;
  • Оила нафақасига бахил, зиқналик қилиш;
  • Исрофгарчилик;
  • Касб ва ҳунарларини амалга оширишда дангасалик ва бепарволик.

Ҳасанбой Олимназаров,

Марғилон шаҳаридаги “Имом Заҳириддин” масжиди имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар

2 ракат + намоз = ҳаж ва умра савоби

11.12.2024   9417   3 min.
2 ракат + намоз = ҳаж ва умра савоби

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Алҳамдулиллаҳ, ҳар куни эрта тонгда тўрт мучангиз соғ-саломат уйғонасиз. Кўзларингиз кўряпти, қулоқларингиз эшитяпти, қўл-оёқларингиз ҳаракатланяпти. Бунинг барчаси Аллоҳнинг марҳаматидандир. Аллоҳ таолонинг берган бу неъматларининг шукронасини қандай адо этиш мумкин?!

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бирингиз бўғин ва суяклар устида тонг оттирганингиз учун бир садақа бор. Ҳар бир тасбеҳингиз – садақа. Ҳар бир таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) – садақа, ҳар бир таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ) – садақа, ҳар бир такбир – садақа, яхшиликка буюришингиз ҳам, ёмонликдан қайтаришингиз ҳам садақадир. Энди буларнинг ҳаммаси учун икки ракат зуҳо намоз ўқишингиз кифоя қилади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳнинг берган офият неъматига шукр қилиш уни янада зиёда қилади. Ахир офиятдан ҳам улуғроқ неъмат борми?

Аллоҳнинг берган беҳисоб неъматларининг шукри учун икки ракат зуҳо намозини адо этинг! Роббимизнинг карами кенглигини, ўта сахийлигини қаранг, бор йўғи 2 ёки 3 дақиқада адо этиладиган икки ракат намозингизни шукрона сифатида қабул қиляпти. Бундан ташқари, Аллоҳ таоло: "Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қиламан" деб марҳамат қилган. Агар Аллоҳ таолонинг сизга берган офият неъмати учун шукр қилсангиз, ҳеч шак-шубҳасиз Аллоҳ сизга Ўзининг марҳамати ва фазли билан неъматларини янада зиёда қилади.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажри тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ берилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зуҳо намозини адо этганларга ҳаж ва умранинг савоби мукаммал ҳамда тўлиқ берилишини 3 маротаба такрорладилар. Қандай қилиб инсон осонгина ҳаракат билан шундай улкан мукофотларга эришишдан маҳрум қолиши мумкин? Аллоҳ таоло Ўзининг марҳамати ила бу амални осон қилиб қўйди. Бу намознинг адо этилиши осон бўлса-да, унда қанчадан-қанча фазилатлар бор.

Зуҳо намозининг энг ози икки ракат ўқиш мумкин. 4 ёки 8 ракат ўқиса ҳам бўлади. Айримлар унинг ракатларининг чегараси йўқ дейишади. Аммо 2 ракат кифоя қилади. Энг муҳими зуҳо намозини қуёш чиққандан то пешин намозининг ўқилишига бир соат қолгунча ўқиш мумкин. Ишга кетишдан олдин уйда ҳам, ишхонада ҳам ўқиб олса бўлади. Бор йўғи 2 ёки 3 дақиқа вақт кетади, аммо улкан савобларга эришилади. Қандай қилиб инсон шундай улкан неъматни қўлдан чиқариши мумкин, ахир унга эришиш жуда осон-ку?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зуҳо намозида “Шамс” ва “Зуҳо” сураларини ўқир эдилар.

Даврон НУРМУҲАММАД