Аллоҳ таоло дунёдаги жамики миллатларни бир ота-онадан яратганини билдириб: «Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир», деган (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Ўзгаларга нисбатан фикр, ўйларимизда гина ва нафратда бўлиш ўзимизга зарардир. Баъзида инсонларнинг қилган ишидан хафа бўламиз-да, у қилган хатони такрорлаб қўямиз? Бу билан биз бир қадам орқага кетган бўламиз. Инсон ўз жаҳлини тия оладиган даражада кучли бўлсагина ўзи ва ўзгаларга яхшиликда бардавом бўлади.
Кимлардир мол-дунёси, насл-насаби, миллати билан такаббурланиб, ўзини бошқалардан устун қўйиб мақтанади. Аслида эса улар тупроқдан яратилганини унутади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифда: “Аллоҳ таоло бандаларининг мол-дунёсига, кийган кийимига эмас, пок қалбига ва қилаётган амалларига қарайди”, деганлар.
Ҳар бир қилган хатти-ҳаракатимизни кўриб, ёзиб турувчилар бор. Охиратда савол-жавоб бўлади. Бир-биримизга азоб бериб, бировни камситиб, хато қилганимиз билан яхшиликка эришиб бўлмайди.
Мана бир мисол, мактаб ҳамда ишхоналарга кузатув камералари ўрнатилган. Одамлар ўша камералардан хавфсираб тартиб-интизомга риоя қилади. Қўйилган камералар ўз натижаларини бермоқда. Мактаб ўқувчилари сўзлаётган сўзларида, хатти-ҳаракатларида чегарадан чиқармасликка уринмоқда, ўзларини одоб доирасида тутишга ҳаракат қилмоқда. Бунга қўлдан ясалган жонсиз камера сабаб.
Аллоҳ таоло икки елкамизга фаришталарни қилаётган яхши ва ёмон амалларимизни ёзиш учун масъул қилиб қўйган экан нега ўзимизни тузатмаймиз, уялмаймиз, гуноҳ ишлардан қайтмаймиз? Ахир ўз омонлигимиз ва охиратимиз учун ҳам тўғри йўлдан адашмаслигимиз керак эмасми?
Аллоҳ таоло: «Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Албатта, у сизларга аниқ душмандир» (Бақара сураси, 208-оят), деб огоҳлантирган.
Сал нарсага асабийлашиш инсонни ҳар томонлама заиф ва бемор қилади. Кичкина нарсаларга ҳам жиддий эътироз ва норозилик тана ҳужайраларининг бир-бири билан кескин реакцияларини вужудга келтиради. Бу эса инсондаги илғор фикр ва ғояларнинг йўқолишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло яратган махлуқотлар орасида Инсон ажойиб мўъжизадир. Ҳар бир соғлом инсон онгида юқори салоҳият, ихтирочилик ҳамда комиллик юзага келади. Дангасалик, эринчоқлик бизни йўлимиздан тўхтатиб қўяди ёки орқага тортади. Дунёвий билимларни диний билимлар билан уйғунлаштириб, ўрганиб, ҳаётга тадбиқ этсак, кўзлаган мақсадимизга адашмасдан етамиз, ИНШОАЛЛОҲ.
ХУМОРБЕГИМ
Cавол: Қурбонлик қилмоқчи бўлган одам 10 кунгача тирноқ, соч ва соқолини олмасин, деган гапнинг шариатимизда ҳукми қандай?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шариатимизда Зулҳижжа ойи киргандан бошлаб токи қурбонлик қилгунча киши соч ва тирноқларини олмаслиги шарт қилинмаган. Балки бу – ихтиёрий бўлган мубоҳ ишдир.
Мана шу ўн кунда бошқа кунларда бажарадиган баъзи одатий амалларимизни бажармасликка тарғиб қиладиган кишилар, ўз гапларини ушбу ҳадис билан қувватлайдилар. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:
“Қачон Зулҳижжанинг аввалги ўн куни бошланса ва бирортангиз қурбонлик қилмоқчи бўлса, соч ва соқолига тегмасин (олмасин)”, бошқа ривоятда “Соч ва тирноқ олмасин”, яна бошқа бир ривоятда эса “Ким Зулҳижжанинг ҳилолини кўрса ва қурбонлик қилмоқчи бўлса сочи ва тирноғини олмасин” (Имом Муслим ривояти).
Бу мавзуда улуғ Ҳанафий олим Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар:
“Баъзи аҳли илмлар бу ҳадис (ҳукми)га юрадилар. Уни маҳкам тутиб, (амал қилиш учун) асос қилиб олишади. Бошқа уламолар эса ўзгача йўл тутадилар ва бундай дейдилар: “Зулҳижжанинг аввалги ўн кунида қурбонлик қилишни ният қилган ва ният қилмаганлар учун соч ва тирноқларини олишда ҳеч қандай зарар (гуноҳ) йўқ”. Улар бу тўғрисида “Ҳаж китоби”да келтирган ҳадисимизни ҳужжат қиладилар: Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳадий (қурбонлик учун аталган ҳайвон)ларига қурбонлик белгиларини боғлар эдим. У зот қурбонликларини (Макка шаҳрига) жўнатар ва биз билан (Мадина шаҳрида) ҳалол (яъни, эҳромсиз) турардилар. Эҳромли киши эҳтиёт бўлиши керак бўлган нарсалар (соч ва тирноқ олиш, жинсий алоқа ва ҳаказолар)дан сақланмас эдилар. Одамлар ҳаждан қайтгунча шу ҳолат давом этарди”.
Бу ҳадисда аввалги ҳадисда ман қилинган ишларнинг мубоҳ эканига далил бор. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтган ҳадиснинг бизга етиб келиш йўли Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳоникидан яхшироқ. Чунки Оиша онамизнинг ҳадиси бизга “Мутавотир” ҳолда етиб келган.
Умму Салама онамиздан ривоят қилинган ҳадиснинг бизга етиб келиши эса ундай эмас, балки Имом Моликдан ривоят қилинган ҳадиснинг иснодига таъна етган. Бу ҳадис Пайғамбаримизга етиб бормайди, Умму Саламада тўхтайди, деганлар” (“Шарҳи маъонил осор”)
Имом Таҳовий бу мавзуни ҳадислар билан шарҳлаб бўлгач, масалага бошқа томондан ёндашиб айтадиларки, эҳром – кишига аввал ҳалол бўлган кўп нарсаларни ман қилади. Шуларнинг ичида энг қаттиқ ман қилингани жинсий алоқа бўлиб, у эҳромни бузади. Энди, эҳромда бўлмаган киши қурбонлик қилмоқчи бўлса, у жинсий алоқадан ман қилинмайди. Ундан ман қилинмагандан кейин ўз-ўзидан ундан пастроқ даражадаги иш (соч, тирноқ олиш)лардан ман қилинмайди. Мана шу – Имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимнинг сўзидир.
Муҳаққиқ аллома Мулла Алий Қорий раҳимаҳуллоҳ бу масалада бундай дейдилар: «Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Бу иш – мубоҳ бўлиб, (соч, тирноқни олиш) макруҳ ҳам эмас, (уларни олмаслик) мустаҳаб ҳам эмас”» (“Мирқотул Мафотиҳ”).
Демак, қурбонлик қилмоқчи бўлган шахс модомики эҳромда эмас экан соч-соқолини, тирноғини олишида ҳеч қандай гуноҳ йўқ, балки бу – ихтиёрий бир амалдир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази