Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Апрел, 2025   |   10 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:33
Қуёш
05:55
Пешин
12:30
Аср
17:01
Шом
18:59
Хуфтон
20:15
Bismillah
08 Апрел, 2025, 10 Шаввол, 1446

Ашраф Ғанини лол қолдирган масжид

07.12.2017   5904   1 min.
Ашраф Ғанини лол қолдирган масжид

6 декабрь куни Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Бухоронинг қадимий меъморий обидалари билан танишгани ҳақида маълум қилинди.

Хабарга кўра, Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани бошчилигидаги делегация аъзолари куннинг иккинчи ярмида Бухоро шаҳрининг тарихий марказига ташриф буюрган.

Меҳмонлар кўҳна Арк қалъаси, Пойи Калон мажмуаси таркибига кирувчи Минораи Калон, Масжиди Калон ва Мир Араб мадрасаси ҳамда шаҳарнинг бошқа диққатга сазовор жойлари билан танишди.

Мажмуадаги 10 минг кишига мўлжалланган Масжиди Калон тарихий обидаси, унинг тарихи, бинонинг меъморий улуғворлиги, ибодат қилувчилар учун яратилган қулайликлар Афғонистон Президентини лол қолдириб, делегация аъзоларида катта таассурот уйғотган.

Афғонистон делегацияси аъзолари Когон тумани ҳудудида жойлашган буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасида бўлиб, Нақшбандия тариқатининг йирик намояндаси қабрини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.

Шунинг билан Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг мамлакатимизга ташрифи ниҳоясига етгани айтиб ўтилган.

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қўрқув ва хавотирнинг мияга зарари

08.04.2025   347   10 min.
Қўрқув ва хавотирнинг мияга зарари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳар бир инсон ҳаётида хавотир ва қўрқувни ҳис қилади. Бу табиий ҳолат. Айниқса, бугунги кунимизда турмуш ташвишлари, ҳаёт қийинчиликлари, нархлар ошиши, ҳашаматли уй ва тўй қилиш борасидаги беҳуда орзу-ҳаваслар ортидан олинадиган қарзлар, улар келтириб чиқарадиган турли хил муаммолар инсонни чинакамига хавотир ва қўрқув исканжасига олади. Агар одамда бу ҳиссиётлар ҳаддан ташқари кучайиб кетса, унинг тафаккур ва тўғри қарор қабул қилиш қобилияти тўхтаб қолади, хаёллари доимий суратда сочилиб, оддий нарсаларга ҳам диққатини қаратиши қийин бўлиб қолади. Ислом дини инсон қалбининг хотиржам бўлишига катта эътибор қаратади. Қуръон ва ҳадисларда хавотир ва қўрқувни енгиш ҳақида кўплаб ҳикматлар бор.

Мия ва руҳиятнинг ўзаро боғлиқлиги

Миямиз икки асосий бўлим орқали ишлайди:

1. Рационал тафаккур (ақл ва мантиқ) – бу инсоннинг онгли қарорлар қабул қилиш қобилиятини бошқаради.

2. Лимбик тизим (ҳиссиётлар маркази) – бу қўрқув, хавотир ва стрессга жавоб берувчи қисм.

Шуни таъкидлаш лозимки, лимбик тизими мантиқий фикрлашга жавоб  берувчи қисмига қараганда фаолроқ ишлайди

Агар инсон ҳаддан ташқари қўрқув ва хавотирга берилса, унинг мантиқий тафаккури блокланади ва у нотўғри қарорлар қабул қилиши мумкин. Исломий нуқтаи назардан қараганда, ортиқча хавотир ва қўрқув шайтоннинг васвасаси бўлиши ҳам мумкин.

Қўрқув ва хавотир бизга қандай зарар беради?

1. Аллоҳга таваккул қилиш ҳиссини заифлаштиради

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Шайтон сизларни камбағаллик билан қўрқитади ва бузуқликка буюради. Аллоҳ эса сизларга ўзининг мағфирати ва фазлини ваъда қилади» (Бақара сураси, 268-оят).

Шайтон инсонни келажакдан қўрқитиб, уни танг аҳволга солади. Бундай пайтларда таваккул қилиш энг муҳим қуролдир. Шунингдек, уламоларимиз мўмин киши доимий тарзда истиғфор айтиб юриши кераклигини ҳам таъкидлаб ўтганлар. Бу ҳақида ҳам бир қанча оят ва ҳадислар мавжуд.

