1944 йили Фарғона туманида туғилган. Ўрта мактабни битирганидан сўнг ҳарбий хизматга чақирилди. Кейин Олтиариқ тумани, Марғилон шаҳридаги турли идораларда хизмат қилди. 1975–79-йиллари Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олий маъҳадида таҳсил олди. Олий маъҳадни битиргач, “Совет Шарқи мусулмонлари” журнали таҳририятида масъул котиб бўлди. 1980–81-йиллари Судан Республикаси Ислом университетида таҳсилни давом эттирди. 1982–2006 йиллари диний идора Фатво бўлими мудири, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида илмий ходим, “Мовароуннаҳр” нашриёти мудири, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси, Тошкент Ислом университети проректори каби масъул лавозимларда хизмат қилди. 2006 йилдан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосаридир.
Шайх Абдулазиз Мансур амалга оширган “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” қайта-қайта нашр қилинди. Устоз “Саҳиҳи Бухорий”ни таржима ва шарҳ қилиб, икки жилдда нашр эттирган. Шайх Абдулазиз Мансур Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида тузилган диний адабиётлар нашри бўйича махсус ҳайъат раисидир.
Шайх Абдулазиз Мансур Халқаро Ислом фиқҳи академияси, Мусулмон олимлари олий ҳайъати аъзоси. Кўплаб мақолалар, китоблар муаллифидир.
Америкалик тарихчи ва журналист Фредерик Стар қаламига мансуб “Йўқолган тамаддун” (Lost Enlightenment) номли ушбу китобда Ўрта Осиё тарихи ва маданиятининг қадим даврлардан Темурийлар давригача бўлган тараққиёти кенг ёритилган.
Айниқса, IX-XII асрларда минтақада кузатилган маданий ва илмий юксалиш жараёнига алоҳида эътибор қаратилган. Ўрта Осиё тарихнинг ҳар бир даврида дунё тамаддунининг бешикларидан бири бўлиб келганига урғу берилган.
Муаллиф ўз асарида Ўрта Осиё цивилизациясининг шаклланиш ва ривожланиш босқичларини чуқур таҳлил қилиб, бу минтақанинг жаҳон илм-фани ва маданиятига қўшган улкан ҳиссасини фактлар асосида очиб берган. Аҳмад Фарғоний, Мусо Хоразмий, Абу Наср Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино каби буюк олимларнинг ҳаёти, илмий фаолияти ва маданий мероси хусусида муҳим қарашлар илгари сурилган.
Асар минтақа илм-фани ва маданиятининг муҳим жиҳатларини очиб бериши билан бирга унинг жаҳон тамаддунида тутган ўрнини англашга ҳам ёрдам беради.
Китобни нашрга тайёрлаш жараёнида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси кўмагида муаллиф билан мулоқот ўтказилиб, расмий нашр учун розилик олинди.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр этиладиган китобни Ўзбекистондаги барча таълим муассасаларига тарқатиш кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, “Йўқолган тамаддун” асари илмий жамоатчилик баробарида Ўрта Осиё тарихи ва маданиятига қизиқувчи барча китобхонлар учун муҳим ва фойдали манба сифатида хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА