Пайғамбар алайҳиссаломнинг завжалари бўлишдек улуғ шарафга эга бўлган оналаримиз ислом дини ривожи ва равнақи учун катта ҳисса қўшганлар. Биргина Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан 2210 та ҳадис ривоят қилганлар. Ушбу ҳадисларда ибодат, муомалот, хусусан, аёлларга тегишли кўплаб фиқҳий масалалар баён қилинган.
Аллоҳ таоло томонидан оналаримиз ҳақида ояти карима ҳам нозил қилинган. Аҳзоб сурасининг 32-34 оятларида шундай дейди:
“Эй, Пайғамбар аёллари! Агар тақводор бўлсангиз, (ўзга) аёлларнинг бирортаси каби эмасдирсиз. Бас, сизлар (номаҳрам эркакларга) майин сўз қилмангиз, акс ҳолда қалбида бузуқлик бўлган кимса (сиздан) тама қилиб қолур. Яхши (тўғри) сўзни сўзлангиз! Ўз уйларингизда қарор топингиз, (кўчага чиққанингизда) илгариги жоҳилият (даври) ясанишидек ясанмангиз! Намозни баркамол адо этингиз, закотни берингиз ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этингиз! Эй, (Пайғамбарнинг) хонадон аҳли! Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни обдон поклашни истайди, холос”.
Ислом тарихига назар солсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам камтарона ҳаёт кечиришни ихтиёр этганларини кўрамиз. Бу имкон йўқлиги ёки ноиложликдан эмас, фақирона кун кўришни афзал билганларидан эди. Агар хоҳласалар бутун дунё зийнатлари оёқлари остида муҳайё қилинарди, лекин буни ихтиёр этмадилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан бир ёстиққа бош қўйган оналаримиз ҳам қандай қийинчилик, машаққат бўлмасин, сабр қилдилар, бу билан барча муслима аёлларга ўрнак бўлдилар. Улар ер юзидаги энг улуғ зот билан бирга оила қуриб яшаётганларини жуда яхши билар эдилар. Уларнинг уйида энг улуғ калом - Қуръон оятлари тушиб турар эди. Оналаримиз нафақат мол-дунёга, айшу ишратга берилмасликда, балки, масъулиятни сезишда ҳам, охиратни бу дунёдан устун қўйишда ҳам бошқалардан фарқ қилишлари лозим эди. Шундай бўлди ҳам. Жамики солиҳа аёлларга намуна ва ибрат бўлиб қолдилар.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
Ойбек МАЪРУПОВ.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Чап қўлни орқага қилган ҳолда, унга суяниб ўтириш жоизми? Ёши катталар бу ишни “ёмон” деб, қайтаришади.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу иш жоиз эмас. Ёши катталар бу ишни бежизга “ёмон” деб, қайтаришмаган. Зеро, бу макруҳ амал саналади. Бу ҳақда Шарид ибн Сувайд исмли саҳобий розияллоҳу анҳу шундай деганлар:
مَرَّ بي رسولُ اللهِ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّم وأنا جالسٌ هكذا وقد وَضَعْتُ يَدِي اليُسْرَى خلفَ ظهري واتَّكَأْتُ على أَلْيَةِ يَدِي فقال أَتَقْعُدُ قَعْدَةَ المغضوبِ عليهم
“Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг олдимдан ўтиб қолдилар. Мен чап қўлимни орқамга қўйиб, қўлимнинг кафтига суяниб ўтирган эдим. Шунда У Зот “Ғазаб қилинганларни ўтириши каби ўтирасанми?”, деб танбеҳ бердилар” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Шунга кўра фақиҳлар “Киши хоҳ бир қўлига суянсин, хоҳ икки қўлига суянсин, фарқи йўқдир. Яъни, ҳар иккала ҳолатда ҳам макруҳ бўлади”, деганлар (“Мирқотул-мафотиҳ” китоби асосида). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.