2. Мантиқий тафаккурни ўчиради

Бундай вақтларда инсон фақат муаммога эътибор қаратади, лекин унинг ечимини топа олмайди. Бу худди ғилдиракнинг айланишига ўхшайди: айланаверади, аммо охири бўлмайди. Энг тўғри йўл эса муаммони борича қабул қилиб, ёрқин келажакка умид қилмоқдир.

Қуръонда бундай оят бор: «Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир» (Шарҳ сураси, 6-оят).

Бу оят инсонни қийинчилик ичида қолиб кетмасликка, ечим борлигини тушунишга ундайди.

3. Шукур қилишни камайтиради

Хавотир ва қўрқув ичида яшаган одам бор неъматларни кўрмайди. Шу боис атрофидаги кишиларни, ўзи яшаётган муҳитни айблай бошлайди ва бу ўзи-ўзидан Аллоҳ таолога нисбатан исён қилишга олиб келиши мумкин. Аммо инсон айни онда ўзидаги бор нарсалар: иймон, соғлик, тинчлик ва оила каби неъматларни ҳаётида энг юқори поғоналарга қўйиб яшаши керак.

Аллоҳ таоло Қуръонда бундай дейди: «Агар шукур қилсангиз, сизларга (неъматимни) яна зиёда қиламан. Агар куфр қелтирсангиз, бас, албатта азобим қаттиқдир» (Иброҳим сураси, 7-оят).

Шукур қилиш хавотирни енгишда энг кучли қуроллардан биридир.

Қўрқув ва хавотирни қандай енгиш мумкин?

1. Аллоҳни кўп зикр қилиш. Бу илмий тадқиқотларда ўз амалий исботини топган жараёндир. Япониялик олим Масару Эмото сўзлар, мусиқа ва энергиянинг сув молекулаларига таъсирини аниқлаш борасидаги «Сув хотираси» номли тадқиқот ўтказган. Тадқиқот жараёнида бир идишдаги сувга ҳар хил қўпол ва салбий сўзларни айтишган, буларнинг орасига бетартиб ва ёқимсиз шовқинлар ҳам қўшилган. Яна бир идишдаги сувга эса, аксинча, чиройли ва гўзал сўзларни айтишган. Кейин бу икки идишдаги сувни музлатишганида уларда икки хил нақшлар пайдо бўлган. Қўпол сўзлар айтилган сувда хунук ва беўхшов нақшлар, чиройли сўзлар айтилган сувда эса жуда гўзал ва жимжимадор кристаллар пайдо бўлган. Ушбу тадқиқот орқали Масару Эмото инсон танасининг 60–70% сувдан иборат эканини инобатга олиб, қандай сўзлар эшитаётганимиз руҳимиз ва соғлиғимизга бевосита таъсир қилишини таъкидлаган.

«Айтгинки, албатта, қалблар фақат Аллоҳни зикр қилиш билан хотиржам бўлади» (Раъд сураси, 28-оят).

Дунёдаги энг гўзал сўзлар, шубҳасиз, Аллоҳнинг сўзлари, Унинг пок исмларидир. Кўп тасбеҳ айтиш, Қуръон тиловат қилиш ва Аллоҳни эслаш қалбни тинчлантиради.


2. Намоз ўқиш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда бирон иш муаммо бўлса, намозга шошилардилар (Имом Абу Довуд ривояти)

Намоз – инсоннинг руҳий мувозанатини тикловчи энг кучли воситалардан биридир. Намоз нафақат тана ҳаракати, балки қалб садоси, руҳ сўрови ва Аллоҳ билан бўладиган сирли суҳбатдир. Ҳар бир рукуъ, ҳар бир сажда, ҳар бир салом – бу ҳаётдаги оғирликлардан холи бўлиш, ички ғаму ташвишларни Аллоҳ ҳузурида енгиллатишдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор ташвишли ҳол юз берса, намозга шошилганлар. У зот намозни қалб паноҳи, руҳий мадад ва ҳаётдаги тинчлик манбаи деб билганлар. Намоз – бу қалбни ғуборлардан поклайдиган ёмғирдир. Ҳар куни беш маҳал унга чўмилган банда ички софликка эришади.

Шунинг учун ҳам кимки ҳаётида изтироб, хавотир, руҳий босим ҳис этса, у аввало ўз намозига боқсин. Чунки намоз бор жойда барака, сакинат ва Аллоҳнинг раҳмати бўлади.


3. Таваккул ва дуо қилиш

Чорасизлик ҳам бир чорадир, деган ҳикматни кўп эшитганмиз. Бу айнан биз мусулмонларга нисбатан жуда мос ва хос бўлиб тушади. Чунки мўмин киши ўзидаги барча имкониятлардан келиб чиқиб ҳаракат қилади. Имкон ва чора қолмаганида эса Аллоҳга юзланади, Унга дуо қилади. Аслида мусулмон киши доимо Роббининг қудрати ва жалолиятини ёддан чиқармасдан яшайди. Аммо барча эшиклар ёпилиб, изтироб ва қайғу ичида қолганида бу неъматнинг қадри бутун бўй-басти билан кўринади. Аллоҳга таваккул қилиш – қўрқув ва хавотирдан чиқишнинг энг яхши йўли.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дуо ўргатганлар: «Аллоҳим! Мени ғам-ташвишдан, заифлик ва дангасаликдан, қўрқоқлик ва бахилликдан, қарздан ва одамларнинг менга зулм қилишидан паноҳингга ол!» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).


4. Ҳозирги онни ҳис қилиш

Қўрқув ва хавотир одатда келажакдаги номаълумликдан келиб чиқади. Лекин инсон ҳозирги вақтда яшашни ўрганса, хавотири камаяди.

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтган: «Инсоннинг ҳаёти уч қисмдан иборат: ўтган кунлар – қайтиб келмайди, келажак – номаълум, фақат бугун сенга тегишли. Шунинг учун бугуннинг неъматларидан баҳраманд бўл».


5. Жисмоний ва руҳий соғлиқ уйғунлиги

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга соғлом турмуш тарзини тавсия қилганлар: «Кучли мўмин заиф мўминдан яхшироқ ва Аллоҳга маҳбуброқдир» (Имом Муслим ривояти)

Спорт билан шуғулланиш, етарлича ухлаш ва соғлом овқатланиш ҳам мияни тинчлантиришга ёрдам беради. Бу нарса ҳозирда биз унутган энг катта заруриятлардан биридир. Чунки доимий жисмоний машғулот тананинг бақувват бўлиши билан бирга мияни босимларга чидамли қилади. Етарли даражада ухлаш эса тананинг гормонал ўзгаришларини яхшилайди, қон айланишларини мувозанатлаштириб, тана ва асаб тизимларининг тикланишига ёрдам беради. Тўғри овқатланиш ва табиий озуқаларни истеъмол қилиш, миямиздаги эпифез безининг самарали ишлашига кўмаклашади, зарурий гормонлар ишлаб чиқарилишини назоратда ушлайди.


Хулоса

Қўрқув ва хавотир мияни блоклаб, инсоннинг мантиқий тафаккурини сусайтиради. Аслида мўмин қўрқувга тушиши керакми? Бизнинг энг катта изтиробларимиз бу дунёнинг ташвишларидан, чеки йўқ орзу-ҳавасларимиз ортидан пайдо бўлмоқда. Келажакдан  умидисизликка  тушиш, бугунги кунимизнинг қадрига етмаслигимиз, ўтмишимиздан изтиробга чекишимиз – буларнинг барчаси аслида иймонимиз заифлигидан эмасмикан? Бугунги кунимизда бахтли ҳаётни ваъда қилаётган, бунинг учун ўз тренингларида қатнашишни тарғиб этаётган ва инсонларнинг энг нозик қадрияти – динни ниқоб қилиб, ҳадис ва оятларни ҳеч қандай асоссиз ўз мақсадлари ва тавсияларига боғлашга ҳаракат қилаётган сохта психологлар, қалбшунослар учун бундай заифлик айни муддаодир. Аммо зийрак нигоҳ билан назар солсак, нажот кўз ўнгимиздадир. Аллоҳнинг муқаддас дини бизга бундай ҳолатлардан чиқиш йўлини кўрсатади:

Аллоҳга таваккул қилиш ва Унга дуо қилиш;
Намоз ўқиш ва зикр қилиш;
Шукур қилиш ва бор нарсага қаноат қилиш;
Ўз ҳис-туйғуларини бошқаришни ўрганиш;
Саломатлик ва руҳий хотиржамликка эътибор бериш;
Аллоҳ таоло бизни дунёдаги энг катта бойлик –– иймон ҳаловати билан сийласин! Албатта, У ўта карамли ва саховатли Зотдир.

 

Билолхон Тўйчиев,
Ҳадис илми мактаби ходими.

Мақолалар